07:30 / 03.06.2020
11766

Рўйхатга олинмаган қуролни ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан топшириш тартиби очиқланди

Рўйхатга олинмаган қуролни, патронларни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан топшириш тартиби тасдиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг “Рўйхатга олинмаган қуролни, патронларни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ва портлатиш қурилмаларини ички ишлар органларига ўз ихтиёри билан топшириш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Низомга кўра, жисмоний ва юридик шахс қуролни, патронларни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топшириш тўғрисида қарорга келса ҳамда уларни топшириш ҳақида ички ишлар органларига ёзма ёки оғзаки равишда мурожаат қилса, у қуролни, патронларни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган деб эътироф этилади.

Жисмоний ва юридик шахс тинтув жараёнида ёки унда қурол, патронлар, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари борлиги ҳақида далиллар келтирилиши натижасида уларни топшириш тўғрисидаги қарорга келса, у қуролни, патронларни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган деб эътироф этилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасига мувофиқ қуролни, патронларни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширган жисмоний ва юридик шахс қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликдан озод қилинади.

Жисмоний ёки юридик шахс ички ишлар органларига қурол ва (ёки) уларнинг ўқ-дориларини ўз ихтиёри билан топширганлиги учун пул мукофоти билан тақдирланиши, 1974 йилгача ишлаб чиқарилган фуқаровий ўқотар қурол топширган жисмоний шахс эса – уни имтиёзли (устувор тарзда) олиш ҳуқуқига эга бўлиши мумкин.

Қуролни, патронларни, ўқ-дориларни, портловчи моддаларни ва портлатиш қурилмаларини ўз ихтиёри билан топширишга истак билдирган жисмоний шахс ёки юридик шахс номидан унинг ишончли вакили ёзма ёки оғзаки равишда ариза билан бевосита, почта алоқаси воситалари, телефон алоқа воситаси ёки электрон воситалардан фойдаланган ҳолда ўзининг яшаш жойи ёки қурол, патронлар, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари сақланаётган жой бўйича ҳудудий ички ишлар органларига ёки профилактика инспекторига мурожаат қилади.

Аризада қуйидагилар кўрсатилади:

жисмоний шахс учун − фамилияси, исми, отасининг исми, рўйхатдан ўтган яшаш жойининг ва амалда яшаш жойининг манзиллари, паспорт маълумотлари, боғланиш учун телефон рақамлари;

юридик шахс учун − номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, почта манзили, телефон рақами, юридик шахс номидан унинг ишончли вакилининг лавозими, фамилияси, исми, отасининг исми, шахсга оид маълумотлари, телефон рақами;

топшириладиган қурол, патронлар, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмалари бевосита сақланаётган жой, уларнинг номи, ўзига хос маълумотлари ва сони (топширилаётган қуролларнинг сони, тури (системаси), русуми, модели, калибри, заводда қўйилган серияси, рақами ва ишлаб чиқарилган йили; патронларнинг ва ўқ-дориларнинг сони, тури ва калибри, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларининг тури (системаси), русуми, номи ва сони — агар маълум бўлса, уларнинг таснифи), уларга эгалик қилиш (сотиб олиш, топиб олиш) ҳолати ва манбаларининг қисқача тавсифи;

ўз ихтиёри билан топширилаётган қурол ва (ёки) патронлар учун тақдирлашнинг шакли (пул мукофоти билан тақдирлаш ёки 1974 йилгача ишлаб чиқарилган фуқаровий ўқотар қуролни имтиёзли олиш).

Ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва (ёки) патронлар учун пул мукофотининг миқдори ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва ўқ-дорилар учун пул мукофоти миқдорларига мос равишда Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг буйруқлари асосида берилади.

Қурол ва (ёки) патронларни ўз ихтиёри билан топширган аризачининг хоҳишига кўра пул мукофоти нақд шаклда ёки унинг ҳисоб рақамига пул ўтказиш йўли билан Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирининг, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ички ишлар бош бошқармалари ҳамда вилоятлар ички ишлар бошқармалари бошлиқларининг тақдирлаш тўғрисидаги буйруғи эълон қилинган кундан бошлаб беш иш кунидан кўп бўлмаган муддатда тегишли молия-иқтисод бошқарма (бўлим)лари томонидан амалга оширилади.

Қурол ва (ёки) патронларни ўз ихтиёри билан топширган ўн саккиз ёшга тўлган жисмоний шахслар пул мукофоти билан бевосита тақдирланади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган жисмоний шахсни пул мукофоти билан тақдирлаш унинг қонуний вакили орқали амалга оширилади. Жисмоний шахс қурол ва (ёки) патронларни ўз ихтиёри билан топширганлиги учун пул мукофотини ишончнома асосида ўзининг ишончли вакили орқали олиши мумкин.

Юридик шахсни нақд шаклда пул мукофоти билан тақдирлаш ушбу юридик шахс номидан унинг ишончли вакили орқали амалга оширилади.

Қуйидаги асосларга кўра пул мукофоти билан тақдирлаш рад этилади:

ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва (ёки) патронлар ўз ихтиёри билан топширилган қурол ва патронлар учун пул мукофоти миқдорларидаги рўйхатда кўрсатилмаган бўлса;

қурол ва (ёки) патронларни ўз ихтиёри билан топширган аризачининг қуролдан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятга ёки ушбу қурол ва (ёки) патронлар ўғирланганлиги билан боғлиқ жиноятга алоқадорлиги аниқланганда.

Билдирилишича, лойиҳа қабул қилиниши:

қурол-яроғлар, портловчи моддалар ва портлатиш қурилмаларини ноқонуний муомаладан олишга доир тадбирлар жадаллаштирилишига, улар билан боғлиқ бўлган жиноят ва ҳодисаларнинг барвақт олдини олинишига;

қурол-яроғлар ва портлашга хавфли бўлган предметларни ўз ихтиёри билан ички ишлар органларига топширишнинг соддалаштирилган ва мақбул шароитлар яратилишига, топширувчи шахс ва атрофдагиларнинг хавфсизлиги таъминланишига хизмат қилади.

Ички ишлар органларига йиллик ўртача ҳисобда топшириладиган қурол ва патронларнинг сони ҳамда лойиҳада назарда тутилган пул мукофоти миқдорлари бўйича ўтказилган ҳисоб-китобларга кўра, лойиҳанинг татбиқ этилиши қабул қилиниши Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетидан ҳар йили тахминан 1 млрд. 135 млн. 449 минг 100 сўм ажратилишини талаб этади.

Top