16:50 / 29.07.2020
8686

Ўзбекистон диний конфессиялар вакиллари карантин даври муаммоларига фикрларини билдирди

Ўзбекистон диний конфессия намояндалари ҳамда тадқиқотчи олим Ўзбекистонда жорий қилинган карантин чоралари, айрим ижтимоий медиа тармоқларида ваҳимага солувчи, саросима уйғотувчи ва нархларни сунъий равишда оширувчилар хусусида фикрларини билдирди. Хусусан, улар пандемия даври ортда қолиши, ёруғ кунлар яқинлиги хусусида ишонч билдирдилар.

Карантин талабларига амал қилиш қай даражада муҳим?

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков

Жумани уйда ўқиш ҳукми, бало келганда тавба-истиғфор. Ҳомиджон ...
Ҳомиджон домла Ишматбеков

«Ўзингиз, аҳли оилангиз ва фарзандларингиз келажаги учун карантинга амал қилинг!

Динимиз буюргани, шариатимиз талаби ва имон-эътиқодингиз боисидан қарантин чораларига риоя қилинг!

Саҳобалардан бирлари мушкул аҳволга тушиб, «Эй Аллоҳнинг Расули, нажот нимада? деб сўрадилар, шунда Расули Акрам алайҳиссалом «Тилингни тий, уйингда қол ва хатоларингга йиғла», деб таъкидлаганлар.

Тошкент шаҳар Рус православ черкови руҳонийси Сергей Стаценко

Сергей Стаценко

«Қанчалик таажжубланарли бўлмасин, черков қараши жамият қараши билан амалда мос келади. Бу борада Инжилни мисол келтира оламиз. Унда айтиладики, агар инсон танасида ғалати аломатлар пайдо бўлса, маълум бир вақт мобайнида, қандай касаллик экани аниқланмагунча, ўзини яккалаши лозим бўлади.

Биз қадимги даврлардаёқ жамият саломатлигини асраш учун хаста беморларни сақлайдиган алоҳида қўрғонлар бўлгани ҳақида гапиряпмиз. Бугунги кун ҳақида фикр юритадиган бўлсак, карантин чоралари асосий қадрият бўлган инсон ҳаёти ва руҳини сақлаш билан боғлиқдир».

Аркадий Исахаров Яҳудий диний жамоалари раҳбари

Аркадий Исахаров

«Атрофимизда пандемия ҳукм сураётган бугунги кунда бирлашишимиз, қадриятларимиз, пандемияга тезроқ барҳам берадиган ва бартараф этадиган барча масалалар атрофидаги ақлли ечимлар юзасидан бирлашишимиз керак».

Ўзбекистон халқаро ислом академияси тадқиқотчиси, блогер Зиёвуддин Раҳим

«Инсон ўз соғлиги, яқинлари ва оиласининг соғлиғини асрашга масъулдир».

Ваҳима уйғотувчи, саросима солувчи ва нархларни оширувчиларга муносабат

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков

«Хушхабар қилувчи бўлиш керак, асло ваҳима ва саросима уйғотмаслик лозим. Халқнинг бошига синовли кунлар келганда нархни ошириб, фойдаланиб қолишдан сақланинг! Нарх белгилашда олийжаноб ва карамли бўлинг! Набий алайҳиссалом: «Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган одамга Аллоҳ раҳм қилсин», деганлар.

Тошкент шаҳар Рус православ черкови руҳонийси Сергей Стаценко

«Ишонч билан айтиш мумкинки, бундай миш-мишларни ё виждонсиз инсонлар ёки руҳан хаста кишилар тарқатади. Биз технологиялар даврида яшаяпмиз, бу даврда кўпроқ пул топиш муҳим бўлиб қолгандек. Гап жуда катта миқдордаги моддий маблағ ҳақида борар экан, айримлар виждонини йўқотади.

Менимча, кўплаб ёлғон хабарлар шундай осон пул топиш илинжида ахборот майдонида тарқатилади. Алалоқибат, бундай ур-тўполонда оддий инсонлар азият чекади. Агар шундоғам асабий ҳолатда бўлган инсонларни ақлини йўқотишга туртки берилар экан, буни жиноят деб ҳисоблайман. Шунинг учун, илтимос қилардимки, ўзимиз ва яқинларимизнинг соғлиғини асраш, мувозанатни сақлаш учун бундай миш-мишларни нафақат қайта текшириб кўриш, балки тарқалишининг олдини олишсин».

Ўзбекистон яҳудий диний жамоалари раҳбари Аркадий Исахаров

«Бундай салбий лаҳзаларни намоён қилиш, нархларни ошириш, турли номақбул йўллар билан бойлик орттириш ҳеч қандай қоидаларга тўғри келмайди. Биз барча қонун-қоидаларга риоя қилишимиз керак, чунки улар бизга ҳаёт қоидаларини тақдим этади. Тавротда айтиладики, “Зиён қилма!”. Барча нарса инсон фаровонлигига хизмат қилиши керак!»

Ўзбекистон халқаро ислом академияси тадқиқотчиси, блогер Зиёвуддин Раҳим

Зиёвуддин Раҳим

«Оддий аҳолига имкон қадар енгиллик қилишни ҳар бир инсон ўйлаши керак. Қачонки, тижоратчи ҳалол ва инсоф билан ишласа, ростгўй бўлса, ана ўшандагина унинг касбига барака берилади. Бу ўринда ҳар бир тадбиркор, ҳар бир инсон масъулдир».

Умидсизликка тушмаслик, ёруғ кунларга ишонч билан яшаш ҳақида

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков

«Доимо яхши кунларга интилиб яшанг, зинҳор умидсизликка тушманг! Ҳар бир иш Аллоҳ талонинг изни ва иродасидадир. Ҳақ таоло ҳеч қачон ўз бандаларини кетма-кет оғир аҳволларга ташлаб қўймайди, синовларга сабр ва шукр қилинг! Қуръони каримда: “Албатта Аллоҳ тезда тангликдан кейин енгилликни пайдо қилур” (Талоқ, 7), деб хушхабар қилинган».

Тошкент шаҳар Рус православ черкови руҳонийси Сергей Стаценко

«Келинг, бу вазиятга нафақат ёрдам бериш имконияти, балки маънавий ёрдам имконияти сифатида қарайлик. Чунки, ушбу иложсизлик бизни Яратган кимдир борлигини ва сайёрамиз тақдири Унинг қўлида эканини ёдга солади. Сизларга тушкунликка тушмасликни, сабрли бўлишни тилаган бўлар эдим. Биз, албатта, аввалгидан ҳам яхшироқ бўлган даврга қайтамиз. Ишончим комилки, Яратган барча нарсани энг яхши усулда тақдир қилади».

Ўзбекистон яҳудий диний жамоалари раҳбари Аркадий Исахаров

«Биз ишонамизки, Яратган барча муаммоларни ортда қолдиришимизга ёрдам беради. Олдинда ёрқин келажак кутмоқда, қодир Худо ҳар доим биз билан бўлган ва бўлади».

Ўзбекистон халқаро ислом академияси тадқиқотчиси, блогер Зиёвуддин Раҳим

«Ҳар бир инсон бу пайтда руҳини чўктирмасдан, тушкунликка тушмасдан, дадил бўлиб, ўзининг руҳиятини кўтариб, ҳаётини давом эттириши лозим бўлади. Мўмин инсон, аслида, тушкунликка тушмайди, чунки Қуръони Карим оятларида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадиси шарифларида, ҳеч қачон тушкунликка тушмасдан, сабр билан тақдирга иймон келтириб, доим олға қадам ташлашга чақирилган». 

Мавзу
Коронавирус Ўзбекистонда
15 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган илк бемор аниқланди.
Барчаси
Top