15:15 / 23.06.2020
7849

Қишлоқ хўжалигида рақамли технологиялар: Электрон савдо платформаси, экинларни фазодан назорат қилиш ва техника ижараси учун мобил илова

Ўзбекистонда етиштирилган сархил мевалар ўзининг бетакрор таъми билан бутун дунёга машҳур! Агар хабарингиз бўлса, ўтган йили ўзбек гилоси Лондон супермаркетларигача етиб борди. Бугун юртимизда етиштирилган ёз неъматларини дунёнинг тўрт бурчагида учратиш мумкин. Албатта, бундай натижаларга эришиш осон бўлгани йўқ.

Аммо ҳозирги кунда коронавирус пандемияси туфайли дунё бозори инқирозга учрамоқда, деб айта оламиз. Ҳозирги кунда бутун дунёда қишлоқ хўжалиги соҳасида ҳам қўшимча қиймат занжиридаги барча қатнашувчилар маълум бир қийинчиликка чалиниши одатий ҳол бўлиб қолган. Шу ва тизимдаги бошқа муаммоларни ечишда рақамли технологилардан қандай фойдаланиш мумкин деган саволга Consort Group МЧЖнинг бош менежери Ниғматжон Анваров жавоб бермоқда.

Consort Group МЧЖ ҳозирги кунда Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигига тааллуқли энг танилган ва нуфузли веб-порталларидан Agromart порталини бошқариб келмоқда. Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган ушбу портал қишлоқ хўжалигига алоқаси бўлган барча фойдаланувчиларга мўлжалланган бўлиб, унда соҳада юзага келадиган ҳар қандай масала бўйича фойдали маълумотларни топиш мумкин. Порталдаги “Онлайн-консультация” бўлимида эса қишлоқ хўжалигига оид ҳар қандай мавзу юзасидан савол бериб, малакали мутахассислардан онлайн тарзда 24/7 режимида жавоб олиш мумкин. Бунинг учун тизимда рўйхатдан ўтиб, саволни тегишли шаклда юбориш кифоя.

Саволлар агрономия, полиз маҳсулотлари етиштириш, ветеринария, узумчилик, чорвачилик, сабзавотчилик, паррандачилик, балиқчилик, боғдорчилик соҳаларига оид ҳуқуқий ва амалий масалалар юзасидан берилиши мумкин. Ундан ташқари веб-порталда қишлоқ хўжалигининг 50дан ортиқ маҳсулотлари бўйича ҳафталик нархлар вилоятлар кесимида янгиланиб борилади.

Фермерларнинг маҳсулотларини сотишда қандай рақамли имкониятлар мавжуд?

Фермерлар етиштирган мева-сабзавотларни сотиш ёки фаолиятларида зарур бўлган асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун порталдаги “Савдо майдончаси” бўлимига бепул эълон беришлари мумкин. Шуни айтиб ўтиш жоизки, ҳозирда ушбу савдо майдончада фермерларимиз ҳамда экспортерларни бир-бирига боғлаш учун пул ўтказмалари кафолатланган ва фермерлар экспортерларга тўғридан-тўғри маҳсулотларини тақдим эта оладиган савдо платформаси устидан иш олиб борилмоқда. Ушбу платформа орқали экспортерлар ўзига керакли маҳсулотларни тендер орқали платформага чиқариб фермерлардан тўғридан-тўғри таклифлар қабул қилиш имконияти пайдо бўлади. Бу таклифлар ичида маҳсулот расмлари ва видеолари, зарур бўлган сертификатлар ва бошқа ҳужжатларни илова қилиб жўнатишлари мумкин.

Экспортерлар танлаб олинган фермерларга платформанинг ишончли тўлов тизими орқали пул жўнатиб, савдоларни расмийлаштиради ва кафолатлайди. Бундай платформа фермерлар ўз маҳсулотларини жаҳон бозорига чиқаришда яқиндан кўмакдош бўлиб қолади, деб уйлаймиз. Фермерлар ва экспортерлар учун мўлжалланган ушбу платформани шу йилнинг кузги мавсумига тайерламоқдамиз ва барча бозор иштирокчиларни ундан фойдаланишга чақириб қоламиз. Бунга қўшимча қилиб айтганда, биз бу платформани Бельгия, Италия ва Россия давлатлардаги чет эл хамкорларимиз билан биргаликда ҳалқаро платформалар билан боғлаб, шу каби ҳалқаро компанияларнинг экспортга мўлжалланган маҳсулотлар тендерларини ҳам жойлаштиришни мўлжалламоқдамиз. Шу каби имкониятларни алоҳида ички бозор қатнашчувчиларига ҳам очиб берамиз. Яъни маҳаллий дўконлар ва супермаркетлар учун фермерлардан тўғридан-тўғри маҳсулотларни кундалик тарзда сотиб олишга имконият яратилади.

Сиз тарафдан бошқа бир рақамли технологиялар устидан иш олиб бориляптими?

Ҳа, албатта, биз қишлоқ хўжалигининг барча йўналишларида рақамлаштириш ишларини олиб боряпмиз. Мана масалан июль ойида биз фермердан фермерга, ҳамда давлат МТПлардан қишлоқ хўжалиги техникасини бевосита, ишончли тўлов тизими орқали ижарага бериш дастурини жорий қилмоқдамиз. Ушбу дастур мобил иловадан ташкил топиб, қишлоқ хўжалиги техникасини излаш ва керакли мавсумий ишлар учун ижарага олиш жараёнини анча енгиллаштиради. Мисол учун Қашқадарёнинг Чироқчи туманидаги фермер ўз дала ишларига техника излаётганида уни мобил илова орқали Самарқанддаги Ургут туманидан керакли хизмат турларига мослашган техникани ушбу тизимга жойлаштирган фермердан олса бўлади. Биз яқинда шу тизимни фермерларимизга тақдим этамиз.

Бундан ташқари биз АҚШдаги хамкорларимиз билан биргаликда фермерлар учун ерлари тўғрисида кундалик тарзда ва ҳар хил спектрларда сунъий йўлдошлардан олинган расмлар ёрдамида ер ва экинларнинг ҳолатини аниқлаб берувчи мобил илова устида иш олиб боряпмиз. Шу илова орқали фермерларимиз ўз ерларини фазодан назорат қилиб, пайдо бўлаётган муаммоларни тезда аниқлаб порталимиздаги консультантлардан тезкор маслаҳат олиб бартараф этишлари мумкин бўлади. Ундан ташқари ушбу илова далаларда меъёрдан ортиқ ўғит ишлатишнинг олдини олиш, сув тежамкорлигини таъминлаш ва шу билан хўжаликларнинг барқарорлигини таъминлашда жуда катта ёрдамчи бўлади.

Хуллас, AgroMart порталинининг мутахассислари том маънода қишлоқ хўжалигида фаолият юритаётганлар ва соҳа мутахассисларини бир жойга жалб қилиб, деҳқон ва фермерларимизга яқиндан самарали ёрдам берадиган рақамли платформалар устида иш олиб бормоқда.

Дарвоқе, портал фаолияти унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали ҳам кузатиб бориш мумкин. Бунинг учун порталнинг Телеграм-каналига аъзо бўлиш, ёхуд Facebook-саҳифасига ёзилишнинг ўзи кифоя. 

Реклама ҳуқуқи асосида

Мавзуга оид
Top