16:34 / 14.04.2020
46023

«Жиззахда пиёз экканмиз. Боришнинг иложи бўлмаяпти» – Бешариқлик деҳқонлар муаммоси

Водий вилоятларида аҳоли зич яшайди. Халқи миришкор, лекин деҳқончилик учун ер оз. Шунинг учун минтақада  ҳосил олиш учун яроқли ҳар бир қарич ер ҳисобли. Фарғона, Андижон ва Наманган вилоятларида яшайдиган кўплаб миришкорлар тирикчилик учун воҳа томонларга бориб ер олиб, сабзавот экишади. Яхши даромад ҳам қилишади.

Kun.uz сайти таҳририятига Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани Ропқон қишлоғилик деҳқонлар мурожаат қилишди. Улар узоқ йиллардан бери Жиззах вилоятининг Зомин туманида ер олиб, асосан пиёз етиштиришар экан. Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси хавфи юзага келиб, карантин эълон қилингач, йўллар беркилиб, бешариқлик деҳқонлар экиб қўйган пиёзларини парвариш қилгани Жиззах томонга бора олмай қолишган. 

Ропқонлик Бахтиёр Абдуллаев телефон орқали деҳқонлар учун ташвишли бўлган ҳолат ҳақида гапирди.

«Бизнинг Бешариқ тумани Ропқон қишлоғида яшовчи юзлаб деҳқонлар Жиззах ва Тошкент вилоятларида пиёз экиб рўзғор тебратади. Карантин пайтида ўша деҳқонларнинг ҳар икки вилоятга бориб келиши муаммога айланди. Ўтган йилнинг декабрь, шу йилнинг январь ойларида Зомин туманининг Иттифоқ ҳудудига 5 гектар «тўқсонбости» пиёз экиб келганман. Маҳалладошларимдан Юсуфжон Ўсаров, Қобилжон Боқиев менинг ёнимдаги ерларга 4 гектардан, Равшан Рафиқов эса 2 гектар ерга пиёз қадаган эди.

Бешариқдан камида 350-400 деҳқон Жиззахнинг турли жойларига худди биз сингари «тўқсонбости» пиёз эккан. Бошқа туманларда ҳам воҳа томонларга бориб деҳқончилик қиладиганлар кўп. Айни пайтда нима қилишимизни билмай ўйланиб қолдик», дейди у.

Деҳқон ер майдонларининг суратларини юборган.

«Ҳозир айни пиёзга ишлов берадиган пайт. Яна бир ой кечиксак, ҳосил барбод бўлади.

Мана шу биз етиштираётган пиёз кейинги йилнинг апрелигача истеъмол қилинади. Агар биз учун йўллар очилиб, Жиззах вилояти ва Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳри атрофидаги ерларимизга бора олмасак, минглаб гектарга пиёз ҳосили нобуд бўлади. Бунинг оқибатида кейинги йил бозорда пиёзнинг нархи қиммат бўлиб кетиши аниқ.

Мутасаддилардан биз деҳқонларга карантин қоидаларига риоя этган ҳолда Жиззах ва Тошкент вилоятларига бориб-келишимизга рухсат беришларини сўрар эдик», дейди Бахтиёр Абдуллаев.

Бугунги кунда Ўзбекистонда ҳар бир хонадоннинг мавжуд томорқасидаги ер майдони бўш қолмаслигига катта эътибор қаратиляпти. Чунки, суғориш, экин парвариш қилиш имконияти бўлган жойга деҳқончилик қилиб ҳосил олинса, бозорларимиз ва дастурхонимиз тўкин бўлиши тайин.

Юқоридаги мурожаатдан маълум бўлдики, бешариқлик деҳқонларнинг муаммоси ҳал қилинмаса, бу ҳолат кейинги йил бозорларимиздаги нархларга таъсир ўтказади. Ачинарлиси, минглаб гектар ер майдони бўш қолиши мумкин.

Ҳар қандай муаммонинг ечимини топишга астойдил киришилса, чораси топилади.

Ўйлаймизки, мавжуд масала Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва унинг Фарғона ва Жиззах вилоятларидаги бошқармалари томонидан атрофлича ўрганиб чиқилади ва ҳал этилади.

Kun.uz сайти водий вилоятлари мухбири Элмурод Эрматов

Top