15:11 / 19.05.2020
3239

ДСҚ ахборот технологияларини жорий этишдаги учта асосий устувор жиҳатни тушунтирди

Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини онлайн назорат-касса машиналарига ўтказиш, маҳсулотларни маркировкалаш ҳамда электрон ҳисобварақ-фактура тизимини жорий этиш - Давлат солиқ қўмитаси фаолиятидаги устувор йўналишлар ҳисобланади, деб ёзмоқда ДСҚ матбуот хизмати

 Қўмита бугунги кунда давлат солиқ хизмати органлари рақамли технологияларни кенг жорий этиш орқали солиқ тўловчилар билан мулоқотни шаффофлик ва ўзаро ҳамкорлик тамойиллари асосида йўлга қўяётганини тушунтирди.

 Ғазна «онлайн» режимида

 Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектларини онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал кассалардан фойдаланишга босқичма-босқич ўтказиш бўйича ишларни давом эттирмоқда.

Айни вақтга қадар 5 турдаги онлайн-НКМ, 4 турдаги виртуал касса ва 7 та техник хизмат кўрсатиш маркази Давлат реестрига киритилди.

Ҳозиргача, 21 мингга яқин савдо билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектлари, дўконлар ва автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари онлайн назорат-касса машиналари билан таъминланди.

 Онлайн назорат-касса техникасига ўтиш учун тадбиркорлар Давлат реестридаги исталган дастурий маҳсулотдан фойдаланиши мумкин. Ушбу реестр Давлат солиқ қўмитасининг расмий веб-сайти – soliq.uz.га жойлаштирилган.

 Таъкидлаш керакки, мамлакатимиз чакана бозорининг йирик иштирокчилари тўлиқ виртуал кассадан фойдаланишга ўтмоқда. Масалан, Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи.

 Онлайн назорат-касса машинаси ва виртуал кассадан фойдаланиш истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражасини оширади маълумотлар базасида электрон чек сақланади, бу мунозарали масалаларни ҳал этишни соддалаштиради.

 Шунингдек, солиқ органлари билан ўзаро тезкор ҳамкорликни таъминлайди – маълумотларни реал вақт режимида узатиб боради.

 Бундан ташқари, солиқ органларидан ҳақиқий тушумларни яширмасдан, шаффоф фаолият юритиш имкониятини тақдим этади.

 Буларнинг барчаси истеъмолчилар ва солиқ органлари билан ишончли муносабатларни мустаҳкамлашни кафолатлайди, компаниянинг ижобий имижини шакллантиради.

 ЭҲФ билан ҳисобга олиш осон ва ишончли

 Ҳозирги пайтда тадбиркорлик субъектларини ҳисоб-фактураларнинг электрон шаклига ўтказиш тезкор суратларда амалга оширилмоқда. 

 Бугун Ўзбекистонда 17 та электрон ҳисобварақ-фактура (ЭҲФ) оператори хўжалик юритувчи субъектларига хизмат кўрсатяпти.

 Электрон ҳисобварақ-фактурадан фойдаланиш, айниқса, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари орасида оммалашиб бормоқда. Фаолият юритаётган 87,5 минг ҚҚС тўловчиларининг 73 мингтаси ёки 83,8 фоизи ЭҲФдан фойдаланишга ўтди.

 Электрон ҳисоб-фактуралар бизнес ҳамкорлар ва солиқ идоралари билан шаффоф сиёсатни олиб боришга хизмат қилади. Масалан, ҚҚС занжири узилишининг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса қўшимча солиқ ҳисобланишнинг энг кўп тарқалган сабабларидан биридир.

 Ушбу афзалликларни ҳисобга олган ҳолда, Давлат солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектларини электрон ҳисоб-фактуралардан фойдаланишга фаол жалб қилмоқда.

 Бугунги кунда республикада 153 мингдан зиёд юридик шахс ва 16 мингдан ортиқ ЯТТлар ҳисоб-фактураларнинг электрон шаклидан фойдаланмоқда.

Ҳозирда 170 мингга яқин тадбиркорлик субъектлари томонидан расмийлаштирилган ЭҲФларнинг умумий сони 5,9 миллионтани ташкил этади.

 Маркировкалаш сифат кафолати сифатида

 Президент топшириғига кўра, Давлат солиқ қўмитаси томонидан маҳсулотларни идентификация воситалари билан маркировкалаш ва уларни келгусида кузатиш тизимини жорий этиш юзасидан тегишли ишлар олиб борилмоқда.

 Хусусан, республика ҳудудида фаолият кўрсатаётган 10та корхонада маҳсулотларни маркировкалашнинг тажриба лойиҳаси жорий этилган.

 Солиқ соҳасига рақамли технологияларни кенг жорий этиш, хизматлар сифатини ошириш, жараёнларда инсон омили аралашувини чеклаш Давлат солиқ қўмитасининг асосий устувор вазифаси ҳисобланади. Бу коррупция ва “яширин иқтисодиёт”ни қисқартириш ёрдам беради ва бизнесни шаффоф юритилишини таъминлайди.

Top