00:16 / 09.07.2020
3155

Саудия Арабистони собиқ иқтисодиёт вазирини ЖСТ бош директорлигига номзод этиб кўрсатди

Фото: Reuters

Ташкилотнинг амалдаги бош директори Роберту Азеведу ваколат муддати келаси йил тугашини кутмасдан 31 августда истеъфога чиқишини эълон қилган. 

Саудия Арабистони Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) бош директори лавозимига  қиролликнинг собиқ иқтисодиёт ва режалаштириш вазири Муҳаммад ат-Тувайжирийнинг номзодини илгари сурди. Бу ҳақда Al Arabiya телеканали хабар берди.

Телеканалнинг қайд этишича, ушбу лавозим тез орада бўшайди. Сабаби, ташкилотнинг амалдаги бош директори Роберту Азеведу 14 май куни ваколат муддати келаси йил тугашини кутмасдан 31 августда истеъфога чиқишини эълон қилганди. 

Аввалроқ France-Presse (AFP) ЖСТ бош директорлигига олти номзод даъвогарлик қилаётгани ҳақида хабар берганди. Агентликнинг маълумотига кўра, ушбу лавозимга ташкилотнинг собиқ амалдори, мисрлик 67 ёшли Ҳамид Мамдуҳ, Нигериянинг собиқ молия вазири, 66 ёшли Нгози Оконжо-Ивеала, Кения спорт вазири, 58 ёшли Амина Муҳаммад, Корея савдо вазири, 53 ёшли Ю Мён Хи, ЖСт бош директорининг собиқ ўринбосари, мексикалик 73 ёшли Хесус Сеаде Кури ва Молдованинг собиқ ташқи ишлар вазири, 37 ёшли Тудор Ульяновский номзодлари кўрсатилган.

ЖСТ бош директорлигига даъвогарлар 15-17 июль куни бош кенгаш йиғилишида тўпланади ҳамда ўз дастурларини тақдим этади ва ташкилотга аъзо мамлакатлар вакилларининг саволларига жавоб беради.

Top