08:44 / 17.06.2020
8881

Бўстонлиқда пичоқ ва бейсбол битасини ишлатган ҳолда безорилик қилган шахслар қамоққа олинди

Ҳолат юзасидан Бўстонлиқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилди.

2020 йил 9 июнь куни соат 15:30да 28 ёшли Ф.Т. таниши, 24 ёшли Ғ.Н. билан бир гуруҳ бўлиб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, 24 ёшли Х.Э.ни жамоат жойи ҳисобланувчи Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани, Дўстлик маҳалласи ҳудудида жойлашган «Алаш ота» номли тўйхона ёнига чақириб, уни уятли сўзлар билан сўкиб-ҳақоратлаган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, сўнг у кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган ёнидаги пичоқни қурол сифатида намойиш қилиб, қўрқитиб, Ғ.Н. мазкур пичоқ билан Х.Э.га тан жароҳати етказган. Ўз навбатида, шу вақтда Ф.Т. ўзининг жиноий ҳаракатлари билан жамоат тартибини бузаётганлигини англаган ҳолда, металлдан ишланган бейсбол битаси билан 24 ёшли Х.Э.нинг бошқарувидаги Nexia-3 русумли автомашинанинг орқа чап томон ёритгич чироғини уриб синдириб, безорилик жиноятини содир этган.

Натижада Х.Э. олган тан жароҳатлари билан Бўстонлиқ туман тиббиёт бирлашмасига мурожаат қилган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида, Ф.Т.дан бир дона металлдан ишланган бейсбол битаси ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Суд-тиббий экспертизанинг хулосасига кўра, Х.Э.га “енгил” тан жароҳатлари етказилганлиги кўрсатилган.

Ҳолат юзасидан Бўстонлиқ туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, Ғ.Н.га Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми «б,в» бандлари (бир гуруҳ шахслар томонидан, совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида) намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб содир этилган безорилик) билан, Ф.Т.га эса ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми «а» банди  (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилган безорилик) билан айб эълон қилиниб, уларга нисбатан “қамоққа олиш” тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Top