14:32 / 20.07.2020
29078

Шифохоналардаги ўринлар, «Ўзэкспомарказ»даги иш ва тест имтиҳонлари: Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари аҳолига мурожаат билан чиқди

Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова пойтахт аҳолисига мурожаат билан чиқди. 

Мурожаатда Covid-19’га қарши курашиш мақсадида Тошкент шаҳрида қандай чоралар кўрилаётгани, беморлар учун шифохоналарда ўринлар етарли экани, тестни қаерларда топшириш мумкинлиги, «Ўзэкспомарказ»даги иш ҳамда пандемия шароитида олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари қандай ўтиши борасида сўз юритилди.

Дурдона Раҳимованинг таъкидлашича, Тошкент шаҳрида пандемия билан боғлиқ вазият мураккаблигича қолмоқда. Бугунги кунда касалланиш ҳолатлари 200тадан 300тагача бўлган оралиқни ҳамда ўлим суръати 3тадан 5тагача бўлган ҳолатни ташкил этяпти.

«Тошкент шаҳрида аҳоли билан ишлаш учун 2та Call-марказ фаолияти йўлга қўйилган. Биринчиси - 1105. Бу Call-маркази орқали Covid’га чалинган, уйда даволанаётган ҳамда карантинда бўлган фуқаролар ёки ўзида биринчи аломатларни сезаётганлар мутахассислардан тиббий маслаҳатларни олиши мумкин. Иккинчиси 1197 бўлиб, бу бугунги кунда даромадидан узилган ҳамда эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган, бирламчи озиқ-овқат маҳсулотларини етказувчи марказ ҳисобланади», - деди ҳоким ўринбосари.

Шунингдек, унинг сўзларига кўра, бугунги кунда ПЗР тестларини топшириш учун кўплаб хусусий клиникалар ўз хизматини таклиф этмоқда.

«Булардан Jacksoft, «Олам+Т», Vitamed Medical, Prospect, Intermed Innovation, Vita Stimul Grand ҳамда Global Medical Center хусусий клиникаларида ПЗР лабораторияларига тест таҳлилларини топшириш мумкин. Бундан ташқари, Санитария-эпидемиология назорати марказларида ҳам тестлар қабул қилинмоқда», - дейди Дурдона Раҳимова.

Ҳоким ўринбосарининг айтишича, бугунги кунда Тошкент шаҳридаги 16та давлат муассасаларида Covid’га чалинган фуқаролар даволанмоқда. Улардан айримлари - Тошкент тиббиёт академияси, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий-текшириш институти, Вирусология илмий-текшириш институти, Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббиёт реабилитация илмий-амалий тиббиёт маркази, Тошкент шаҳар 1-сон клиник шифохонаси, Республика 1-сон клиник касалхонаси, Республика 2-сон клиник касалхонаси, Травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ногиронлар реабилитация маркази, Нуронийлар санаторийси, Республика болалар ортопедия маркази, Тошкент шаҳар 3-сон туғруқ комплекси, Республика кўз касалликлари шифохонаси, Зангиотадаги махсус шифохона.

«Бугунги кунда ўрин сони нечта, деган савол жуда кўп келиб тушмоқда. Юқорида келтирилган тиббиёт шифохоналаримизда 720дан ортиқ койка ўринлари мавжуд, провизор шифохоналарда 250та койка ўринлари мавжуд. Бундан ташқари, бугунги кунда Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморларни даволашга тайёр турган хусусий клиникалар мавжуд, 1000тадан ортиқ койка ўринлари билан таклиф қилишмоқда», - деди у.

Шунингдек, маълум қилинишича, «Ўзэкспомарказ» биносининг 3- ва 4-павильонларида коронавирусга гумон қилинаётган фуқароларни қабул қилиш ҳамда уларга керакли маслаҳатларни бериш, биринчи ёрдамни кўрсатиш ва касаллик даражасига қараб уларни шифохонага йўналтириш мақсадида махсус марказ ташкил этилди. Ушбу марказ 500 ўринга мўлжалланган.

«Бугунги кунда олий таълим муассасасига имтиҳон топшириш истагида бўлган абитуриентлардан саволлар жуда кўплаб берилмоқда. Яъни, бу йил олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари қай тартибда, қайси муддатда ташкил этилади, деган саволга. Давлат тест маркази ҳамда тест имтиҳонларини ўтказиш бўйича комиссия бу ҳақида ўз хулосасини бергунга қадар шуларни маълум қилмоқчиманки, бугунги кунда Тошкент шаҳрида олий таълим муассасаларига кириш учун бешта объектда 13та бино тайёрланган, бу биноларда 5790та жой тайёрланган. Ушбу жойларда ижтимоий масофани сақланган ҳолда ҳамда уларга киришда дезинфекция туннелларини ўрнатган тарзда жиҳозланади», - деди Тошкент шаҳар ҳоким ўринбосари. 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top