14:59 / 16.07.2020
9459

Жанубий Корея прокуратураси Ким Чен Иннинг синглисига нисбатан жиноят иши қўзғатиш имкониятини кўриб чиқмоқда

Жанубий Корея суди Ким Ё Чжонга нисбатан айблов ҳукми чиқарган тақдирда ҳам уни ижро этиш имконсиздир.

Фото: AP/Scanpix/LETA

Корея республикаси прокуратураси КХДР раҳбари Ким Чен Иннинг синглиси Ким Ё Чжонга нисбатан кореялараро алоқа офисини ноқонуний равишда бузиш айблови билан жиноят иши қўзғатиш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Yonhap агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 8 июль куни прокуратурага жанубий кореялик юрист Ли Кён Чже томонидан ана шу мазмундаги ариза келиб тушган. У шу йўл билан Сеул ва Пхеньян ўртасидаги муносабатларнинг кескин ёмонлашишига жамоатчилик эътиборини қаратмоқчи.

Агентликнинг тахминича, далиллар тўплаш имконияти йўқлиги сабабли прокуратура жиноят иши қўзғатишни рад этади. Ҳаттоки Жанубий Корея суди Ким Ё Чжонга нисбатан айблов ҳукми чиқарган тақдирда ҳам уни ижро этиш имконсиздир. 

16 июнда Ким ё Чжоннинг буйруғи билан Шимолий Корея ҳарбийлари Жанубий Корея билан музокаралар ўтказишда фойдаланиб келинган алоқа боғламасини портлатиб юборишганди.

Top