19:37 / 27.07.2020
6852

Ўзбекистон суперлигасида навбатдаги истеъфо юз берди. «Андижон» ва «Сурхон» ортидан «Бухоро» ҳам бош мураббийини алмаштирди.

«Бухоро» жамоаси мураббийлар штабида ўзгариш рўй берди. Бу ҳақда клуб ахборот хизмати маълум қилди.

«Клуб бош мураббийи Муҳсин Муҳаммадиев билан музокаралар олиб борган жамоа раҳбарияти ўзаро келишган ҳолда ўртадаги шартномани бекор қилиб, мураббий билан дўстона хайрлашди. Жамоа раҳбарияти Муҳсин Муслимовичга миннатдорчилик билдириб, келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилаб қолади.

Жамоа бош мураббийи этиб маҳаллий мутахассис Жамшид Саидов тайинланди. Мураббий бундан олдин ҳам «Бухоро» жамоасида фаолият олиб борган. Саидов бошчилигида жамоа 2016 йил мавсум тўртинчи ўринни қайд этган», дейилади клуб хабарида.

Tribuna.uz'нинг ёзишича, аслида «Бухоро» икки ҳафтадан буён Жамшид Саидов қўл остида машғулотлар олиб бораётганди. Муҳсин Муҳаммадиев эса тўлиқ ҳисоб-китоб қилинмагунча кетиш ҳақида ариза ёзмаган.

Маълумот учун, «Бухоро» клуби Суперлига жорий мавсумида ҳали ғалаба нималигини билмай, 9-турдан кейин сўнгги 14-ўринда бормоқда.

Суперлиганинг 9-турига келиб ҳозирча учта истеъфо юз берди. Даставвал 3-турдан кейин «Андижон» Александр Хомяковни истеъфога чиқарганди. Кейинчалик «Сурхон» 6-турдан кейин Баҳром Ҳайдаровни истеъфога чиқариб, ўрнига Александр Хомяковни тайинлаганди.

Top