17:48 / 17.04.2020
8369

«Биз билан бўлганингиз учун раҳмат» - «Ҳумо» 2020-2021 йилги мавсумда иштирок этмаслигини эълон қилди

Тошкентнинг «Ҳумо» хоккей жамоаси клуб расмий сайти орқали баёнот билан чиқди.

Фото: Ҳумо хоккей жамоаси

«Азиз мухлислар, азиз дўстлар!

«Ҳумо» хоккей клуби коллективи сизларга катта ҳурмат ва алангали муҳаббатимизни изҳор этмоқчимиз. Биз қисқа вақт ичида нафақат клуб тузишга, ўттиз йилликдан кейин хоккейни тиклашга, клубни олий хоккей лигаси пешқадамлари сафига қўшишга муваффақ бўлдик. Албатта, буларнинг барчасини биргаликда қилдик!

Бу вақт мобайнида уч марта ОХЛ мавсумида томошабинлар сони бўйича рекордни янгиладик, плей-оффга босқичида имкониятимиз бор эди, медиа соҳасида нафақат маҳаллий, балки халқаро майдонда эътиборга эришдик.

Ҳозирда бутун дунё коронавирус пандемияси билан боғлиқ синовли дамларни бошдан кечирмоқда. Пандемияга қарши кураш чоралари муносабати билан дунёнинг деярли барча мамлакатлари мисли кўрилмаган чеклаш чораларини кўрдилар. Чегаралар ёпилди ва ҳаво, темир йўл ёки автомобил йўли орқали алоқалар мавжуд эмас. Вируснинг тарқалиш кўлами ва коронавируснинг инсон ҳаёти ва соғлиғига хавфини инобатга олган ҳолда, мавсум олдидан тайёргарликнинг ва ОХЛ чемпионатининг бошланиш вақти тўғрисида аниқ тасаввур бўлмагани, қолаверса, унинг қай тарзда ўтказилиши ноаниқлигини ҳисобга олган ҳолда клуб раҳбарияти «Ҳумо» хоккей клуби ОХЛ ва ҚРО чемпионатлари 2020-2021 мавсумида қатнашмасликка қарор қилди.

Бизни тўғри тушунишингизга умид қилиб, лойиҳада иштирок этганларнинг барчасига Ўзбекистондаги хоккейни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси ва қисқа танаффусдан сўнг албатта давом этадиган ёрқин лойиҳани амалга оширганликлари учун ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз. Россия Хоккей Федерациясига ва Олий Лигасига алоҳида ташаккуримизни изҳор этамиз. Биз мавсум давомида уларнинг қўллаб-қувватлашини сезиб турдик. Турнирнинг ташкилий ишлари энг юқори баҳога лойиқ.

Ҳар бирингизнинг хоккей ва албатта «Ҳумо» клубига бўлган меҳрингизни тушунган ҳолда мўъжизавий хоккей оламига сизни тезроқ қайтариш учун қўлимиздан келган барча имкониятларни ишга соламиз.

Барча хоккей мухлисларига ҳурмат ва эҳтиром билан сизни тез орада кўриш умидида, «Ҳумо» хоккей клуби» - дейилади клуб расмий баёнотида.

Клуб ушбу баёнотни «Биз билан бўлганингиз учун раҳмат» сарлавҳаси остида эълон қилган.

Мавзуга оид
Top