15:27 / 12.06.2020
13769

Афғонистонда бир кунда 748 киши коронавирусга чалинган. Қўшни давлатлардаги эпедимиологик вазият ҳақида маълумот берилди

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбоновнинг маълум қилишича, Ўзбекистон билан чегарадош мамлакатлар орасида энг ёмон кўрсаткич Афғонистонда кузатилмоқда. 11 июнь куни ушбу мамлакатда 748 та янги ҳолат қайд этилиб, вирус юқтирганлар сони 22890 нафарга етган. Шундан 446 нафар бемор ҳаётдан кўз юмган.

Фото: DW/F.Zahir

«COVID-19 коронавирус инфекцияси бўйича 2020 йил 12 июнь соат 12.00 ҳолатига кўра Қозоғистонда 13872 (+553) нафар фуқаро касалланган, шундан 67 нафар бемор вафот этган. Тожикистонда вирус юқтирганлар сони 4834 (+71) нафарга етган, 49 киши оламдан ўтган. Қирғизистонда эса шу пайтгача 2166 (+37) киши коронавирус инфекциясини юқтирган бўлиб, шундан 26 нафар бемор касаллик оқибатида вафот этишган», деган Ботир Қурбонов.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари, шунингдек, мамлакатимиздаги ҳолат ҳақида ҳам маълумот берди.

«Ўзбекистонда жами бўлиб 4 819 нафар беморда коронавирус инфекцияси рўйхатга олинган, ҳозирги кунгача 3 637 нафар (75 фоиз) беморлар бутунлай соғайди, 1163 нафар беморлар даволанмоқда.

11 июнь куни мамлакатимизда 118 ҳолатда янги касаллик қайд этилган. Шундан 70 нафари карантин муассасаларида (жумладан, Қашқадарё вилояти Муборак туманида бир йўла 28 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси қайд этилган), 39 нафари аҳоли орасида (шундан Навоий вилоятидан 18 нафар, Тошкент шаҳридан 17 нафар, Наманган вилоятидан 3 нафар ҳамда Тошкент вилоятидан 1 нафар), қолган 9 нафари халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

Ўтган бир куннинг ўзида 105 нафар фуқаро ушбу касалликдан даволаниб, шифохонадан чиқарилди. Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 4741 нафар бемордан 3637 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 76 фоизни ташкил этмоқда.

Мавжуд вирусологик лабораторияларда охирги бир кунда 17086та, эпидмавсум давомида 865072та тест синовлари ўтказилди», дейди у.

Top