20:43 / 17.05.2020
16556

Халқаро дипломатия, ўзбекларга хос сифатлар ва Абдулла Қодирий ҳақида — АҚШ элчиси билан суҳбат

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм Kun.uz мухбири билан онлайн интервьюда мамлакат ҳақидаги таассуротлари, элчихона фаолияти, пандемия шароитидаги халқаро муносабатлар ва бошқа қатор мавзулардаги фикрлари билан ўртоқлашди.

– Ассалому алайкум, жаноб Розенблюм. Интервьюга вақт ажратганингиз учун миннатдорлик билдирамиз. Айни дамдаги карантин ҳолати элчихона фаолиятига қандай таъсир кўрсатди?

– Авваламбор, интервьюга таклиф этганингиз учун раҳмат. Сиз ва сизнинг аудиториянгиз билан суҳбат қуриш доимо мароқли.

Карантин бизнинг элчихона фаолиятига қандай таъсир қилгани ҳақидаги саволга жавоб беришдан аввал Ўзбекистон фуқаролари, айниқса, Сирдарё ва Жиззахда сув тошқинидан азият чеккан инсонларга ўз ҳамдардлигимни билдираман. Одамлар ўз уйлари, мол-мулкларини йўқотганларини кўриш жуда ҳам қайғули. Аминманки, бутун мамлакат аҳолиси жабрланганларга ёрдам бериш ҳақида ўйламоқда. Одамлар тинимсиз кийим-кечаклар, озиқ-овқат ва бошқа нарсаларни тўплаб, Сирдарё ва Жиззахга юборишаётганига гувоҳ бўлдим.

Куни кеча Сирдарёга юбориш учун хайрия йиғилаётган жойга – Тошкентдаги Ёшлар иттифоқи идорасига бордим. Американинг нодавлат нотижорат ташкилоти ҳам Сирдарёда ёрдамга муҳтож бўлган оилаларга керакли нарсалар учун молиявий кўмак ажратиш мақсадида ушбу хайрияга қўшилди. У ерга нарсаларни юк машинасига ортиш ва жараённи кузатиш мақсадида бордим. Бундай ҳолатни кўриш жуда ҳам қайғули, бироқ одамларнинг бир-бирига ёрдам бераётганига гувоҳ бўлиш руҳлантиради.

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниэл Розенблюм

Саволингизга келсак, аввало менинг АҚШ элчиси сифатидаги асосий бурчим – элчихонамизда ишлайдиган маҳаллий ва америкалик ходимлар, шунингдек, Ўзбекистонда бўлган ва яшаётган Америка фуқароларининг хавфсизлиги ва саломатлигини таъминлашдан иборат. Булар менинг жуда муҳим бўлган асосий вазифамдир. Шу боис биз пандемия вақтида саломатлик ва хавфсизликни қандай ҳимоя қилиш ҳақида ўйладик.

Биринчидан, ходимларимизнинг кўп қисми ишга, яъни элчихонага келишмаяпти. Улар мобил телефонлари, компьютерларидан фойдаланган ҳолда масофадан туриб ишлашмоқда. Бироқ айрим инсонлар иш фаолиятлари тури ёки имкониятлари туфайли масофадан туриб ишлай олишмайди. Шунга қарамай, улар уйда қолишса ҳам, камроқ иш қилишса ҳам, ўз маошларини вақтида олишади.

Биз барчани ўз лавозимида ушлаб қолиш имконига эгамиз. Ҳеч ким ишини йўқотмайди ва ходимлар ойлик маошларини олишда давом этишади.

Умуман олганда, пандемия элчихона фаолиятига катта таъсир кўрсатди. Сабаби, дипломатик ҳаракатлар деярли тўхтаб қолди. Кўп нарсалар коронавирус туфайли чеклангани учун одатдагидек дипломатик фаолият ва алоқаларни олиб бориш жуда қийин.

Албатта, Ўзбекистон ҳукумати пандемияга қарши чораларга катта эътибор қаратмоқда. Мен охирги 7 ҳафта ичида бирорта ҳукумат вакили билан юзма-юз учрашганим йўқ. Ҳозирда айрим инсонлар билан алоқаларни телефон, ҳозиргидек видеомулоқотлар орқали ушлаб туришга ҳаракат қилмоқдаман.

Масалан, сизларнинг АҚШдаги элчингиз, жаноб Ваҳобов билан Skype орқали суҳбатлашдим. Ўтган ҳафта Олий Мажлисда бўлиб ўтган селекторда видео орқали иштирок этдим. Унда сенатор Акмал Саидов «Инсон ҳуқуқлари» мавзусида нутқ сўзлади.

Шунингдек, ташқи ишлар вазири билан хорижий масалалар, жумладан, Афғонистон борасида телефон орқали мунтазам равишда мулоқотдаман. Шундай қилиб, пандемия фаолиятимизга катта таъсир кўрсатди, лекин биз алоқаларни ушлаб туриш учун доим ҳаракатдамиз.

– Фикрингизча, пандемиядан сўнг халқаро дипломатиянинг ҳолати қандай бўлади? Мамлакатлар халқаро муносабатларда нималарга кўпроқ эътибор қаратишлари лозим?

– Бу чиндан ҳам ажойиб савол. Бу мени олдиндан башорат қила олмайдиган масалалар ҳақида кўпроқ ўйлашга ундайди. Мазкур пандемия илгари бошимдан ўтказган ҳолатларга мутлақо ўхшамайди. Фикримча, бу борада кўпчилик шундай фикрда бўлса керак.

Бу вазият сўнгги 35 йил ичидаги профессионал тажрибамда кузатганларимдан бутунлай фарқ қилади. Ва бу келажагимизга қандай таъсир ўтказиши мумкинлигини башорат қилиш жуда ҳам мушкул. Бу менга худди бундан бир неча минг йиллар аввал кашфиётчи-тадқиқотчилар Атлантика океани орқали АҚШ томон сузиб, ўзлари учун мутлақо нотаниш бўлган ҳудудга борган вақтдаги ҳиссиётни ёдга солмоқда. Улар океаннинг у томонида қандай давлат бор бўлиши мумкинлиги ҳақида ҳеч нимани билишмаган ва биз айни дамда худди мана шундай вазиятдамиз.

Менга аниқ бўлган бир нарса шундан иборатки, мазкур пандемия ҳар биримизга бизнинг дунё бир-бирига чамбарчас боғлиқлигини англашни ўргатди. Дунё давлатлари туризм, ташқи савдо ва яна кўплаб мураккаб алоқалар билан бир-бирига боғланган.

Бу, аксар ҳолларда, ижобий боғлиқликдир. У дунёга ва инсонларга турли хил манфаатларни тақдим этади. Бироқ баъзида бу салбий кўринишга, мураккабликка ҳам эга бўлиб, ҳаётимизга хавф туғдиради. Менинг фикримча, бу инқироз билан барча мамлакатлар ҳамжиҳатлигини қай даражада заифлаштиришини қайта баҳолайдиган давр келади.

Сизга кичик бир мисолни айтиб ўтмоқчиман. Айни дамда АҚШнинг саломатлик билан боғлиқ зарур воситалар борасида бошқа давлатларга қарамлиги бўйича турли таҳлиллар олиб борилмоқда. Масалан, коронавирусга қарши курашишда бизга керак бўлган кўплаб воситаларни бошқа давлатлардан келтиришимиз кераклигини англадик. Фикримча, бу ноқулайлик туғдиради. Менинг тахминимга кўра, бу инқироздан кейин АҚШ қандай қилиб фавқулодда ҳолатлар учун зарур воситаларни маҳаллий шароитда ишлаб чиқариш мумкинлиги ҳақида бош қотиради.

Бу бор-йўғи биргина мисол. Лекин фикримча, кўплаб мамлакатлар худди шундай масалаларга эътибор қаратишни бошлайди.

– Коронавирус пандемияси вақтида АҚШ томонидан Ўзбекистонга ҳамда Ўзбекистонда яшайдиган АҚШ фуқароларига қандай ёрдам кўрсатилмоқда?

– Биз қўлдан келганча ёрдам кўрсатишга ҳаракат қиляпмиз. Чунки барчага маълум бўлганидек, ўзимизнинг давлатимиз ҳам коронавирусдан азият чекаётган бир вақтда бу осон иш эмас.

Бу пандемиядан мамлакатлар бир-бирига ёрдам бериши қанчалик муҳим эканлигини ўргандик. Бу – халқаро, глобал инқироз ва буни фақатгина халқаро ҳамкорлик билангина йўқ қилиш мумкин.

Тошкентда элчихона ходимлари билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳамда БМТ томонидан ташкил этилаётган ва Ўзбекистонга келаётган COVID-19га боғлиқ кўмакларни тақсимлашга қаратилган доимий кундалик учрашувларда қатнашиб келмоқдамиз. Мақсад – эҳтиёжларни аниқлаш ва улар орасидан муҳимларини белгилаш, шунингдек, ким қандай кўмак ажрата олишини келишиб олишдир.

Ушбу ҳамкорлик орқали АҚШ катта кўмак ажратди. Ўзбекистонда коронавирус ҳолати аниқланмасидан аввал, февраль ойида тиббиёт ходимлари учун шахсий ҳимоя воситалари (тиббиёт ниқоблари, қўлқоплар, халатлар) тақдим этдик. Навбатдаги хайрия март ойида тақдим этилди. Шундан сўнг биз кўпроқ эътиборни Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳамда касалхона, тиббиёт ходимларининг COVID-19 пандемияси билан курашишдаги, яъни коронавирус диагностикаси, қандай қилиб тиббиёт ходимларини ҳимоя қилиш, тестларни ўтказиш ва яна бошқа кўплаб жиҳатлар бўйича салоҳиятини оширишга кўмаклашишга қаратдик. Мана шу кабилар сўнгги икки ой давомидаги диққат марказимизда бўлди.

Шу кунларда эса Ўзбекистоннинг COVID-19 тестини ўтказиш бўйича тажрибасини ошириш йўлида кўпроқ ишламоқдамиз. Бу нафақат амалий машғулотлар ўтказиш, балки керакли ускуналарни – тест cинови учун махсус тўплам, дори воситалари, зарур материаллар билан таъминлашни ҳам ўз ичига олади. Бундан кўзланган мақсад эса тестларни аниқ ва тезкор амалга ошириш ҳамда натижаларни тезроқ қўлга киритишдир.

Яқинда бизнинг Касалликларни назорат қилиш маркази (CDC) тестлар салоҳиятини ошириш, керакли лаборатория жиҳозларини харид қилиш учун 2 миллион доллар ажратишини маълум қилди.

Мен куни кеча яна бир янгиликдан, яъни Касалликларни назорат қилиш маркази Ўзбекистонга аҳоли саломатлиги учун ўз Фавқулодда операциялар марказини ривожлантиришда ҳам ёрдам беришидан хабар топдим. Бизда бундай марказ бор ва февраль ойида АҚШга қайтганимда у ерга ўзим боришга муваффақ бўлганман. Мен Атлантадаги Касалликларни назорат қилиш маркази бош идорасига бориб, Фавқулодда операциялар маркази қандай ишлаётганига гувоҳ бўлгандим. Энди мазкур марказ Ўзбекистонга ҳам бу борадаги салоҳиятини оширишга яқиндан кўмак беради. Биз тез кунларда яна кўплаб хайрия кўмакларини амалга ошириш ҳақида хабар берамиз. Ҳозирча асосий ёрдамлар мана шулардан иборат.

– Ўзбекистонда виза бериш жараёни қачон қайта тикланиши ҳақида маълумот бера оласизми?

– Бу борада аниқ бир гап айта олмайман. Менда аниқ жавоб йўқ. Шуни айта оламанки, барчага маълум бўлгани каби бизнинг элчихона тақдим этаётган консуллик хизматлари тўхтатилди ва бу глобал миқёсда юз берди, яъни АҚШнинг бутун дунёдаги элчихоналарида тўхтатилди.

Эълон қилганимиздек, жорий йилнинг 22 июнига қадар иммиграцион визалар берилмайди. Шунингдек, бу Ўзбекистонда оммабоп бўлган бошқа турдаги визаларга (ноиммиграцион визалар) ҳам тааллуқли.

Вашингтонда визалар бериш жараёнини тез орада қайта тиклаш бўйича музокаралар кетмоқда. Биз эса расмий эълонни кутмоқдамиз. Шу сабабли элчихонамиз сайтини мунтазам равишда кузатиб боришни маслаҳат берган бўлардим. Виза бериш жараёни қайта тикланиши бўйича, албатта, расмий маълумот берилади.

– Ижтимоий тармоқларда кузатяпмиз, чиқишлар қилиб турибсиз. Умуман, Ўзбекистондаги карантин чоралари сизнинг ҳаётингизга қандай таъсир қилди?

– Албатта, бу дунёдаги ҳар бир инсон ҳаётига таъсир этгани каби менинг ҳаётимга ҳам таъсир ўтказди. Элчихонага ҳафтада бир неча марта боряпман, аммо асосан уйда ишлаяпман. Ишдан бўш вақтда эса китоб ўқияпман, видеолар, фильмлар кўраман. Кўпроқ жисмоний машқлар билан шуғулланишга ҳаракат қиляпман. Уйимда жисмоний машқлар бажариш учун баъзи жиҳозлар борлигидан хурсандман. Яна ҳовлимдаги боғда сайр қиламан. Тўғри, у унчалик ҳам катта эмас, лекин боғ атрофида қайта-қайта пиёда юраман.

Қувонарлиси, Тошкентда баҳор фасли жуда ҳам чиройли экан. Бу – менинг Ўзбекистонда ўтказаётган биринчи баҳорим. Менга қуёш остида ажойиб ҳаводан баҳра олиш жуда ҳам ёқди. Шу сабабли кўп вақтимни боғда ўтказмоқдаман.

Шунингдек, кўплаб ўқувчиларга маълум бўлса керак, ҳозир бу ерда бир ўзимман, оилам эса АҚШга қайтиб кетган. Улар билан имкон қадар тез-тез боғланиб туришга ҳаракат қиляпман. 17 ёшли қизим бор, биз у билан биргаликда китоб ўқимоқдамиз. Ҳар куни бир бўлимни ўқиб бўлгач, унга ўқиган бўлимимиз бўйича саволларни юбораман. У эса ўз фикрларини ўртоқлашади ва биз шу тариқа биргаликда китоб мутолаа қиламиз.

Ўзбекистондаги барча инсонлар изоляция, масофага қарамай, ўзаро мулоқотни сақлаб қолишга ҳаракат қилишмоқда. Фикримча, оила ва дўстлар билан билан бирга бўлиш жуда ҳам муҳим, айниқса мана шундай мураккаб вазиятларда.

– Жаноб элчи, яқин кунларда қандай китоблар ўқидингиз?

– Ўқиш – мен чин дилдан яхши кўрадиган машғулотлардан бири. Ёшлигимданоқ китоб ўқишни жуда севганман. Турли ишлар билан банд бўлганим учун кўп китоб ўқишга вақтим йўқлигидан афсусланаман.

Ҳозир ўқиётган китобларимга келсак, менга тарих ёқади. Университетда ҳам тарих йўналишида таҳсил олганман. Кўп мутолаа қиладиган китобларимнинг аксарияти ҳам тарихий асарлар ёки тарихий воқеалар асосидаги бадиий асарлардир.

Охирги марта ўқиган китобим – «The Last Days of Night» (Туннинг сўнгги кунлари) бўлиб, унда электр энергиясининг ихтиро қилиниши, ундан ёруғлик ва бошқа мақсадларда фойдаланиш тўғрисида ҳикоя қилинади. Бу бадиий асар бўлса ҳам, у буюк ихтирочи Томас Эдисон ҳаёти ҳақида ва яна бир бошқа муҳандис, темир йўл ҳаво тормози ихтирочиси Жорж Вестингаус ва Никола Тесла ўртасидаги муносабатлар асосида ёзилган. Жудаям қизиқарли, ажойиб асар.

Бундан аввал яна бир қизиқарли китоб ўқидим. У Ислом пайдо бўлиш тарихи ҳақидаги асар. Номи – «In the Shadow of the Sword» (Қилич соясида), инглиз ёзувчиси ва тарихчиси томонидан ёзилган. Умуман олганда, мен жуда кўп ўқийман ва тарихни яхши кўраман.

– Қайси асарларни ўқишни тавсия этасиз?

– Одатда, мен бундай маслаҳатлар бермайман. Чунки ҳар бир инсон ўз қизиқиши, хоҳишига кўра китоб ўқийди ва ҳар кимнинг танлови ҳар хил.

Нима ўқиш кераклигини айта олмайман, лекин ўзим ўтган йили севиб ўқиган ва барчага ўқишни тавсия эта оладиган бир китоб ҳақида айтиб ўтмоқчиман. Бу – Буюк Британияда яшовчи ўзбек ёзувчиси Ҳамид Исмоилов томонидан ёзилган «Жинлар базми» (инглизчада «The Devils' Dance») асаридир.

Бу асар жудаям қизиқарли роман бўлиб, таниқли ўзбек адиби Абдулла Қодирий ҳаётининг сўнгги икки йилига бағишланган. Исмоилов ўз асарида Қодирийнинг қамоқда ўтган йиллари ва унинг қўлёзмалари ҳақида ҳикоя қилади.

Бизга маълум, Қодирий ҳам бир неча ёзувчилар қаторида Сталин даври қатағонлари қурбонига айланган ва отиб ташланган. Романда муаллиф Абдулла Қодирийнинг сўнгги асарини ёзиши давомидаги воқеаларни тасвирлашга ҳаракат қилган.

Қодирий сўнгги асарида Қўқон хони ва Бухоро амири, шунингдек, уларга канизак бўлган 19-асрнинг таниқли ўзбек шоираси ҳақида ёзишни мақсад қилади. У ҳаётининг сўнгги кунларида қамоқдаги қийноқлардан азоб чекишига қарамай, мана шу асарни хаёлан ёзади.

Бир сўз билан айтганда, бу китобни ўқишни тавсия қилган бўлардим. Асар ўзбек ва инглиз тилларида чоп этилган.

– Ўзбекистон ва ўзбекистонликларни учта сифат билан таърифлай оласизми?

Саховатли. Одамлар нафақат ўзларида борини улашиш билан, балки очиқ кўнгиллик билан чин юракдан бор меҳр-муҳаббатини кўрсата олиши билан ҳам сахийдирлар. Улар кўнгилдагини беркитмай, ўз туйғуларини намойиш эта оладилар ва мен бу хислатни жуда қадрлайман.

Кейинги сифат – хилма-хиллик (diverse). Бу билан Ўзбекистонда турли миллатга мансуб инсонлар яшашини назарда тутмаяпман. Айтмоқчиманки, мамлакатнинг бутун келиб чиқиш тарихи, маданиятининг шаклланиши жуда кўп турли занжирларга боғланган. Форслар, араб дунёси, Ислом дунёси, Хитой – барчаси билан боғлиқлиги кишида, шу ўринда, менда қизиқиш уйғотади.

Ижтимоий (social). Одамлар бир-бири билан мунтазам равишда мулоқотда бўлади. Маҳалла, умумий жамоа бўлиб биргаликда ишлашади.

Ижтимоий – бу нейтрал сифат бўлиб, у ҳам ижобий, ҳам салбий маънода келиши мумкин. Мен эса асосан ижобий томондан қайд этмоқдаман. Баъзан одамларнинг шахсий ҳаёти учун етарлича вақти бўлмайди.

Сизнинг жамиятингизда кишилар ўз шахсий ҳаётининг сир қолишига америкаликларчалик катта эътибор беради, деб ўйламайман. Чунки ижтимоийлик, бирдамликка кўпроқ урғу берилади.

Булар – менинг бир йил давомидаги фаолиятим ва аввалги ташрифларимдан кейинги таассуротларимдир. Мен мамлакатингизни, ундаги одамларни жуда ҳам яхши кўраман ва Ўзбекистондалигимдан бахтиёрман.

– Жаноб элчи, самимий суҳбатингиз учун ташаккур. Умид қиламизки, тез орада ушбу пандемия инқирозини енгиб ўтамиз. Сизнинг Ўзбекистондаги миссиянгизда улкан зафарлар тилаб қоламиз.

– Катта раҳмат.

Феруза Авазова суҳбатлашди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top