22:22 / 18.06.2020
56102

«Собиқ ҳоким, прокурор қурилиш ташкилоти очган. Нега?! Ахир у қурувчи эмас-ку!» Тошкент вилояти ҳокими қурилишдаги коррупция ҳақида

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги

Рустам Холматовнинг айтишича, ташкилот қурилишни вақтида бажара олмаса, ойма-ой, кунма-кун ҳисобланган параметрлардан асоссиз равишда ортда қолса, ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилади, асоссиз равишда шундай қилган бўлса, тузилган шартнома бекор қилинади.

Тошкент вилояти ҳокими бу ҳақда вилоятдаги қурилиш ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувда айтиб ўтди.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, танқидий-таҳлилий руҳда ўтган йиғилишда қурилиш соҳасида шу чоққача йўл қўйилган камчиликлар таҳлил қилинган.

«Қизиқ факт. Турли дастурлар ва расмий топшириқлар бўйича қурилиши керак бўлган битта объектда, вилоятда ўртача 24 та қурилиш ташкилоти тўғри келяпти. Бунинг сабаби нима? Яшириб нима қилдик, шундай даврлар бўлдики, қурилиш соҳасида коррупция авж олди, ажратилган маблағнинг энидан-бўйидан уриб қолиш эвазига сифатсиз қурилган биноларни кўрдик, кўряпмиз», – деди Рустам Холматов.

Мажлисда қурилиш ишларини соҳанинг ўз эгалари олиб бориши муҳимлиги таъкидланган.

«Собиқ ҳоким, прокурор, солиқ идорасининг раҳбарларидан бири бўлиб ишлаган одам кейинчалик қурилиш ташкилоти очган. Нега?! Ахир у қурувчи эмас-ку! Чунки қурилишда «откат» бор, пул бор. Мен ўзим шундайларнинг бири билан суҳбатлашдим. «Нима қура оласан?», деб сўрасам: «Нима қур десангиз, қураман!», дейди. Йўқ, бу – энди қурувчининг гапи эмас. Объект олиб, уни ёлланма ишчиларга топшириб, ўртада пул ишлайдиган ўртакашнинг гапи бу», дея таъкидлади вилоят раҳбари.

Вилоят ҳокими Паркентда қуриб битказилган бўлса-да, айрим камчиликлари борлиги учун ҳали қабул қилиб олинмаган, бюджетдан ажратилган маблағлар тўла ўзлаштирилмаган мактабгача таълим ташкилотининг баҳордаги кучли шамол натижасида томи учиб кетганини ёдга олиб, эндиликда яна маблағ сарфлаб иншоотни қайта қураётган қурувчи учун бу катта сабоқ бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, учрушувда Ангрен шаҳрида 2018 йили фойдаланишга топширилиши белгиланган мактабгача таълим ташкилоти ҳалигача фойдаланишга топширилмагани, сифатсиз қурилиш материалларидан фойдаланиш оқибатида бинонинг тақдири номаълум қолаётгани танқид қилинди. 2019 йилда шаҳар ва туманлар ҳокимларининг тавсияси асосида объектлар учун қурилиш корхоналари танланган бўлса, жорий йил очиқ тендер йўли билан қурувчилар саралаб олинган.

«Қурилишда иккита асосий меъёр бор – сифат ва муддат. Бироқ, айрим қурилиш ташкилотлари томонидан кўпинча объектни фойдаланишга ражалаштирилган вақтидан кечиктириб топшириш «анъана»си бор. Энди бундай бўлмайди. Қайси ташкилот қурилишни вақтида бажара олмаса, ойма-ой, кунма-кун ҳисобланган параметрлардан асоссиз равишда ортда қолса, ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилади, асоссиз равишда шундай қилган бўлса, тузилган шартнома, керак бўлса, бир томонлама бекор қилинади.

Бу гаплардан мурод бировни қўрқитиш, чўчитиш эмас. Мақсад, қурилиш, бунёдкорлик ишлари бўйича Тошкент вилояти қурувчилари обрўсини жойига қўйиш! Биз сизларга ишонганмиз – тендер якунлари бўйича айнан сизлар 2020 йилги дастурлар бўйича режалаштирилган қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб боришингиз аниқ. Энди марҳамат қилиб, ҳалол-пок ишланглар! Фақат тендер пайтида берилган ваъдалар, кўрсатилган техника ва ишчилар амалда мавжудми ёки ўртада туриб, қурилишга учинчи томонни жалб қилиб, бюджет маблағи талон-торож қилинмайдими – гап шунда», – деди Рустам Холматов.

Қайд этилишича, охирги бир йилда вилоятда 20дан ортиқ қурилиш ташкилотларига нисбатан жиноий иш очилган. Вилоят ҳокими бу масалага тўхталар экан, қурилиш жараёнидаги эътиборсизлик, лоқайдлик туфайли йўл қўйилган бу камчиликларнинг олдини вақтида олишга эътибор қаратган.

Рустам Холматов қурилиш ишлари бошлангандаёқ ҳар бир объект бўйича тегишли жамоатчилик вакили – халқ депутатлари вилоят кенгаши депутати, молия бошқармаси, давлат молиявий назорат органининг вилоят бошқармаси вакиллари ишларнинг бориши, сифати календар-режага, тегишли кўрсаткичларга мувофиқлиги устидан қатъий назорат ўрнатиши бўйича тизим ташкил этишга топшириқ берди.

Унга кўра, эндиликда Тошкент вилоятида амалга ошириладиган қурилиш ишларининг боришини тегишли назорат-тафтиш органларидан ташқари, сектор раҳбарлари, депутатлар, молия органлари назорат қилиб бориши, иншоотнинг ўз вақтида ва юқори савияда фойдаланишга топширилиши юзасидан барчага нисбатан ҳисобдорлик жорий этилиши кўзда тутилмоқда.

«У ёки бу қурувчига содир этган қилмиши учун жиноий иш очилиши – чуқур қараганда, бўлар иш бўлгандан кейинги жараён. Жамият ва давлат учун ютуқ эмас, ютқизиқ. Нега энди ҳали у ишни олиб бораётган, қурилиш жадал кетаётган пайтда давлат бюджети маблағларини ўзлаштиришига масъуллар жим қараб ўтиради? Айтайлик, исталган туман молия бўлими раҳбаридан ҳудудидаги қурилиш объектлари ҳақида сўрасангиз, билмайди. Ҳолбуки, у эмасми бюджетнинг назоратчиси?», деди вилоят ҳокими.

Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг билдиришича, учрашувда ҳафтанинг ҳар шанба куни қурилиш соҳаси ходимлари билан 2020 йилда қурилиши мўлжалланган объектларда ишларнинг боришини муҳокама этиш, бунда тегишли масъулларнинг ахборотини эшитишга келишилган.

Top