07:59 / 20.04.2020
2548

АҚШ ҳукумати кичик бизнесни қўллаб-қувватлашга қўшимча 300 млрд доллар ажратмоқчи

АҚШ ҳукумати пандемия шароитида кичик бизнес корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун яқин кунларда қўшимча 300 млрд доллар ажратишни режалаштирмоқда.  

Бундай баёнот билан 19 апрелда АҚШ молия вазири Стивен Мнучин чиқиш қилди.

“Биз АҚШ конгресси яқин орада қўшимча маблағлар ажратишни маъқуллашига умид қилмоқдамиз. Ҳисоб-китобларимизга кўра, 300 млрд доллар займларни деярли ҳамма олиши учун етиши керак”, деб айтган Мнучин. 

“Ўйлашимча, биз бу борада келишувга эришамиз, Сенат эса уни эртага, вакиллар палатаси эса сешанба куни маъқуллайди. Чоршанбадан эса биз кичик бизнес корхоналарига займлар беришни давом эттирамиз”, деб қўшимча қилган молия вазири.  

АҚШ президенти Дональд Трамп 27 март куни пандемия оқибатларини енгишга ва иқтисодиётни рағбатлантиришга қаратилган 2 трлн доллардан ошиқроқ қийматдаги чоралар ҳақидаги қонунни имзолаганди. Қонун ишсизлик бўйича нафақалар тўланиши, шифохоналарга ёрдам берилиши, бизнесга ва бутун тармоқларга кўмак кўрсатилишини кўзда тутади. 350 млрд доллардан кўпроқ маблағ кичик бизнесга кредитлар ажратишга йўналтирилган. Агар бу маблағлар ходимларга маош беришга ёки ипотека кредитлари ва ижара ҳақи тўлашга сарфланса, давлатга қайтарилмайди. 16 апрелда бу маблағларнинг барчаси сарфлаб бўлинган. 

Top