18:18 / 23.04.2020
17111

Президент мактаби ўқувчиси ва ўзи контракт тўлаётган талаба – #uydatalimolyapman лойиҳасига мактублар

#uydatalimolyapman лойиҳасининг навбатдаги иштирокчилари – Тошкент шаҳрида жойлашган Президент мактабининг 9-синф ўқувчиси Мақсадбек Файзуллаев ва Гулистон давлат университети талабаси Исмоил Мамаждонов.

«Google classroom орқали дарс ўтяпмиз»

– Мен – Мақсадбек Файзуллаев – Тошкент шаҳрида жойлашган Президент мактабининг 9-синф ўқувчисиман.

Мақсадбек Файзуллаев

Одатда, Президент мактаблари ўқувчилари мактабнинг ўзидаги ётоқхонада яшайдилар. Бу эса биздан кун давомида маълум тартиб-қоидаларга амал қилишни талаб қилади.

Мактабда ҳар куни эрта туриб, бадантарбия қилган бўлсак, ҳозир уйда ҳам шу тартибга амал қилишга ҳаракат қиляпман.

Ҳозир карантин бўлгани сабабли устозларимиз дарсларни онлайн –Google classroom орқали ўтишяпти.

Мактабда дарс бошланиш вақтига компьютер ёнига ўтираман ва Google classroom орқали одатий дарс жадвали асосида фанларимиз ўтилади.

Саҳифага устозлар ўқувчилар учун мавзуни тушунтириб берувчи тақдимот, видео ва маълумотлар жойлайди. Дарс вақти сўнгида уйга вазифа учун топшириқлар юборилади.

Бизда асосий фанлар – биология, математика, физика, информатика каби фанлар тўлиқ инглиз тилида ўтилади. Бу менга кўпроқ изланишим кераклигини кўрсатади.

Дарслар тугагач, ижтимоий тармоқлардаги турли интеллектуал соҳага йўналган гуруҳларни, каналларни ҳам кузатяпман: саволларга жавоб топишда фаол бўлишга ҳаракат қиламан. «Заковат» интеллектуал ўйинларида қатнашяпман.

Шундан сўнг китоб ўқиш учун алоҳида бир ярим соат вақт ажратаман. Кечки пайт эса, албатта, ҳужжатли фильм томоша қиламан ёки ўзим қизиққан мавзуларда видеоқўлланмалардан керакли билимларни олишга ҳаракат қиламан.

Мактабда дарс қилганда барибир иштиёқ юқори бўлади, чунки ўқитувчилар ҳам доим кўмак бериб туришади. Лекин мустақил тарзда ҳам дарс қилиш ва қатъий кун тартибига амал қилиш ҳам мумкин.

Гулистон давлат университети педагогика-психология йўналиши 3-босқич талабаси Исмоил Мамаджонов:

Исмоил Мамаджонов

– Мен айни пайтда талабаман. Бошқалар қатори масофавий тарзда таълим оляпман. Менимча, айни вазият ёшларнинг ўз устида ишлаши учун қўшимча вақт яратиб берди. Чунки бирор нарса ўрганишни хоҳлаганларнинг ҳозир етарлича вақти бор.

Мен ҳам карантин бошлангандан бери ўқилиши керак бўлган китобларимни бирма-бир мутолаа қилишни бошладим. Кўпроқ жаҳон адабиётига қизиқаман. Ҳозиргача Патрик Зюскинднинг «Парфюмер», Доктор Оиз Қаринийнинг «Табассум қилинг», Рашод Нури Гунтегиннинг «Изтироб» ва севимли ёзувчим Ден Брауннинг «Да Винчи сири» асарларини ўқидим. Хуллас, карантинни мароқ билан ўтказмоқдаман.

Ўз соҳам – психологияга доир адабиётларни ва маълумотларни ҳам доимий ўқиб бораман, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги платформасидаги видеодарсларни ҳам кўриб бораман.

Контракт пулини ўзим тўлайман

Ўқишдан кейин Сирдарё туман тиббиёт бирлашмаси диагностика бўлимида навбатчи таҳлилчи лавозимида ҳам ишлайман. Асосан, шанба кунлари тунги навбатчиликда тураман.

Ўқишга шартнома асосида қабул қилинганман. Лекин ота-онамга оғирлик тушмаслигига ҳаракат қиламан. Улар фақат энг биринчи тўловни қилиб беришган. Ўзим эса 20 ёшимдан бери ишлаб, ойлик маош ва стипендиямни контракт учун ўтказаман. Тўғри, бунинг қийин тарафлари ҳам бор, лекин шу йўл билан оиламнинг моддий юкини камайтиришим мумкин.

Масофавий таълим талабаларнинг маблағ сарфини ҳам камайтиряпти

Менимча, масофадан таълим олишни бир қанча афзалликлари бор: бўш вақт кўп бўлади, молиявий жиҳатдан ҳам камроқ маблағ сарфланади ва асосийси ҳамма ўз оиласи бағрида бўлиши мумкин.

Вақтни эса кераксиз нарсаларга сарфламасдан эътиборни керакли вазифаларга, фойдали машғулотларга қаратсак, карантин зерикарли бўлмайди, деб ўйлайман.

Айни дамда севимли машғулот, илмий изланиш билан шуғулланиш, ўрганганларимизда мавжуд хатоларни тузатиш учун ҳам бизда жуда кўп вақт мавжуд. Шунчаки ундан унумли фойдаланиш лозим.

Карантинда стрессга тушмаслик учун нима қилиш керак?

Коронавирус пандемияси сабабли ахборот оқими пандемиягача бўлган даврга нисбатан анча кўпайиб кетди. Бу хабарларни ўқиган сари инсоннинг негатив энергияси кўпайиб, стресс ҳолатини бошдан кечиришни бошлайди. Бундай ҳолатда ваҳимага тушган инсон оддий иситма ёки йўталдан ҳам коронавирус белгиларини қидиришни бошлайди.

Ижтимоий тармоқлардаги расмий, норасмий аҳборотлардан, қўни-қўшниларнинг ҳар хил гаплари, видеороликлар, блогерларнинг постлари орқали жуда катта миқдордаги информация оқимини ҳар куни ўзимиз ҳохламаган ҳолатда қабул қилиб оламиз.

Ахборот ортидан унга қўшимча равишда организм ваҳима, стресс, депрессияни ҳам қабул қилади. Айтайлик, сиз бугунги янгиликлардан Италияда коронавирус пандемияси сабабли қанча фуқаро вафот этгани ёки АҚШда коронавирусдан зарарланиш энг юқори нуқтага чиқиб олгани, юртимизда коронавирусни юқтирганлар 1700га яқинлашгани ҳақида бир қатор хабарларни эшитдингиз ва ваҳимангиз янада ортди.

Кўп ахборот олдингиз, лекин ҳеч нима ўзгармайди. Фақатгина кейинги вақт мобайнида кўтарилган қон босими ва стрессни ўзингизга ҳамроҳ қилганингиз қолади. Доимий стресс, депрессиянинг организмга юкламаси ортиб бориши натижасида қандли диабет касаллигига чалиниш эҳтимоли юзага кела бошлайди.

Бундай вазиятда бизга ортиқча ахборот эмас, соғлом ҳаёт муҳимроқ. Шунинг учун «Ахборот рўзаси»ни тутишни тавсия қиламан. Шунчаки ахборот оқимини кескин камайтиринг.

Уйда гигиена, соғлом турмуш тарзига риоя қилган ҳолда сиз коронавирус юқиш ҳавфини камайтиришингиз мумкин. Ижтимоий тармоқлардаги коронавирус ҳақида хабар келадиган каналлар, гуруҳлардан воз кечинг. Маълумот олиш учун битта расмийси қолса ҳам, етарли бўлади.

Эслатиб ўтамиз, #uydatalimolyapman лойиҳасида турли ресурслар орқали мустақил таълим олаётган ўқувчи ва талабалар ҳақида ҳикоя қилиб борилади.

Агар сиз ҳам карантин даври учун ўз дарс тартибингизни ишлаб чиққан бўлсангиз, бу ҳақда бизга Telegram'даги @uydatalimolbot манзили орқали маълумот юборишингиз (имкон бўлса, расмлар ва видеолар билан) мумкин.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top