16:52 / 19.05.2020
11010

МИБ Тошкентдаги қурилиш компаниясининг 6 йиллик солиқ қарзини нақд пул кўринишида ундирди

Мажбурий ижро бюроси Олмазор туман бўлими «Мукаммал Обод қурилиш» МЧЖнинг 1,5 млрд сўмдан зиёд солиқ қарздорлигини 3 кун ичида нақд пул кўринишида ундирди.

Фото: Мажбурий ижро бюроси

Бюронинг Тошкент шаҳар бошқармасидан маълум қилишларича, «Мукаммал Обод қурилиш» МЧЖдан ундирувчи Олмазор тумани ДСИ фойдасига 1 545 040 818 сўм солиқ қарздорлигини ундириш тўғрисидаги суд ижро ҳужжати шу йилнинг 5 май куни келиб тушган.

«Олмазор туман ДСИ томонидан МИБ Олмазор туман бўлимига тақдим этилган илова ҳужжатлар нусхасига кўра, қарздор жамият аслида 2014 йилдан бошлаб туман ДСИга солиқларни ўз вақтида тўламагани оқибатида шундай катта миқдордаги қарздорлик юзага келган.

Карантин вазиятида бюронинг Олмазор туман бўлими томонидан масофадан туриб олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида қарздор ташкилотнинг ҳисоб рақамида пул маблағи йўқлиги аниқланди. Бўлим давлат ижрочилари томонидан олиб борилган тўғри тушунтирув ва тарғибот тадбирлари натижасида қарздор жамият 6 йиллик солиқ қарздорлигини тўлади.

Жорий йилнинг 8 май куни қарздор корхонадан нақд пул кўринишида 1 545 040 818 сўм пул маблағлари МИБ Олмазор туман бўлими депозит ҳисоб рақамига ундирилиб, туман ДСИ ҳисоб рақамига ўтказиб берилди», – дейилади МИБ Тошкент шаҳар бошқармаси хабарида.

Top