22:28 / 05.04.2020
17208

Бегоналар билан гаплашиш тақиқланган макон: «Уста ва Маргарита» воқеалари бошланган хиёбондан фоторепортаж

«Баҳор кунларининг бирида, дим оқшом чоғида, Москвадаги Патриарх кўли хиёбонида икки киши пайдо бўлди...». Бу жумлалар билан қайси машҳур асар бошланишини эслагандирсиз. Ҳа, рус адабиётининг забардаст вакили Михаил Булгаковнинг «Уста ва Маргарита» асари. Бугун мана шу ўлмас асарни эслашга қарор қилдик.

Гётенинг Фауст асаридан таъсирланиб ёзилган бу роман жаҳон адабиётининг ўлмас асарлари қаторида тилга олинади. Романнинг бош ғояси — эътиқод. Унда Яратганнинг борлигини рад этадиган жамият таназзулга юз тутиши маҳорат билан ҳикоя қилинган.

Асар воқеалари Москвадаги Патриарх кўлида бошланади. Инсон кўринишида Ерга тушган иблис хиёбонда икки ижодкор (Михаил Берлиоз ва Иван Бездомний) Исо алайҳиссалом аслида умуман мавжуд бўлмагани ҳақида гаплашаётганини эшитиб қолади ва улар билан баҳсга киришади. Ўзини Воланд шарифли тарихчи ва сеҳр-жоду бўйича мутахассис сифатида таништирган иблис хотиржамлик билан ижодкорларни мот қилади:

— Суҳбатингиз мавзуси менга қизиқ туюлди. Қўшилсам майлими?

— Марҳамат, — дейишади ёзувчилар бегона одамнинг қўрслигидан ажабланиб.

— Тўғри эшитган бўлсам, сиз ҳозиргина Исо (а.с) дунёга келмаган деб айтдингизми?

— Ҳа, айнан шундай дедик.

— Синчковлик учун узр, сиз ҳали Худонинг борлигига ҳам ишонмассиз? Ишонинг, бу гапингизни сир сақлашга сўз бераман.

— Ҳа, биз Худога ишонмаймиз ва бу ҳақда бемалол ошкора гапириш мумкин.

— Воажаб! Унда, айтинг-чи, Худо бўлмаса, дунёни ким бошқармоқда?

— Инсоннинг ўзи, табиийки.

— Ия, ўзини-ўзи бошқара олмайдиган инсон қанақасига дунёни бошқариши мумкин? Бу учун камида минг йиллик режа керак-ку?! Сиз, масалан, бугун кечаси нима қилишингизни билмайсиз.

— Нега энди, биламан. Ҳозир уйга бораман, кейин кечаси МАССОЛИТда мажлис бор, мен унда раислик қиламан. Агар бошимга ғишт тушиб кетмаса, — деб кулади Берлиоз.

— Кечирасиз, ғишт ҳеч қачон сабабсиз бировнинг бошига тушмайди. Кейин сиз, қўрқманг, бошингизга ғишт тушиб ўлмайсиз.

— Қандай ўламан сир бўлмаса?

— Бошингизни олишади. Бу ишни рус қизи қилади...

Хуллас, бу муҳокама охирида Худо йўқлигини исботлашга уринган Берлиоз сирпаниб трамвай йўлига йиқилади ва ғилдирак унинг бошини кесиб кетади. Трамвай рулида эса аёл киши бўлади... Шу тариқа иблиснинг илк башорати тўғри чиқиб у «Москванинг оёғини осмондан қилишни бошлайди».

Асарнинг бош қаҳрамонлари Уста ва Маргарита кейинроқ пайдо бўлишади, аммо улар ҳақида айтиб бермоқчи эмасмиз. Ўта реал тарзда тасвирланган фантастика, ақл бовар қилмас ишқ қиссаси, кети кўринмайдиган ижтимоий муаммолар I ва ХХ асрдаги воқеалар паралеллиги маҳорат билан ҳикоя қилинган «Уста ва Маргарита» романини карантин вақтида ўқиб чиқишингизни тавсия қиламиз. Ишонинг, бу асар шунчалик қизиқарлики, уни ўқишга киришсангиз, бошингизни кўтара олмай қоласиз.

Москвага хизмат сафаримиз вақтида «Уста ва Маргарита» воқеалари бошланган ўша машҳур Патриарх кўлига бордик. У ердан репортаж тайёрладикки, суратларни кўриб романни мутолаа қилган ўқувчиларимиз бир лаҳза бўлса-да китоб воқеаларининг ичига киргандек ҳиссиёт туйишсин.

«Уста ва Маргарита» романи жуда тез машҳурликка эришади. Ундаги ҳар бир деталь асар мухлислари орасида муҳокама қилинади. Масалан, қора мушук кўрганлар бевосита романдаги Бегемотни эслайди. Булгаковнинг уй музейида ҳам айнан Бегемот «шарафига» қора мушук сақланади. Уни минглаб қора мушуклар орасидан саралаб олишган.

Асар сабаб Патриарх кўли ва унинг олдидаги хиёбон ҳам машҳур бўлиб кетади. Хиёбонда «Бегоналар билан гаплашиш тақиқланади» ёзувли белги ҳам пайдо бўлади. Бу ажойиб белгини хиёбонни икки айланиб ҳам топа олмадик, кейин билсак уни ўғирлаб кетишган экан. Балки ҳозир жойига қўйишгандир. Россияликларнинг айтишича, бу хиёбонда романдаги кайфият сақланиб қолган. У ерга борган одам қандайдир жиддий тортиб, мулоҳазага ботади.

1999 йил Михаил Булгаковнинг бой мухлисларидан бири Патриарх хиёбонида адибнинг ҳайкалини ўрнатишга рухсат олиб танлов эълон қилади. Аммо одамларнинг норозилиги сабаб ёдкорлик ўрнатилмайди. Шундай бўлса-да, бу хиёбон халқ орасида Булгаков хиёбони деб аталади.

Бу Москвадаги энг намунали дам оладиган жойлардан бири. У ер доим тозалаб турилади ва кўлда балиқ, оққушлар яшайди. Хиёбонда китобхонлар бурчаги ташкил қилинган ва одамлар у ерга китоб қўйиб кетишлари, мавжуд китобларни ўқишлари мумкин. Шунингдек, шахмат мухлислари учун ҳам махсус жой бор.

Қишда кўл атрофида табиий муз йўлакчаси ташкил қилинади. У ерда конки ижарага олиб учишингиз мумкин. 1900 йилдан буён давом этиб келаётган бу анъана ҳақида Лев Толстой ҳам ўз хотираларида айтган. Москвага йўлингиз тушса, албатта Патриарх хиёбонига боринг. Дарвоқе, карантин вақтида «Уста ва Маргарита»ни ўқишни унутманг...

Суратлар муаллифи: Раҳматилло Исроилов
Матн муаллифи: Ўткир Жалолхонов

Top