01:00 / 12.07.2020
6874

Ўн йил ичида илк марта дунё бўйича қаҳва истеъмол қилиш камайиши мумкин

Фото: Pexels

Пандемия даврида ресторан ва қаҳвахоналарнинг ёпилиши сабабли одамлар камроқ қаҳва ичмоқда. 

2011 йилдан бери илк марта дунё бўйича қаҳва истеъмоли камайиши мумкин. АҚШ қишлоқ хўжалиги вазирлиги ана шундай прогноз қилди, деб ёзади Bloomberg.

Қайд этилишича, қаҳва истеъмолига коронавирус сабабли ресторан ва қаҳвахоналарнинг ёпилиши «қақшатқич» таъсир кўрсатди.  Шу билан бирга, қайтадан фаолиятини бошлаган муассасалар савдонинг тез суръатларда тикланишини кутмаяпти.

Истеъмолчилар кўпчилик бўлиб уйдан ташқарида овқатланишга шошилмаяпти, деб ёзади Bloomberg. Агентликнинг таъкидлашича, эрталаб ёки туш пайтида қаҳва ичадиган мижозлар ҳисобига кун кўрадиган қаҳвахоналар айниқса кучли зарбага дуч келди. Масалан, Dunkin’ Brands гуруҳи мижозларининг катта қисмини йўқотди. Starbucks тармоғи эса бизнес-моделини қайтадан кўриб чиқмоқда.

Истеъмолнинг секинлик билан тикланиши қаҳва етиштириш билан шуғулланувчи 125 миллионга яқин кишининг ҳаётини издан чиқариши мумкин, деб ёзади Bloomberg. Бразилиядаги энг йирик Suplicy Cafes Especiais тармоғи фермерлар етказиб берган маҳсулот учун тўловларни кечиктиришга мажбур бўлди. 

«Айрим франчайзинг ҳамкорларимиз ёпилаётгани ҳақида огоҳлантиришди», — деди Suplicy бош директори Фелипе Брага.

Citigroup прогнозига кўра, Арабика навли қаҳванинг фьючерс нархи 10 фоизга пасайиб, бир фунти 90 цент атрофида баҳоланиши мумкин.

Top