08:17 / 24.07.2020
3436

МДҲда 2030 йилгача атом энергияси соҳасида ҳамкорлик дастури лойиҳаси тайёрланди

МДҲ давлатлари 2030 йилгача атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасида ҳамкорлик дастурини қабул қилишни режалаштирмоқда.

2020 йилнинг 22 июль куни Москва шаҳрида Ўзбекистон раислигида МДҲ Иқтисодий кенгаши қошидаги Иқтисодий масалалар бўйича комиссиянинг мажлиси бўлиб ўтди.

Ташқи ишлар вазирлиги хабарига кўра, тадбирда МДҲ иштирокчи мамлакатларининг ваколатли вакиллари ҳамда тегишли дипломатик миссиялар ва МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбарлари ва вакиллари иштирок этдилар.

Кун тартибига мувофиқ 21та масала кўриб чиқилди ва тегишли қарорлар қабул қилинди.

Мажлис давомида «Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 2020 йилгача бўлган даврда Иқтисодий ривожланиш стратегияси амалга оширилишининг асосий якунлари тўғрисида ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг 2030 йилгача бўлган даврда Иқтисодий ривожланиш стратегиясининг биринчи босқичини (2021-2025 йиллар) амалга ошириш бўйича тадбирлар режаси лойиҳаси тўғрисида», «МДҲ иштирокчи мамлакатларининг 2030 йилгача бўлган даврдаги давлатлараро инновацион ҳамкорлик дастури лойиҳаси тўғрисида», «МДҲ иштирокчи мамлакатларининг жамиятни рақамли ривожлантириш соҳасидаги ахборот ҳамкорлиги ҳақидаги битим лойиҳаси тўғрисида»ги дастурий ҳужжатлар муҳокама қилинди ва тасдиқланди.

МДҲ иштирокчи мамлакатларининг 2030 йилгача бўлган даврда атом энергиясидан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасидаги Ҳамкорлик дастури ва унинг биринчи босқичини амалга ошириш бўйича Ҳаракатлар режаси (2021-2025 йиллар) лойиҳалари ҳамда бошқа қатор масалалар кўриб чиқилди.

Комиссия томонидан тасдиқланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Иқтисодий кенгаш ва МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашига юборилади.

Top