16:06 / 26.06.2020
9003

Юнусобод тумани аҳолиси учун табиий газ истеъмолининг базавий меъёри бекор қилинди 

Базавий меъёрдан ортиқ миқдорда табиий газ истеъмол қилинган ҳолда, ҳисоблаш мавжуд тарифга 1,2 оширилган коэффициент орқали амалга ошириларди.

Фото: Fotolia

Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани аҳолиси учун табиий газ истеъмолининг базавий меъёри бекор қилинди. Бу ҳақда "Ҳудудгазтаъминот" АЖ матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, ушбу қарор Вазирлар Маҳкамаси томонидан аҳолининг аксар қисми карантин сабабли, ўз вақтини уйда ўтказаётганлигини ҳисобга олган ҳолда қабул қилинди.

Юнусобод туманида янги тизимнинг жорий этилиши 2019 йил 1 январда бошланган бўлиб, унга кўра, туман аҳолиси учун табиий газ истеъмолининг базавий меъёри, иситиш мавсумида якка тартибда иситилувчи турар жой биноси ёки квартирада яшовчи бир абонентга ойига 1000 куб метр, қолган вақтда эса бир абонент учун ойига - 250 куб метр миқдорида этиб белгиланган эди. Мазкур базавий меъёрдан ортиқ миқдорда табиий газ истеъмол қилинган ҳолда, ҳисоблаш мавжуд тарифга 1,2 оширилган коэффициент орқали амалга ошириларди.

“Президентнинг 2020 йил 18 июндаги "Табиий газ ва электр энергиясини сотиш механизмини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарорига мувофиқ, "Ҳудудгазтаъминот" АЖнинг мамлакатимиз газ таъминоти тизимидаги фаолияти сезиларли даражада кенгайтирилди.

Хусусан, "Ҳудудгазтаъминот" акциядорлик жамияти "Ўзтрансгаз" АЖдан табиий газни олди-сотди шартномасига асосан, газ узатиш магистрал қувурлари тизими орқали, шунингдек, табиий газ ишлаб чиқарувчиларининг "зангори ёқилғи"ни газ тақсимлаш тармоқларига тўғридан-тўғри етказиб беришига эришилди. Бу билан эса, аҳоли, ижтимоий объектлар ва бошқа истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган эҳтиёжини қондирилишига эришилмоқда”, - дейилади "Ҳудудгазтаъминот" хабарида.

Аввалроқ, Юнусобод тумани аҳолисига электр энергиясидан фойдаланиш учун белгиланган лимит бекор қилинганди. 

Top