21:31 / 28.05.2020
13362

Фоторепортаж: Яшнободда болалар миллий тиббиёт маркази

Тошкентнинг Яшнобод туманида барпо этилган Болалар миллий тиббиёт марказига пресс-тур ташкил этилди. Унда тиббиёт масканининг қурилиши, даволаш тартиби, замонавий технологиялар, тиббий асбоб-ускуналар, марказ имкониятлари хусусида батафсил маълумот берилди.

Мазкур тиббиёт маркази ҳудуди 6.17 га ер майдонида жойлашган бўлиб, 1 га ер майдонида Марказ биноси қурилган. Қурилиш ишлари 2018 йилнинг 26 февралида бошланган. Бино кунига 250 бемор қабул қилади, йилига 1,5 мингта ноёб технологик операцион амалларни бажаришга мўлжалланган. Марказда 700та янги иш ўринлари ташкил этилади.

Тўрт қаватдан иборат муассасада 68та палата, сиғими 20 ўринли электрон кутубхона, 170 ўринли конференциялар зали, 50 ўринли ошхона, симуляцион марказ мавжуд.

Энг замонавий тиббиёт ускуналари билан бойитилган ушбу марказда педиатрия, нейрохирургия, ортопедия, гемодиализ, кардиохирургия, умумий хирургия, офтальмология, онкология, ЛОР ҳамда реанимация бўлимлари фаолияти йўлга қўйилади.

Ҳозирги кунда юртимизда неонтал радиология шифокор маслаҳатига кўра нейросонография усулини қўллаш билан чегараланган. Жанубий Кореяда эса неонтал радиология нейросонография, тос ва сон суягини бирлаштирувчи бўғим УЗИ диагностикаси, орқа мия УЗИ диагностикасининг скрининг усулида қўллайди.

Марказда янги 3та Тесла қуввати МРТ аппарати ўрнатилди. У энг замонавий текширув усулларини ўз ичига олган бўлиб, визуализация имкониятларини кенгайтиради. Хусусан, МРТ перфузиясини ўтказиш имконияти яратилди. Бу бош миянинг ишемик ўзгаришларини аниқлашда энг замонавий ва самарадор усул ҳисобланади. Бугунги кунгача юртимизда бу текширув усулини ўтказиш имконини берувчи МРТ аппаратлари бўлмаган.

Бугунги тиббиётнинг асосий ютуқларидан бири бу – нуклеар тиббиёт. Яъни, ядро физикасининг ютуқларини тиббиётга татбиқ этиш натижасидир. Нуклеар тиббиёт организмда ҳали ҳужайра даражасида бўлаётган патологик ва биологик ўзгаришларни аниқлаш имконини беради. Марказда иккита замонавий даволаш аппарати бор. ПЭТ-КТ (Позитрон-эмиссион компьютер томография) – саратон ташхисини қўйиш учун самарали ва замонавий усулдир. Ушбу аппарат касалликни эрта аниқлашга имкон яратади. Саратон ҳужайраларини аниқлаш учун турли радиофармацевтика қўлланади.

Бошқа кўриш воситалари – ультратовуш (УЗИ), рентген, компьютер томографияси, МРТ ёрдамида аниқланмайдиган ўсимта ўчоқларини ПЭТ-КТда ташхислаш мумкин. ПЭТ-КТнинг бошқа диагностика турларидан устунлиги шундаки, у мутлақо хавфсиз, оғриқсиз даволаш имконини беради. Препаратнинг ўртача дозаси 6-8 милликурийни ташкил қилади. 

Муассасада ташкил этилган гемодиализ бўлими 10 нафар беморга мўлжалланган энг сўнгги русумдаги, дунё стандартларига жавоб берадиган гемодиализ аппаратлари билан жиҳозланган. Бундан ташқари, бу ерга мамлакатда ягона бўлган CRRT – узлуксиз буйрак ўрнини босувчи терапияни амалга ошириш имкониятини берадиган ускуна ҳам олиб келинган. Бу эса оғир буйрак етишмовчилиги билан касалланган кичик ёшдаги беморларни узлуксиз, 24 соат давомида сунъий буйрак ёрдамида токсинлардан тозалаш имкониятини беради.

Шунингдек, рентгенография, рентгеноскопия ва 2та мобил рентген аппарати бор. Турли шароитларда рентген ташхислашнинг зарур усулларини қўллаш мумкин бўлади. Юқори аниқликдаги бир неча УЗИ аппаратлари ҳам ўрнатилган. 

Тиббиёт марказида генетик лаборатория фаолияти йўлга қўйилмоқда. У бемор наслида қандай касалликлар мавжудлигини аниқлаш имконини беради.

Марказда кадрлар салоҳиятини доимий равишда ошириб боришга алоҳида эътибор қаратилади. Хусусан, Корея Республикасининг Пусан миллий университети клиникасида 100 нафар мутахассис малака ошириб қайтди. Бундан ташқари, KOICA ташкилоти билан тузилган грант шартномаси асосида 3 йил давомида марказнинг 55 нафар шифокор ва ҳамширалари турли йўналишлар бўйича Сеул Миллий университетининг тиббиёт марказида икки ойлик малака оширишлари режалаштирилган.

Шу билан бирга, уч йил давомида 20 нафарга яқин кореялик мутахассисларнинг мазкур марказда иш фаолиятини давом эттириши кўзда тутилган.

2021–2022 йилларда юқори нуфузли халқаро «JCI – Joint comission international» ташкилотининг аккредитациясини олиш режалаштирилган. Келажакда трансплантация йўналишида операцияларни бажариш учун буйрак, жигар ва юрак трансплантацияси бўйича мутахассислар тайёрланади.

Top