13:19 / 10.07.2020
118428

Америка ҳарбийлари Хонободда заҳарли моддалар таъсирига тушган бўлиши мумкинлиги гумон қилинмоқда

2001−2004 йиллар мобайнида Қарши-Хонобод базасида бўлган америкалик ҳарбийлар заҳарли моддалар ва радиация таъсирига учраган бўлиши мумкинлиги ҳақидаги махфий ҳужжатлар ошкор этилди. Маълумотга кўра, ҳарбийларнинг базага жойлаштирилишидан олдин ушбу ҳудудда собиқ иттифоқ ракеталари йўқ қилинган.

Хонобод ҳарбий авиабазаси / Фото: flickr.com, US Air Force

АҚШ Конгресси қуйи палатасининг Назорат ва давлат ислоҳоти бўйича кичик қўмитаси раиси Стивен Линч (Массачусетс штатидан, демократ) ва конгрессмен Марк Грин (Теннесси штатидан, республикачи) Пентагоннинг ошкор қилинган ҳужжатларини эълон қилди. Унда қайд этилишича, Америка ҳарбийлари 2001-2005 йилларда Ўзбекистоннинг Қарши шаҳридаги Хонобод ҳарбий авиабазасида хизмат қилган вақтларида заҳарли моддалар таъсирига туширилган бўлиши мумкин. Бу ҳақда қўмитанинг расмий сайтига жойлаштирилган ахборотномада сўз боради, деб ёзмоқда ТАСС. 

Ҳужжатга мувофиқ, АҚШ мудофаа вазирлиги 2001, 2002 ва 2004 йилларда Ўзбекистонда ҳарбий хизматни ўтаганларнинг саломатлиги учун хатарли бўлган экологик хавф ўрганилган тадқиқот натижасини тақдим этган. Натижада Линч ва Грин Қарши яқинидаги ҳарбий авиабазада хизмат қилган ҳарбийларни зарурий даволаниш билан таъминлаш учун барча ҳужжатларни очиқлашни талаб қилишди. 

Унда таъкидланишича, 2001 йилда аэропорт тупроғи таркибида авиация ёнилғиси кўп миқдорда бўлган, унинг буғланиши эса, “инсон нафас олганида унинг саломатлиги учун ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин” бўлган. Бундан ташқари, америкалик ҳарбийлар, Ўзбекистондаги базада бўлишлари давомида радиация таъсирига учраган бўлишлари мумкин. 

АҚШ Ҳарбий ҳаво кучлари вакили, айни қўмита саволларига шу йилнинг феврал ойида жавоб берар экан, ҳарбий хизматчилар бундай хатардан огоҳлантирилмаганини билдирганди. “Заҳарли моддаларнинг таъсири хусусида брифинг ўтказилмаган, ҳимоя воситаларини қўллаш бўйича тавсиялар берилмаганди”, - дея қайд этилган ахборотда. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг жанубидаги Хонобод ҳарбий авиабазаси 2001-2005 йилларда АҚШ кучларининг моддий-техник таъминоти базасини ўтаган. 

Top