23:11 / 09.06.2020
47389

Ўзбекистондаги 55та сув омборидан 54таси – грунтли тўғон. Эксперт сув омборлари ҳақида маълумот берди

Ирригация ва сув муаммолари илмий тадқиқот институти директори Илҳом Маҳмудов АОКА штабида ўтказилган брифингда сув омборларига доир назарий маълумотлар билан бўлишди.

Жанубий Сурхон сув омбори. Қумқўрғон тумани / Фото: KUN.UZ

Илҳом Маҳмудовнинг айтишича, сув омборлари тўғонлари қурилиш материалларига кўра қуйидаги турларга бўлинади:

  • грунт тўғонлар;
  • бетон;
  • тошли;
  • темир-бетон;
  • габионли тўғонлар.

Илҳом Маҳмудов Йирик тўғонлар бўйича халқаро комиссия маълумотлари асосида сув омборларидаги авариялар ҳақида ҳам маълумот берди. Унга кўра, сув омборларидаги ҳар икки авариядан биттаси грунт тўғонлар ҳиссасига тўғри келади.

Графика: АОКА

Ўрта ва йирик тўғонлардаги аварияларнинг 40 фоизи тўғон асосининг бузилиши натижасида рўй беради.

Графика: АОКА

Гидротехника иншоотларида хавфли аварияларнинг содир бўлиш омиллари ҳам 2 турга бўлинади:

  • Табиий омиллар. Яъни экстремал оқимлар, кучли шамол, довуллар, ер қимирлаши ва бошқа климатик омилларга боғлиқ.
  • Антропоген омиллар. Лойиҳада йўл қўйилган хатоликлар, қурилиш меъёрлари ва талабларига риоя қилмаслик, эксплуатация ходимлари малакасининг етишмаслиги кабилар.

Мутахассисга кўра, сув омборларининг турли босимларга чидамлилиги бўйича қуйидаги турлари фарқланади:

  • гравитацион;
  • аркали;
  • контрфорсли;
  • аркали гравитацион.
Қалқама сув омбори. Қашқадарё вилояти Чироқчи тумани
Фото: KUN.UZ

Сув омборлари ўзан ва қуйилма сув омборларига бўлинади. Мазкур иншоотлар тўғони сув чиқариш иншоотисиз (глухой) ёки сув чиқариш иншооти мавжуд бўлиши мумкин.

«Сув омборларини қуриш эрамиздан 5 минг йил муқаддам бошланган. Сўнгги 70-80 йил давомида сув омборларини қуриш жуда тезлашиб кетди.

Ҳозирда Ер юзида ўрта ва йирик сув омборларининг сони 46 мингдан ортиқ бўлиб, умумий ҳажми – 6600 км3, фойдали ҳажми — 3500 км3 дан ортади. Бу дегани – ер юзидаги барча дарёларнинг 10 фоиз йиллик оқим ҳажмига тўғри келади. Сув юзаси майдони эса 600-620 минг км2 (Ер шари юзасининг 0,2 фоизи)ни ташкил қилади.

Ҳозирда йилига 300дан 500тагача турли ҳажмдаги сув омборлари ишга туширилмоқда. Ангара, Миссури, Колорадо, Парана, Теннеси каби йирик дарёлар сув омборлари каскадига айланган. Прогнозларга қараганда, яна 30-50 йил ичида Ер юзидаги дарёлар ҳавзаларининг учдан икки қисми сув омборлари орқали бошқарилади», – деди Илҳом Маҳмудов.

Маълум қилинишича, Англиядаги 51 фоиз тўғонлар 90 йил, Нидерландияда 45 фоиз тўғонлардан 80 йилдан бери самарали фойдаланиб келинмоқда.

Мавзу
Сардобада сув тошқини
1 май куни тонгда Сирдарё вилоятидаги «Сардоба» сув омбори дамбаси девори бузилиб, сув тошиб чиқди.
Барчаси
Top