16:26 / 17.05.2020
5235

Тиббий ниқобларни маиший чиқиндилар каби утилизация қилиш мумкин – ЖССТ вакили

Коронавирусдан ҳимояланиш мақсадида тақилаётган тиббий ниқобларни оддий маиший чиқиндилар каби утилизация қилиш мумкин, деб маълум қилди ЖССТнинг Россиядаги ваколатхонаси раҳбари Мелита Вуйнович.

Фото: Reuters

«Ниқобларни маиший чиқиндилар каби утилизация қилиш мумкин. Улар бевосита одам юзидан ечаётган вақтдагина хавфли бўлиб, маълум вақт ўтгач амалда хавф туғдирмайди», – дея Вуйновичдан иқтибос келтирмоқда «Интерфакс».

Унинг қўшимча қилишича, тиббий ниқобларнинг инфекция манбайи экани ундан кундалик-маиший фойдаланиш билан боғлиқ эмас. Бу асосан шифохоналарга тааллуқли.

«Чунки айнан шифохоналарда инфекция тарқалганлик даражаси юқори бўлади», – деди ЖССТ вакили.

Мелита Вуйновичнинг сўзларига кўра, фойдаланилган тиббий қўлқопларнинг қанчалик хавфсиз экани бўйича ҳозирча тадқиқотлар ўтказилмаган. Чунки аксарият кишилар асосан тиббий ниқоблардан фойдаланишяпти ва қўлқопларга оид кенг кўламли маълумотлар мавжуд эмас.

Айни пайтда, Россия давлат думаси қўмита раиси Владимир Бурматовнинг фикрича, одамлар тиббий ниқобдан фойдалангач, уни «тиббий-индивидуал ҳимоя воситалари каби зарарсизлантириши ва утилизация қилиши керак».

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда жамоат жойларида тиббий ниқоб тақиш шарт. Март ойида мамлакатдан тиббий ниқоблар экспорти тўхтатилиб, ушбу маҳсулотни ишлаб чиқариш, тайёрлаш ва сотиш учун лицензия талаб этилмайдиган бўлди.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top