08:03 / 19.05.2020
10235

Айрим фуқаролар санитария-эпидемиология қоидаларига умуман риоя қилмай қўйди - ИИББ

16 май куни Тошкентда 104 киши жамоат жойида тиббий ниқобсиз юрган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Коронавируснинг тарқалишини олдини олиш бўйича республика махсус комиссияси томонидан карантин чораларини юмшатиш бўйича қарор қабул қилингач, бир қатор ҳамюртларимиз санитария-эпидемиология қоидаларига умуман риоя қилмай қўйдилар, деб ёзмоқда пойтахт ИИББ матбуот хизмати.

Натижада, шаҳар кўчаларида тиббий ниқоб тақмаган ёки уни тўғри тақмасдан юрган фуқароларни учратиш мумкин.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари ва санитария-эпидемиология назорати хизмати ишчиларидан эслатма берилган: Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 54 моддасига (“Эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш”) биноан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида ваколатли органнинг махсус талабларига зид равишда жамоат жойларида ниқобсиз бўлиш, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан ўттиз бараваригача, мансабдор шахсларга эса – ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

Ўтган шанба ва якшанба кунлари жамоат жойларида тиббий ниқобсиз юрган фуқаролар бўйича маълумотлар келтириб ўтилган. 16 май куни Тошкентда жами 144, 17 май куни эса 104 киши жамоат жойида тиббий ниқобсиз юрган.

Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати
Фото: Тошкент шаҳар ИИББ ахборот хизмати

“Сизлардан ўз саломатлигингиз ва атрофдагиларнинг хавфсизлиги масаласига жиддий қарашингизни сўраймиз”, - дейилади маълумотда.

Top