19:58 / 28.04.2020
17575

EPSILON DC: Потенциал захиралари қарийб 10 млрд. куб.м газга тенг бўлган Айзават янги газ конденсат кони очилди

Фото: EPSILON

Жорий йилнинг 28 апрел куни Айзават-8 қидирув қудуғида бурғулаш ишларидан сўнг, 2955 м чуқурликнинг очиқ стволида кунлик ҳажми 1 млн. куб.м га тенг бўлган газ оқими олинди. Қудуқдан чиқаётган газнинг аниқлаштирилган дебит ҳажми у янги газ қувурига улангандан кейин маълум бўлади.

Барча ишлар санитар-эпидемиология талабларига ҳамда экология меъёрларига қатъий амал қилинган ҳолда олиб борилмоқда.

Американинг Oilfield Tools Nevada LLC, USA компанияси билан ҳамкорликда Култак-Қамаши инвестиция блокида жойлашган Айзават-8 қудуғида «Уралмаш 3Д» бурғулаш ускунасини унга замонавий бутловчи қисмлар ва автоматлаштирилган бошқарув тизими ўрнатилиши ҳисобига модернизациялаш ишлари амалга оширилди. Татбиқ этилган мазкур инновация максимал бурғулаш тезлигини 10 дан 22 м/соатгача, яъни икки баробарга оширишга ҳамда ишларни белгиланган муддатдан 25 кун илгари якунлашга имкон берди.

Шунингдек, айни пайтда мазкур инвестиция блокида жойлашган янги истиқболли тузилма ҳисобланмиш Шимолий Бишкентдаги 1-сонли қидирув қудуғида ҳам бурғулаш ишлари якунланмоқда.

Қазиб олинаётган углеводородларнинг ҳаммаси мамлакат ички бозорига берилмоқда.

Epsilon Матбуот хизмати

Top