20:23 / 09.05.2020
10813

Афғонистонда озиқ-овқат тақсимланиши ортидан келиб чиққан норозиликлар вақтида етти киши ҳалок бўлди

Мамлакат ҳукумати пандемия сабабли муҳтожларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш тўғрисида қарор қабул қилганди.  

Фото: РИА Новости / Андрей Грешнов

Афғонистоннинг Ғўр вилоятида содир бўлган можаро оқибатида тўрт фуқаро, икки нафар полициячи ва бир журналист ҳалок бўлди. TOLOnews телеканалининг хабар қилишича, можаро фуқароларнинг озиқ-овқат маҳсулотлари тақсимланишида адолатсизликка йўл қўйилмоқда деб ҳисоблаши ортидан келиб чиққан.

Телеканалнинг маълумот беришича, яна 10 полициячи ва тўққиз нафар тинч аҳоли вакиллари жароҳатланган.

Reuters агентлигининг хабарига кўра, 300га яқин киши норозилик намойиши ўтказган, айримлар губернатор қароргоҳига киришга уринган. Ҳокимият вакилининг сўзларига кўра, намойишчилар ўт очиши бошлаганидан сўнг полиция уларга қарата ўқ узган.

Мамлакат ҳукумати пандемия сабабли муҳтожларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатиш тўғрисида қарор қабул қилганди.  

Маълумотларга кўра, Афғонистонда коронавирус юқтирганлар сони 4 мингдан ошган, 115 киши вафот этган.

Top