19:55 / 26.06.2020
8313

Ҳар учинчиси ёшлар, ҳар тўртинчиси ишсизлар – Тошкентдаги жиноятчилик кўрсаткичлари маълум қилинди

Пойтахтда 2019 йилда содир этилган жиноятларнинг деярли ҳар учинчиси ёшлар, ҳар тўртинчиси ишсизлар ҳисобига тўғри келади.

Тошкент шаҳридаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш масаласида Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши аъзолари иштирокидаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Мажлисда қайд этилишича, Тошкент шаҳрида ўтган йилда содир этилган жиноятлар 430тага ёки 6 фоизга камайган.

Жиноят турларидан қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, талончилик, босқинчилик, ўғрилик, фирибгарлик, безорилик, транспорт воситаларини олиб қочиш, ўлим билан боғлиқ транспорт ҳодисалари камайгани қайд этилган.

Пойтахтдаги мавжуд 514та маҳалла фуқаролари йиғинидан 76тасида (14,8 фоизида) жиноят содир этилмаган, 369тасида (72,1 фоизида) жиноятчиликнинг камайишига эришилган бўлиб, 40тасида бу кўрсаткич ошган.

«Жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш бўйича жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда ишлар етарли даражада олиб борилмагани оқибатида Тошкент шаҳрида олди олиниши мумкин бўлган жиноятчилик ҳолатлари – қотиллик (Мирзо Улуғбек, Яккасарой туманларида), оғир тан жароҳати етказиш (Чилонзор туманида), номусга тегиш (Миробод, Учтепа туманларида), босқинчилик (Юнусобод, Чилонзор туманларида), талончилик (Юнусобод, Учтепа туманларида), ўғрилик (Яккасарой, Учтепа туманларида), транспорт воситаларини олиб қочиш жиноятлари (Чилонзор, Яшнобод туманларида) энг кўп содир этилган.

Пойтахтда ўтган йили қотиллик жиноятлари 9тага (61тадан 52тага) камайган бўлса-да, ўз вақтида низоларга барҳам берилмагани оқибатида бу жиноятларнинг 15таси (28,8 фоизи) оила-турмуш муносабатлари доирасида (8таси эр-хотин, 3таси ака-ука, 4таси қариндошлар) орасида содир этилган», дея ахборот берди сенатор Фарҳод Боқиев.

Маълум бўлишича, қотиллик ва оғир тан жароҳати етказиш жиноятларининг деярли ярми ёшлар томонидан содир этилган бўлиб, бу борада Тошкент – республикада энг салбий кўрсаткични қайд этган.

Шунингдек, Тошкент шаҳрида жиноят содир этган шахсларнинг деярли ҳар учинчиси ёшлар, ҳар тўртинчиси ишсизларни ташкил этади.

«2019 йил давомида жами 79 нафар вояга етмаган шахс томонидан 1тадан қотиллик, номусга тегиш, товламачилик, транспорт воситасини олиб қочиш ва ўлим билан боғлиқ йўл транспорт ҳодисалари, 5тадан оғир тан жароҳати етказиш ва босқинчилик, 3та фирибгарлик, 8та талончилик, 36та ўғрилик жиноятлари содир этилган.

Пойтахтда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ҳар ўн биринчисини ўғрилик, ҳар бешинчиси эса фирибгарлик каби жиноятлар ташкил этганлиги аниқланди», дея таъкидлади сенатор.

Top