21:15 / 23.05.2020
77422

17 ёшида 29та университетга ўқишга кирган лицей ўқувчиси: «Инсон ўз кучига ишониши керак»

Тошкентдаги «International House Tashkent» академик лицейининг 2-босқич талабаси Суннатилло Маҳмудов Европа мамлакатлари ва Америкада жойлашган 20дан ортиқ университетга ҳужжат топшириб, ижобий жавоб олди.

IELTS`дан 6,5 балл, SAT имтиҳонидан 1100 балл тўплаган 17 ёшли ўсмир жами 29та университетга кирган. Суннатилло Kun.uz мухбири билан суҳбатда қандай қилиб бундай натижага эришгани ҳақида сўзлаб берди.

«Мен умумий ҳисобда 29та университетга киришга муяссар бўлдим. 27таси хорижда – Aмерика, Aнглия, Швейцария, Германия ва Дубайда жойлашган, иккитаси Ўзбекистонда.

Ҳужжат топшириш жараёнига келсак, Aмерикада Common Application деган платформа бор. Сиз у ерда 20та университетга ҳужжат топширишиз мумкин. Мен Common Application`дан 5та университетга топширдим.

Қолган универитетларга эса, ҳар бир университетнинг қабул учун онлайн ариза юбориш тизими бор, шу орқали ҳам ҳужжат топширдим. Онлайн ҳужжат топширишда сизга халқаро талабалар билан шуғулланадиган консультант беради. Сиз ўша одам билан ҳужжат топшириш жараёни, университетга қандай кириш, нималар кераклигини сўрасангиз бўлади.

Aнглияга келадиган бўлсак, у ерда ҳам худди шундай платформа бор. Халқаро ва Aнглияни талабалари учун чиқарилган платформа UCAS дейилади. Мен UCAS орқали 3та университетга кирдим. Қолганларига эса Aмерикадаги университетлар билан бўлгани каби, онлайн ариза топшириш орқали кирдим.

– Бу ҳужжат топшириш жараёнида нималарга эътибор бериш керак? Хорижий ўқув юртлари қандай талаблар асосида қабул қилади, нималарга аҳамият қаратади?

– Хориждаги университетлар биринчи навбатда халқаро талабаларнинг баҳоларига, IELTS сертификати, SAT сертификати баллари, лицей ёки мактабдаги баҳоларига жуда катта эътибор қаратади.

Ўқишдан ташқари нималар билан банд бўлганингизга ҳам анча катта эътибор қаратилади. Мисол учун, волонтёрлик, мастер-классларда қатнашганларингиз, қайси конференцияларда қатнашгансиз, спорт соҳасидаги ютуқларингизни ҳам инобатга олишади.

– Қабул қилинган олий ўқув юртларингиздан қайси бирида ўқишни давом эттирмоқчисиз?

– Ниятим – Aмерика ёки Aнглияда ўқимоқчиман. Сабаби Aмерика ва Aнглия университетлари дунё бўйича энг юқори ўринда туради. Уларнинг рейтинги жуда баланд.

Aгар IELTS, SAT имтиҳонларидан балларингиз ёки мактаб, лицейдаги баҳоларингиз яхши бўлса, улар сизга scholarship, яъни грант беришга тайёр. Улар қобилиятли болаларни қидиришади.

Мен Aмериканинг Оҳайо штатида ўқимоқчиман. У ердаги бир нечта университетга қабул қилинганман. Оҳайо – бошқа штатларга таққослаганда халқаро ўқувчилар учун ҳам яшаш, ҳам ўқиш арзонроқ.

Aнглияга келадиган бўлсак, мен у ерда Манчестер ва Нортҳемптон университетларига кирганман. Шуларнинг бирида ўқиш ниятим бор.

Aгар имкон берилса, Англиядан кўра кўпроқ Aмерикада ўқиш ниятидаман.

– Нима учун айнан хорижда ўқишни мақсад қилгансиз?

– Ўқишимни хорижда давом эттиришимнинг сабаби, айтганимдек, у ердаги университетлар рейтинги жуда баланд. Мен у ердаги муҳит, уларнинг ҳаёт тарзи, қандай яшаши, ишлашини ўрганиб, Ўзбекистонга келиб ўзимнинг соҳамга ҳисса қўшмоқчиман. Шунинг учун ҳам хорижда ўқишни ният қилиб қўйганман.

– Бу орзу қачон туғилганди?

– Лицейимизда 3 йилдан бери университетга кириш рекорди янгиланиб келяпти. Ўтган йили лицейимиздан бир қиз ўқишга кирган эди, мен ўша қизга қараб ҳавас қилиб, ҳаракат қилдим. Лицейга кирдим, IELTS ва SAT топшираман, лицейни яхши баҳоларга битириб, мен ҳам шундай университетларда ўқишга кираман, деб олдимга мақсад қўйдим. Ва орзуларимга, мақсадимга эришдим.

– Нима деб ўйлайсиз, орзу ва мақсадларга эришиш учун инсондан нималар талаб қилинади?

– Биринчи ўринда ўзига ишониши керак. Мен буни қила олмайман, қўлимдан келмайди деса, одам буни қила олмайди. Лекин мен қила оламан, қўлимдан келади, майли аччиғини ҳам кўраман, деб агар одам ҳаракат қилса, мақсадга эришса бўлади.

Ҳаракатда баракат. Агар ҳаракат қилса, Аллоҳ ҳам беради.

– Сиз учун энг катта қийинчилик нима?

– Қийинчилик бу – оёққа туриб олиш. Университетни битиргандан кейин оёққа туриб, оилани боқиб, яхши касб эгаси бўлиш. Лекин айтганимдек, кучли мақсад бўлса, ҳамма ишнинг иложи бор. Иложсиз нарсанинг ўзи йўқ.

– Келажакдаги режаларингиз қанақа, ўзингизни 10-15 йилдан кейин қандай тасаввур қиласиз?

– Бу саволга аниқ жавоб бера олмайман. Лекин университетни битиргандан кейин Aмерика ёки Германияда магистратурада ўқиб, у ерда ишлаб, сўнг Ўзбекистонга келиб, ўз соҳам бўйича рақамли иқтисодиётни ривожлантириш.

– Ҳозир нималар билан бандсиз?

– Ҳозирга кунда «International House Tashkent» академик лицейида 2-босқич ўқувчисиман. Биз давлат имтиҳонларига тайёрланяпмиз, онлайн дарслар билан бандмиз.

Ундан ташқари, математика фанидан ўз устимда ишламоқдаман.

– Муваффақиятга эришишда муҳит ҳам сабабчи бўлади. Сизга кўпроқ нималар ва кимлар ёрдам берди?

– Биринчи ўринда оила аъзоларимга катта миннатдорчилик билдирмоқчиман. Aгар улар мени қўллаб-қувватлаб, йўл-йўриқ кўрсатмаганда, ютуққа эриша олмаган бўлардим.

Акам Тошкентдаги Вестминстер университетини битирган. Уларга ҳам катта раҳмат айтаман, чунки акам бўлмаганда ҳам менга жуда қийин бўлар эди. Инглиз тилини бошлашда, математикада, университетга топширишларда ҳаммасида акам сабабчи бўлганлар ва ютуқларимда катта роль ўйнадилар.

Иккинчи ўринда эса, лицейимга катта миннатдорчилик билдираман. Лицей бизга катта йўл очиб берди, ҳар икки ҳафтада лицейимизга халқаро университетлар келиб, мастер-класс, презентациялар ўтказар эди. Улардан биз мотивация олдик.

– Хорижда ўқишга, қийинчиликларига ўзингизни тайёр, деб ҳис қиласизми?

– Хорижга ўқиш учун кетаман, деган мақсадни кеча ўз олдимга қўйганим йўқ. Бунга 2-3 йилдан бери тайёрланиб келмоқдаман. Aкам ҳам Aмерикада бўлганлар ва тушунтирганлар: оғирлиги бўлади, ҳам ўқиб, ҳам ишлаш, бегона юрт, тил бошқа, атмосфера бошқа...

Лекин мен шу нарсага тайёрланиб келдим. Ўйлайманки, четга кетишга тайёрман. Барибир ҳамма жойда қийинчилик бўлади – Ўзбекистонда қолсангиз ҳам, чет элга кетсангиз ҳам.

– Келажакда қайси соҳани танламоқчисиз ва қайси касб эгаси бўлмоқчисиз?

– Мен келажакда Accounting and finance соҳасини танламоқчиман, яъни бухгалтерия ва молия. Бу соҳани ўзимнинг давлатимда ҳам, хорижда ҳам ривожлантирмоқчиман.

Қизиқишларим бу соҳамга жуда яқин – математика ва инглиз тили. Универcитетга кирганимдан кейин тўртинчи тилни ўрганиш ниятим бор.

Суҳбатни тўлиқ Kun.uz`нинг YouTube`даги каналида томоша қилишингиз мумкин.

Раҳматилло Исроилов суҳбатлашди.

Мавзу
“Оптимист” рукни
Kun.uz тенгдошларидан ғайрат-шижоати ва креативлиги билан ажралиб турадиган ёшлар ҳақида туркум кўрсатувлар бериб бормоқда.
Барчаси
Top