07:32 / 30.05.2020
9428

Фуқаролар қурол соҳасида рухсат бериш жараёнларидан қандай тартибда ўтиши маълум бўлди

Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тасдиқланади.

Фото: ИТАР-ТАСС/ Зураб Джавахадзе

Вазирлар Маҳкамасининг “Қурол муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Қуйидагилар:

Юридик шахслар томонидан қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом;

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари томонидан қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланади.

Белгиланишича:

ушбу қарор қабул қилингунига қадар қурол муомаласи соҳасидаги ҳаракатларни бажариш ва (ёки) фаолиятни амалга ошириш ҳуқуқи берилган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар уларнинг амал қилиш муддати тугагунига қадар ҳақиқий ҳисобланади;

2020 йил 31 декабрга қадар “Қурол тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига мувофиқ юридик ва жисмоний шахсларда мавжуд пневматик қуроллар ички ишлар органларида рўйхатга қўйилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва чет эл фуқаролари томонидан қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсат бериш тартиб-таомилларидан ўтиш тартиби тўғрисидаги низомга кўра, қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида жисмоний шахсларга бериладиган рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатлар қуйидаги рухсатномалар ҳисобланади:

а) фуқаровий қуролни, коллекциялаш қуроли ва унинг ўқ-дориларини олишга доир;

б) фуқаровий қуролни, мукофот қилинган қилинган қурол ва унинг ўқ-дориларини, коллекциялаш қуроли ва унинг ўқ-дориларини реализация қилишга доир;

в) фуқаровий қуролни, мукофот қилинган қуролни сақлаш ва олиб юришга доир;

г) спорт ўқотар қуролини, оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик спорт қуролини, тиғли совуқ спорт қуролини, улоқтириш спорт қуролини сақлашга доир;

д) сойли стволли спорт ўқотар қуролини ва унинг ўқ-дориларини, тиғли совуқ спорт қуролини, улоқтириш спорт қуролини, коллекциялаш қуроли ва унинг ўқ-дориларини, кўргазмага қуйиш қуроли ва унинг ўқ-дориларини ташишга доир;

е) қурол ва унинг ўқ-дориларини коллекциялашга доир;

ж) қурол ва унинг ўқ-дориларини кўргазмага қўйишга доир;

з) фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини, мукофот қилинган қурол ва унинг ўқ-дориларини, коллекциялаш қуроли ва унинг ўқ-дориларини, кўргазмага қуйиш қуроли ва унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб киришга доир;

и) фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини, мукофот қилинган қурол ва унинг ўқ-дориларини, коллекциялаш қуроли ва унинг ўқ-дориларини, кўргазмага қуйиш қуроли ва унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқишга доир;

к) фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини, мукофот қилинган қурол ва унинг ўқ-дориларини, коллекциялаш қуроли ва унинг ўқ-дориларини, кўргазмага қуйиш қуроли ва унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилишга доир.

Оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан кам ва калибри 4,5 миллиметрга қадар бўлган пневматик ов қуроли ва оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан кам бўлган пневматик спорт қуроли ҳамда кўрсатиб ўтилган қурол турларининг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида ҳаракатларни бажариш ва (ёки) фаолиятни амалга ошириш ваколатли органларнинг рухсатномаларисиз амалга оширилади.

Тиғли совуқ ов ва сигнал берувчи ов қуролини олиш, реализация қилиш, сақлаш, олиб юриш ва ташиш ваколатли органларнинг рухсатномаларисиз, овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси асосида амалга оширилади.

Ўқотар ов қуролининг ва оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролининг ўқ-дориларини олиш, реализация қилиш, сақлаш, олиб юриш ва ташиш ваколатли органлар томонидан берилган ўқ-дориларнинг тури ва калибрига мос ов қуролини сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномаси ва овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси асосида амалга оширилади.

Шахсий фойдаланиш мақсадида силлиқ стволли ўқотар ов қуролига патронларни аслаҳалаш учун фойдаланиладиган иницияланадиган ва оловланадиган модда ва материалларни (ов порохи ва пистонлар) олиш, реализация қилиш, сақлаш, ташиш ваколатли органларнинг силлиқ стволли ўқотар ов қуролини сақлаш ва олиб юришга доир рухсатномаси ва овчилар жамоат бирлашмаси томонидан берилган овчилик гувоҳномаси асосида амалга оширилади.

Ўқотар ов қуролини, оғиз қисмидаги қувват 7,5 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик ов қуролини, шунингдек силлиқ стволли спорт қуролини ва унинг ўқ-дориларини, оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик спорт қуроли ва унинг ўқ-дориларини, мукофот қилинган қурол ва унинг ўқ-дориларини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ташиш ваколатли органларнинг қуролни сақлаш ва олиб юришга ёки сақлашга доир рухсатномаси асосида амалга оширилади.

Қуйидагилар қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида ҳаракатларни бажариш ва (ёки) фаолиятни амалга ошириш учун рухсат беришга доир талаблар ва шартлар ҳисобланади:

а) қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи, жамоат тартиби ва жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

б) қурол ва унинг ўқ-дорилари бут сақланишини, сақлаш хавфсизлиги ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш ҳамда уларга бегона шахслар эгалик қилишни истисно этишга қаратилган чораларни кўриш;

в) қуйидагилар муомаласи соҳасида ҳаракатларни бажаришга ва (ёки) фаолиятни амалга оширишга йўл қўймаслик:

“Қурол тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9 ва 19-моддаларига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муомаласи тақиқланган фуқаровий ва мукофот қилинган қурол ва унинг ўқ-дорилари билан;

шикастловчи таъсири радиоактив нурланиш, кимёвий ва биологик (бактериологик) омиллардан фойдаланишга ёки электромагнит, нур, иссиқлик, инфратовуш, ультратовуш нурланишдан фойдаланишга асосланган коллекциялаш ва кўргазмага қўйиш қуроли ҳамда унинг ўқ-дорилари билан;

г) рухсатномада кўрсатилган қурол ва унинг ўқ-дорилари доирасида ҳамда уларга оид ҳаракатларни шахсан бажариш ва (ёки) фаолиятни шахсан амалга ошириш;

д) аризачининг йигирма бир ёшга (фуқаровий ов, коллекциялаш ва кўргазмага қўйиш қуроли ҳамда унинг ўқ-дориларига эгалик қилиш учун) ва ўн саккиз ёшга (фуқаровий спорт қуроли ва унинг ўқ-дорилари, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролига эгалик қилиш учун) етган бўлиши;

е) “Қурол тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 13-моддаси тўққизинчи қисмининг учинчи, бешинчи – ўн биринчи хатбошиларида назарда тутилган асосларнинг мавжуд эмаслиги (Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ов қилиш, спорт тадбирларида иштирок этиш ёки кўргазмага қўйиш мақсадида ов, спорт ва кўргазмага қўйиш қуроли ҳамда унинг ўқ-дориларини олиб кириш, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида олинган фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини олиб чиқиш, фуқаровий, мукофот қилинган, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш қуроли ва унинг ўқ-дориларини Ўзбекистон Республикаси ҳудуди орқали транзит қилиш ҳолларидан ташқари);

ж) фуқаровий қуролни биринчи марта олаётган жисмоний шахсларнинг овчилар жамоат бирлашмасида (ов қуроли учун) ва отиш спорти соҳасидаги фаолият билан шуғулланувчи юридик шахсларда (спорт қуроли учун) қуролдан хавфсиз фойдаланиш қоидаларини билиши юзасидан текширувдан, шунингдек қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги даврий тиббий текширувлардан ўтиши (қурол билан мукофотлаш ҳоллари ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида вақтинча турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар бундан мустасно);

з) доимий яшаш жойи ўзгарган тақдирда, янги доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга қўйилган кундан эътиборан ўн кун муддат ичида тегишли ваколатли органга ўзига тегишли қуролни қайта рўйхатдан ўтказиш чораларини кўриш;

и) фуқаровий қуролни сақлаш ва олиб юришга, спорт ўқотар қуролини, оғиз қисмидаги қувват 3 жоулдан юқори ва калибри 4,5 миллиметрдан ортиқ бўлган пневматик спорт қуролини, тиғли совуқ спорт қуролини, улоқтириш спорт қуролини сақлашга, қурол ва унинг ўқ-дориларини коллекциялаш ёки кўргазмага қўйишга доир рухсатномаларнинг амал қилиш муддатларини узайтириш учун зарур бўлган ҳужжатларни рухсатноманинг амал қилиш муддати тугашидан камида ўттиз иш кунидан олдин, бошқа турдаги рухсатномаларнинг амал қилиш муддатини узайтириш учун зарур бўлган ҳужжатларни эса уларнинг амал қилиш муддатлари тугашидан камида ўн иш кунидан олдин ваколатли органга тақдим этиш;

к) ваколатли орган ёки суднинг рухсатноманинг амал қилишини тугатиш ёки уни бекор қилиш тўғрисидаги қарори олинган кундан эътиборан ўн кун ичида қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласи соҳасида рухсатномаларни ваколатли органга қайтариш;

л) қурол тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этилишини текшириш учун ваколатли органлар ходимларининг қурол ва унинг ўқ-дорилари сақланадиган жойларга соат 6-00 дан 22-00 гача монеликсиз киришини таъминлаш, танишиб чиқиш учун уларга зарур ҳужжатларни тақдим этиш.

Рухсатнома олиш учун аризачи ваколатли органга мувофиқ шаклда қуйидагилар кўрсатилган ариза тақдим этади:

фамилияси, исми, отасининг исми, фуқаролиги, паспорт (яшаш гувоҳномаси) серияси ва рақами, туғилган санаси ва жойи, доимий яшаш жой манзили, мурожаат учун телефон рақамлари, мавжуд бўлса – электрон почта ва веб-сайт манзиллари;

бажармоқчи ва (ёки) амалга оширмоқчи бўлган аниқ ҳаракатлари ва (ёки) муайян фаолияти учун рухсатнома олишдан мақсади, ушбу ҳаракатларни бажариш ва (ёки) фаолиятни амалга оширишга дахлдор қурол (тури, хили, модели ва калибри) ва унинг ўқ-дорилари (тури, калибри);

ҳаракатлар бажариладиган ва (ёки) фаолият амалга ошириладиган жой, шунингдек қурол ва унинг ўқ-дорилари жойлаштириладиган (сақланадиган) жой;

ҳаракатлар бажариладиган ва (ёки) фаолият амалга ошириладиган тахминий муддат (зарур бўлганда).

Top