08:26 / 23.07.2020
20739

Вирусни тўлиқ жиловлаш ҳақида унга қарши эмлаш жорий этилгандан кейингина гапириш мумкин – эксперт

Kun.uz’нинг пандемия билан боғлиқ тавсиялар бўйича бугунги суҳбатдоши – Тошкент тиббиёт академияси Юқумли ва болалар юқумли касалликлари кафедраси доценти, тиббиёт фанлари номзоди Баҳодировна Шаҳноза Раҳматуллаева бўлди.

Фото: Getty Images

Мутахассис билан суҳбатимиз пандемия шароитида қабул қилинувчи дорилар борасида кечди.

– Шаҳноза опа, Ўзбекистонда эпидемиологик вазият ҳозир ҳам кўпчилик давлатларга нисбатан бирмунча яхшироқ, аммо шиддат билан ёмонлашмоқда. Ана шундай пайтда иммун тизимини мустаҳкамлаш учун қандай тавсиялар бера оласиз?

Вазият жуда тез ўзгармоқда. Беморларнинг сони кескин кўпаймоқда. Иммунитетни мустаҳкамлашни «икки тиғли қилич» деб атаган бўлардим. Агар бу вирус аллақачон танага тушган бўлса, иммунитетни ошираман, деб беморга зарар етказишимиз ҳам мумкин.

Профилактика масаласида мен халқ табобати тарафдориман: витамин ва минералларга бой, сифатли овқатланиш, лимон, занжабил кабиларни мунтазам қабул қилишни тавсия қиламан. Табиий неъматлари, мева-сабзавотлари Ўзбекистондагидек фойдали ҳудудлар жуда кам. Бундан тўғри фойдаланишимиз, пишиқчилик пайтида бу неъматлардан етарли миқдорда истеъмол қилишимиз керак. Уларнинг аксарияти қиммат эмас, ҳар қандай оила ўз рационини бемалол тўлдириши мумкин. Дориларга суянмасдан иммунитетни оширишнинг тўғри йўли ана шу.

Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзига амал қилиш, зарарли одатлардан воз кечишнинг айни вақти. Зарарли одатларга ружу қўйганлар, айниқса, мунтазам чекувчилар бу касалликни ниҳоятда оғир ўтказаётганларидан тўғри хулоса чиқариб олишимиз керак.

– Бу вирусни енгиш, ҳеч бўлмаса жиловлаш учун энди бир неча йиллар керак бўлади, деган пессимистик прогнозларга қандай қарайсиз?

Бу ҳақида бугуноқ бирор гап айтиш қийин. Касалликни бошдан кечириб, унга қарши иммунитетга эга қатлам ҳосил бўлиши эҳтимоли катта. Аммо бу жараён қанча вақт давом этишини тахмин қилишга ҳали жуда эрта. Балки 2-3 ой, эҳтимол 6 ой...

Лекин таъкидлаш керакки, хотира ҳужайралари танада қолади. Биз вирусни жиловлаш ёки назорат қилиш ҳақида унга қарши вакцина – эмлаш жорий этилгандан кейингина гапиришимиз мумкин.

– Пандемия даврида жуда кўпчилик «Арбидол» дорисини қидириб қолди ва шунча тушунтиришларга қарамай, бу дорини жуда қиммат нархларда ҳануз сотиб олаётганлар бор.

Илк тавсияларга кўра «Арбидол» сингари таркибли препаратларни («Арпефлю», «Авирол С» ва бошқаларни) даволаш тизимига киритгандик. Ўша пайтда беморлар бошқа дорилар ҳам қабул қилгани сабабли вирусларга қарши дориларнинг самарадорлиги исботланмади. Аммо энг сўнгги «COVID-19’нинг енгил формасига чалинган беморларни уйда даволаш бўйича муваққат клиник кўрсатмалар»га кўра, вирусга қарши препаратлар билан этиотроп даволаш тавсия этилмайди.

Айрим дорилар – иммуномодулятор препаратлар оғир ножўя таъсирларга («цитокин бўрон»га) олиб келиши мумкин. Айнан «Арбидол» сингари умифеновир таркибли кўплаб препаратлар дорихоналарда бор. Уларни шифокор тавсиясига кўра қабул қилиш мумкин.

– Гепарин дори воситасининг айни касалликка қарши курашда юқори самарадорлиги бўйича маълумотлар тарқалмоқда. Бу борада бирор хулоса борми?

Вируснинг ўрта ва оғир шаклларига чалинган беморларда биз вақтинчалик тавсияларга кўра вена тромбоэмболиясининг олдини олиш учун кам миқдорли гепариндан фойдаланамиз. Чунки вирус коагулопатияни келтириб чиқариши мумкин.

Аброр Зоҳидов суҳбатлашди.

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top