11:00 / 24.07.2020
6442

«Самарқанддонмаҳсулотлари»: замонавий билим ва технологиялар самарали фаолият асоси

“Самарқанддонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти ғаллани қайта ишлаш ва уруғлик дон тайёрлаш борасида энг замонавий билим ва технологиялардан самарали фойдаланиб келаётган шу турдаги корхоналардан бири ҳисобланади.

Мазкур корхона қурилиши 1963 йилда бошланган бўлиб, 1966 йилда суткасига 240 тонна буғдойни қайта ишлаш қувватига эга бўлган дастлабки тегирмон ишга туширилганди.

Корхона Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси Самарқанд вилояти ҳудудий бошқармасининг 1995 йил 2 мартдаги буйруғига асосан “Самарқанд дон” акциядорлик жамияти деб номланди.

Йиллар давомида жамият замон талабларига мослашиб, энг илғор технологияларни ўзлаштириб келди. Хусусан, 2015 йил 4 мартдаги «2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификация қилишни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида»ги президент фармони ижросини таъминлаш мақсадида истиқболли лойиҳа амалга оширилди. 2017 йилнинг 10 августида Туркия Республикасининг  “ALAPALA MAKINA GIDA SANAYI VE TICARET A.S” корхонаси билан келишилган шартномага асосан 1 миллион 700 АҚШ доллар эвазига тегирмон қисмлари олиб келинди. Натижада 2019 йилда кунлик қуввати 200 тонна буғдойни ишлашга мўлжалланган замонавий типдаги тегирмон қуриб, фойдаланишга топширилди.

Жамиятга қарашли мазкур тегирмоннинг йиллик ун ишлаб чиқариш қуввати 54000 тоннани ташкил қилади. Буғдойдан ун чиқими 75 фоиз. Ҳозирги кунда кунлик ун ишлаб чиқариш 150 тонна, буғдой ҳисобида 200 тонна бўлиб, бир йилда 360 иш куни давомида фаолият кўрсатяпти.

Шунингдек, 1979 йилда омихта ем ишлаб чиқариш цехи ҳам қурилган бўлиб, ҳозирги кунда бу борада ҳам қатор янгиланишлар бўлган. Ушбу цех 2012 йил 21 ноябрдаги ПҚ-1855-сонли қарорига асосан 2014 йилда Украинанинг Могилёв-Подольский машинасозлик заводи ускуналари асосида модернизация қилинди. Натижада кунлик 100 тонна омихта ем ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди. Бир сўз билан айтганда, корхона ишчи-ходимлари халқимизнинг сифатли ун, уруғ ва омихта емга бўлган талабини қондиришда бор имкониятларидан фойдаланиб келмоқда.

Бундан ташқари, корхона тасарруфида бўлган Нуробод туманидаги нон цехига 2010 йилда Германиянинг «ВАХТЕЛ» ускуналари олиб келиниб, жиҳозланди. Нон цехи кунлик 2760 кг., бир йилда 990 тонна нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди. Ушбу цехни барқарор ва фойда билан ишлашини таъминлаш мақсадида жамиятнинг 2017 йил 7 сентябрдаги буйруғи билан “Нуробод нон” цехи “Nurobod non BME” масъулияти чекланган жамиятга айлантирилди.

Самарқанд шаҳрининг 3-база ҳудудида жойлашган нон цехига 2015 йилда «ВАХТЕЛ» ускуналари ўрнатилди. Цех йилига 990 тонна нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга бўлди. Жамиятнинг 2017 йил 14 июндаги буйруғи билан “Afrosiyob shirin non mahsulotlari” МЧЖга айлантирилди.

Паст Дарғом туманида “Juma porloq biolaboratoriya”, Пайариқ туманида эса “Qoraxoni biolaboratoriya servis” МЧЖлар ҳам “Самарқанддонмаҳсулотлари” АЖ билан келишилган шартномага кўра қишлоқ хўжалик корхоналарини биомаҳсулотлар билан таъминлаб келмоқда.

“Самарқанддонмаҳсулотлари” АЖнинг элеватор бўлимида 37,5 минг тонна, темир сиғимларида эса 10 минг тонна, жами 47,5 минг тонна дон сақлаш имконияти мавжуд.

Жамиятда бугунги кунда 322 нафар доимий ҳамда 200 дан ортиқ мавсумий ишчи-ходимлар фаолият кўрсатиб келяпти.

Реклама ҳуқуқи асосида

Top