01:45 / 02.04.2020
42349

Пентагон АҚШ флотининг байроқдор кемасидан ёрдам сигналини олди. Унда 100 денгизчи коронавирусга чалинган

АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг «Теодор Рузвельт» авиаташувчи кемаси капитани Пентагонга экипажни қутқаришда зудлик билан ёрдам беришни сўраб шошилинч хабар юборди. Гап шундаки, кемада коронавирус тарқалиши авж олмоқда. 

Фото: Getty Images

Кемада коронавирусга текширилган ўнлаб ҳарбийларда вирус борлиги аниқланган. Яқин орада 4 мингдан кўпроқ кишидан иборат экипажнинг катта қисми вирус юқтириб олиши мумкин.

“Биз урушдамасмиз. Денгизчилар ҳалок бўлмаслиги керак”, деб ёзган кема капитани Бретт Крозье АҚШ мудофаа вазирлигига юборган рапортида. Капитан бутун экипажни карантинга қўйиш лозим, деб ҳисобламоқда. Бироқ унинг таъкидлашича, кемада кичик каюталарда яшовчи катта сондаги денгизчилар борлиги сабабли касалланганларни изоляция қилиш имконсиз.

Капитан кемада вирус тарқалиши тезлашаёганидан огоҳлантириб, қатъий чоралар кўрилишини талаб қилган. Унинг таъкидлашича, атом авиаташувчи кемасидаги денгизчиларни эвакуация қилиш ва бир неча ҳафтага изоляциялаш сўнгги чора ҳисобланади, бироқ у зарурдир.

Тинч океани флоти қўмондони адмирал Жон Аквилино денгизчилардан ҳеч ким госпитализация қилинмагани ва оғир аҳволда эмаслигини маълум қилганига   қарамай, кема экипажининг хавфсизлиги ва соғлом қолишини таъминлаш учун тезкор чоралар кўрилаётгани айтилган. АҚШ ҳарбий-денгиз кучларининг собиқ адмирали Жеймс Ставридис эса яқин орада АҚШ флотини шунга ўхшаш кўплаб воқеалар кутаётганидан огоҳлантирган, чунки ҳарбий кемалар “коронавирус тарқалиши учун идеал муҳит” ҳисобланади.

BBC телеканалининг хабар беришича, кемада коронавирусга чалинганлар сони ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. 27 март куни коронавирус 25 денгизчида қайд қилингани маълум қилинган. Сўнгра кема раҳбарияти бутун экипажни коронавирусга текширган. Шундан кейин неча кишида вирус аниқлангани маълум қилинмаган. San Francisco Chronicle нашрининг ёзишича, коронавирус кемадаги 100 дан кўпроқ денгизчида тасдиқланган.

CNN телекомпанияси эса реал маълумотларни энди олиб бўлмаслигини айтган, чунки кемада коронавирусга чалинганлар сони кескин ортса, Пентагон АҚШ флотининг байроқдор кемаси эҳтимолий душманлар, биринчи навбатда Хитой ва Шимолий Корея кўз ўнгида заиф бўлиб кўринмаслиги учун бундай статистикани махфийлаштириши лозим бўлади.

Бу орада Пентагоннинг яна бир вакили CNN’га АҚШ флотининг яна бир авиаташувчи кемаси – USS Ronald Reagan’да ҳам коронавирус авж олаётганини маълум қилган. Ушбу кемадаги бир гуруҳ денгизчиларда вирусга тестлар ижобий натижа берган.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top