10:15 / 30.07.2020
7008

Боғча таъмирини дастурга киритиш «шапка»си 400 доллар – Миришкорда МТБ мутахассиси пора билан қўлга олинди

Қашқадарё вилояти Миришкор тумани мактабгача таълим бўлими қурилиш бўйича мутахассиси П.Р. 15-мактабгача таълим муассасаси раҳбаридан пора олаётган вақтда қўлга олинган. Бу ҳақда Миришкор туман ҳокимлиги ахборот хизмати Kun.uz’га хабар берди.

Маълум бўлишича, 15-мактабгача таълим муассасаси бинолари таъмирга муҳтож бўлиб қолгани сабабли мудира муассасани таъмирлатишга ҳаракат бошлайди. Жорий йил июль ойи ўрталарида туман мактабгача таълим бўлимининг қурилиш бўйича мутахассисига шу масалада учрашади. Аммо мутахассис МТМ таъмирини жорий йилги дастурга киритиш учун 400 АҚШ доллари миқдорида маблағ сўрайди.

Шундан сўнг мудира Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Миришкор тумани бўлимига ариза билан мурожаат қилиб, ҳолат ҳақида хабар беради.

Ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда МТБ мутахассиси мудирадан хизмат хонасида 2 миллион сўм пулни олган вақтида ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан П.Р.га нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Top