15:42 / 23.06.2020
2993

Карантин даврида кичик бизнес корхоналари тўлаши керак бўлган 4,6 млрд сўм пеня ва жарималардан воз кечилди

Давлат солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Музаффарюсуф Назаров АОКАда ўтказилган онлайн брифингда карантин чекловлари давомида тадбиркорларга берилаётган солиқ имтиёзлари ҳақида маълумот берди.

Қўмита вакилининг қайд этишича, жорий йилнинг 1 январидан 15 майгача бўлган муддатда кичик бизнес субъектларининг ер ва мол-мулк солиғи бўйича ҳосил бўлган пеня ва жарималар суммаларидан воз кечилган. Натижада, 16 251та кичик бизнес корхоналарининг 4,6 миллиард сўм миқдоридаги йиғилиб қолган пеня ва жарималари тўлиқ ҳисобдан чиқарилган.

«Бундан ташқари, 1 майдан 1 июлгача микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизгача пасайтирилди. Бунинг билан 1 млн 681 минг 769та иш ўрни ташкил этган 328 минг 782та микрофирма ва кичик бизнес субъектлари солиқ тўловчиларининг солиқ юки камайтирилди.

Уларга белгиланган муддат давомида ҳисобланган ижтимоий солиқнинг умумий миқдори 601 миллиард сўмни ташкил этади, аммо ставка сезиларли даражада пасайгани сабабли мазкур солиқ тўловчилар бюджетга 50 миллиард сўм тўлайдиган бўлди. Тақдим этилган имтиёз миқдори эса 551 миллиард сўмни ташкил этади», деди Музаффарюсуф Назаров онлайн брифингда. 

Top