09:00 / 18.04.2020
71578

Қуйи Чирчиқдаги намунавий уйда рўй берган мудҳиш портлаш воқеаси бўйича тергов якунланди

2019 йил 11 ноябрь куни Қуйи Чирчиқ туманининг «Сурум» маҳалласидаги намунали уй портлаши оқибатида бир оиланинг 3 аъзоси вафот этди ва 3 киши бутун умрга мажруҳ бўлиб қолди. Kun.uz`га маълум бўлишича, фожиа масъул идораларнинг бепарволиги оқибатида содир бўлган.

Фото: Тергов департаменти

Тергов натижасида жами олти нафар шахс жиноят ишига айбланувчи тариқасида жалб этилган.

Иш тафсилотларига кўра, 2019 йил 11 ноябрь куни соат 08:30ларда Қуйи Чирчиқ тумани «Сурум» маҳалласида жойлашган фуқаро Р.Каримовга тегишли бўлган 1-сонли намунавий уйдан 47,5 метр масофада ер остидан ўтган юқори босимли газ қувури тешилиб, ундан сизиб чиқаётган табиий газ ер ости бўйлаб Р.Каримовнинг хонадонига тарқалиб, Х.Пирназарова газ плитасини ёқиш учун гугурт ёққанда газ чақнаши оқибатида кучли портлаш юз берган.

Портлаш оқибатида уйнинг деворлари ва том қисми (бетон плиталар) қулаб тушган.

Фото: Тергов департаменти

Оқибатда хонадон эгаси Р.Каримов ва унинг онаси М.Қиличовалар оғир тан жароҳатлари олиб воқеа жойида вафот этишган. Оиланинг 10 ёшли фарзанди Б.Каримов куйиш тан жароҳатлари билан 49 кундан сўнг касалхонада жон берган.

Бир вақтнинг ўзида турмуш ўртоғи, қайнонаси ва фарзандидан айрилган Х.Пирназарованинг ўзи, 4 ва 1 яшар қизлари бутун умрга мажруҳ бўлиб қолди.

Ҳодиса юзасидан 13 ноябрь куни Қуйи Чирчиқ туман прокурори томонидан Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўлган қурилиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) ва 207-моддаси 3-қисми «а» банди (одам ўлимига сабаб бўлган мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Тошкент вилояти прокуратураси ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан иш бўйича олиб борилган дастлабки тергов ҳаракатлари 6 нафар шахсни айблаш тўғрисидаги хулоса билан ниҳоясига етди.

Айбланаётганларнинг икки нафари – ички ишлар органлари ходимларидир.

Аниқланишича, мудҳиш ҳодисадан бир кун аввал, 10 ноябрь куни соат 07:00ларда фуқаро Қ.М. фуқаро Х.Пирназаровага тегишли савдо дўконининг ҳожатхонасига кириб, тамаки чекишга ёндиргич ёққан вақтида сизиб чиққан табиий газдан газ чақнаши содир бўлиб, оқибатда Қ.М. куйиш тан жароҳатлари билан касалхонага ётқизилган. Бу ҳолат юзасидан туман ИИБ навбатчилик қисмига хабар берилган бўлиб, ҳодиса жойига туман ИИБ ҲПБ профилактика инспектори (айбланувчи) Н.Н. чиқиши лозим бўлган. Бироқ у ҳодиса жойига бормаган. Қ.М. тан жароҳатлари олгани сабаблари тезкор аниқланмасдан ва бартараф этиш чоралари кўрилмасдан қолиши натижасида 11 ноябрь кунги фожиа юз берган.

Иш бўйича терговга тортилган ва айбланаётганлардан яна бири «Global Trans Qurilish Montaj» МЧЖ раҳбари Ғ.Т. бўлиб, у раҳбарлик қилган қурилиш корхонаси «Mega Oil Biznes» МЧЖнинг автомобилларга сиқилган табиий газ сотиш шоҳобчасига ер остидан газ тармоғини ўтказиш ишларини бажарган. У газ соҳасига оид муносабатларни тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларига риоя этмасдан, буюртмачининг газ тармоғи қурилишини 2017 йил апрель ойида бошлаб, қурилишнинг техник назоратини олиб боришга газ соҳаси бўйича махсус билим ва малакага эга бўлган мутахассисни бириктирмасдан, аксинча газ соҳаси ва газ тармоқлари қурилиши юзасидан саводга эга бўлмаган ўзининг жиянини бириктириб, кейинчалик ер остига полиэтилен газ қувурларини жойлаштириш ва уларни кўмиш жараёнида «Шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг Газ таъминоти, Лойиҳа меъёрлари» талабларини бажармаган.

Яъни, ер ости газ қувурларини кўмишдан олдин ушбу газ қувурининг остига 10 см. қалинликдаги юмшоқ қумдан тўшама, кейин қувурнинг устидан йўлдош изоляциялик сим (газ қувурининг жойлашиши ва чуқурлигини махсус прибор ёрдамида аниқлаш мақсадида), унинг устидан 15-20 см. қалинликдаги юмшоқ қум билан атрофлари тўлиқ кўмилиши, шу билан бирга қувурнинг кўмилган қисмидан 30 см. бошқа турдаги тупроқ аралашмалари билан кўмилганидан сўнг, устидан «газ хавфли» деб ёзилган лента ташлаб кўмилиши шарт, деб кўрсатилган талаблар бажарилмаган.

Шунингдек, мазкур газ тармоғи хавфли ишлаб чиқариш саноат объекти бўлгани ҳолда келгусида инсонлар ҳаёти ёки саломатлиги учун хавф солиши мумкинлигини ҳисобга олмасдан туриб, уни қабул қилиш ва фойдаланишга топшириш тўғрисидаги далолатнома тузилишига эришган.

Тошкент шаҳар бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалининг Бошқарув аппарати «Мукаммал қурилиш ва мукаммал таъмирлаш» хизмати етакчи муҳандиси ҳамда филиалнинг Табиий газ билан таъминлаш ва фойдаланиш бўйича бошлиқ ўринбосари-бош муҳандиси лавозимида мансабдор шахс сифатида ишлаб келган М.С. бевосита касбига оид муносабатларни тартибга солувчи амалдаги қонун ҳужжатларга риоя этмасдан, ер остига полиэтилен газ қувурларини жойлаштириш ва уларни кўмиш жараёнида тегишли қоидалар талаби бажарилганини амалда текшириш чораларини кўрмасдан, «Global Trans Qurilish Montaj» томонидан «Mega Oil Biznes» МЧЖнинг автомобилларга сиқилган табиий газ сотиш шоҳобчасига ер остидан ётқизилган полиэтилен газ қувурларини синовдан ўтказиш жараёнида бевосита иштирок этмагани ҳолда тегишли синов далолатномасини имзолаб берган.

«Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси Тошкент шаҳар ҳудудий инспекцияси бош мутахассиси Ш.Б. ер остига полиэтилен газ қувурларини жойлаштириш ва уларни кўмиш жараёнида ШНҚ 2.04.08-13 қоидалари талаби қўпол равишда бузилганини назорат тартибида текширмасдан туриб, мазкур газ тармоғини қабул қилиш ва фойдаланишга топшириш тўғрисидаги 09.08.2017 йилдаги далолатномани имзолаб берган.

Тошкент вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи М.А. касбига оид вазифа ҳамда мажбуриятларини виждонан бажармасдан, «Mega Oil Biznes» МЧЖнинг газ тармоғига «Trans Gaz Loyiha» МЧЖ томонидан ишлаб чиқилган лойиҳа ҳужжатлари 11.09.2017 йилда Тошкент вилояти бўйича ҳудудий газ таъминоти филиалидан 4151-рақами билан қайд этилиб, кейинги ўринда газ тармоғининг қурилишига рухсат берилиши мумкинлиги ҳақидаги тартибларга амал қилинишини текширмаган.

М.А., шунингдек, қоидага кўра, 10 кунлик муддатда истеъмолчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларнинг газ соҳасига оид қонуности нормалари талабларига тўғрилигини текшириш, шу билан бирга, газ тармоғининг қурилиши якунлангани бўйича қурилиш объектида техник назорат тўғри ўтказилганини текшириш чораларини кўрмасдан, аслида қурилиши энди бошланиши лозим бўлган газ тармоғининг «Бинокор» ГТС саноат тармоғига уланиб, синов-созлаш ишларини бажариш учун 12.09.2017 йилдаги 001-сонли рухсатномани асоссиз бериб юборган.

Юқоридагиларга кўра тергов органи томонидан:

1) Қуйи Чирчиқ туман ИИБ ҲПБ профилактика инспектори Н.Н. Жиноят кодексининг 230-1-моддаси 2-қисми «а» банди, 241-1-моддаси 2-қисми «б» банди ва 207-моддаси 3-қисми «а» билан айбланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган;

2) Қуйи Чирчиқ туман ИИБ 35-сонли ички ишлар бўлинмаси Жиноят қидирув гуруҳи тезкор вакили Ж.М. Жиноят кодексининг 230-1-моддаси 2-қисми «а» банди, 241-1-моддаси 2-қисми «б» банди ва 207-моддаси 3-қисми «а» билан айбланиб, эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган;

3) «Global Trans Qurilish Montaj» МЧЖ раҳбари Ғ.Т. Жиноят кодексининг 258-моддаси 2-қисми «а,б» бандлари билан айбланиб, гаров эҳтиёт чораси қўлланилган;

4) Тошкент шаҳар бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали ходими М.С. Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 4-қисми «а,б» бандлари билан айбланиб, гаров эҳтиёт чораси қўлланилган;

5) «Саноатконтехназорат» Давлат инспекцияси Тошкент шаҳар ҳудудий инспекциясининг бош мутахассиси Ш.Б. Жиноят кодексининг 207-моддаси 3-қисми «а» банди билан айбланиб, гаров эҳтиёт чораси қўлланилган;

6) Тошкент вилояти бўйича газ таъминоти ҳудудий филиалининг бошлиғи ўринбосари вазифасини бажарувчи М.А. Жиноят кодексининг 116-моддаси 4-қисми «а,б» бандлари билан айбланиб, гаров эҳтиёт чораси қўлланилган.

Тергов ҳаракатлари якунига кўра, Х.Пирназарованинг уйида содир бўлган газ чақнаши оқибатида, 1-сонли намунавий уйнинг қурилиш конструкцияларига шикаст етиб 579 009 555 сўмлик зарар, шунингдек уйнинг ичида бўлган товар моддий бойликлар ёниб кетиши натижасида 4 199 133 сўм ҳамда фуқаро Б.Юнусовга тегишли 1977 йилда ишлаб чиқарилган «Ваз-2103» русумли автомашинага 6 767 480 сўмлик, жами 589 976 168 сўмлик жуда кўп миқдордаги моддий зарар етказилгани аниқланган.

Жиноят иши доирасида ҳисобланган зарар суммасига жабрланувчи Х.Пирназарова ва унинг икки нафар фарзандлари соғлигига етган зарар, уларнинг даволаниши учун сарфланган ва келгусида сарфланиши лозим бўлган ҳаражатлар киритилмаган.

Бирламчи тиббий хулосаларга кўра, аёл ва фарзандларининг жисмоний ҳолатини қисман тиклаш учун тахминан 300 минг евро миқдорида маблағ талаб қилинар экан. Бир нечта жарроҳлик амалиётини назарда тутувчи бу муолажалар Москва ва Европанинг айрим шаҳарларидагина амалга оширилиши мумкин экан.

Top