17:07 / 31.07.2020
10839

«6-7 йилда жаҳон чемпионатига чиқишимиз мумкин». Ўзбекистон ҳоккей федерацияси бош котиби билан «Ҳумо» клуби тақдири, миллий жамоа ва ҳоккейнинг келажаги ҳақида суҳбат

Ҳоккей спорт тури ўтган йил Ўзбекистонга қайтди. Унинг ривожи ва ўз олдига қўйган мақсадлари қандай бўлади? Шу ва бошқа саволлар юзасидан Kun.uz ва Tribuna.uz cайти мухбири Ўзбекистон ҳоккей федерацияси бош котиби Шукрулло Каримов билан суҳбатлашди.

- Шукрулло Ҳамидуллаевич, Ўзбекистон орада неча йил ҳоккейсиз яшади?

- Ўзбекистонда ҳоккей спорт тури ва охирги жамоамиз 1986 йили тарқалиб кетганди. Шундан кейин бу спорт тури ҳам деярли фаолият юритмади. Қарийб 30 йил деганда “Ҳумо” аренаси қурилиши билан ҳоккей яна қайтди. Ҳозирги кунда “Семурғ”, “Ҳумо”, “Тошкент”, “Бинокор” каби бир нечта клублар фаолият юритмоқда. Бундан ташқари 7-10 ёшли болалар ўртасида ҳам гуруҳлар ташкил қилинган бўлиб, уларни ҳозирдан тарбиялашни кўзлаганмиз.

- Тарихга назар соладиган бўлсак СССР даврида ҳоккей қай даражада эди?

- 70-йилларда “Юбилейная” муз саройи қурилган бўлса, 10 ёшимдан қатнаша бошлаганман. Лекин ҳозирги кунда жаҳон тажрибасини олиб қарайдиган бўлсак, бу кеч саналади. Яъни 5-6 ёшдан бериш керак. 1973 йил Ўзбекистонда биринчи марта “Олтин шайба” мусобақаси ўтказилди. Ўша пайтда 104та жамоа йиғилган. 1976 йилдан маҳаллий ўйинчилар чиқишни бошлади. 1988 йилга келиб “Олтин шайба” турнири тўхтатилганди.

- “Бинокор” жамоасида ўйнагансиз. Ўша пайтда клубда маҳаллий спортчиларнинг ўрни қандай бўлган?

- 1976 йилдан бошлаб 4-5 йил ичида маҳаллий спортчилар чиқа бошлаган. 1983-85 йилларга бориб, жамоа сафини 75-80 фоиз маҳаллий ўйинчилар ташкил этганди.

- Қарийб 30 йил давомида Ўзбекистонда ҳоккей спорт тури бўлмади. Бу вақт ичида ҳоккейчиларни тайёрлайдиган тизим ҳам йўқ эди. Ўзбекистон яна ҳоккейни нолдан бошлаяпти. Бу жараён қандай ўтаяпти?

- 2019 йилда бир қатор ташкилотларнинг ташаббуси билан Жисмоний тарбия университетида қишки спорт турлари факультети очилди. Олдин бунақаси бўлмаган. Айнан мана шу факультетда ҳоккей спорт тури ҳам бор. Улар ўқишни битирганидан сўнг республикамизнинг бошқа жойларида қурилаётган муз саройларида мураббий сифатида фаолият олиб боришади.

- Ҳозирги кунда республикамизда нечта тўгарак бор ва неча нафар йигит-қизлар шу спорт тури билан шуғулланмоқда?

- 6та мактаб фаолият кўрсатяпти ва қарийб 500 нафар ўқувчилар таҳсил олишмоқда. Бу мактаблар айни пайтда асосан Тошкент шаҳрида ишламоқда.

- Вилоятларда ҳокимликлар ёки тижорий ташкилотлар муз саройларини қуришга қизиқмаяптими?

- Муз саройларини қуриш режалаштирилган. Мисол учун Самарқанд шаҳрида муз саройи қурилиши бошланган. У ерда ҳам яхши жамоа тузилади. Бу клуб билан Ўзбекистон ва халқаро мусобақаларда қатнашишини кўзлаб турибмиз. “Ҳумо” жамоаси ҳам қисқа давр ичида ҳаттоки Россияда ўз мухлисларига эга бўлиб улгурди. Бу катта натижа деб ўйлайман.

- Ҳоккей қимматроқ спорт тури саналади. Сабаби ўйнаш учун махсус либос ва анжомлар, муз майдонлари бўлиши керак. Ўзбекистонда бир ойлик тайёрлов тўгарагида қатнашиш неча пул?

- Менимча, ўртача 300-400 минг сўм атрофида сарфланади. Кийимлар ҳам унча қиммат турмайди. Карантин сабабли болаларни тайёрлаш бўйича узилишлар бўлаяпти.

- Орада ҳоккей мураббийлари ҳам йўқ эди. Болаларни ўқитиш учун мураббийлар масаласини қандай ечаяпсизлар?

- “Ҳумо” клуби учун барча мураббийларни хориждан таклиф этганмиз. Болаларни ўқитиш учун эса хорижлик ҳамда маҳаллий мураббийлардан фойдаланаяпмиз. Бизда 2 йил ичида жуда катта ўзгаришлар бўлди. Юрт бошимиз муз саройимизга ташриф буюрганларида, ёшликларида музда учганларини айтиб ўтгандилар. Пахта далалари қишда яхмалак бўлганида учган эканлар.

- Ўзбекистон халқаро ҳоккей федерациясига аъзо бўлди. Бу ташкилотнинг ҳам ўзига яраша мажбуриятлари бор. Ўзбекистонда ҳоккей бўйича миллий жамоа борми? Улар кимлар ва жамоага қандай саралаб олинади?

- Халқаро федерациянинг тўлақонли аъзоси бўлиш учун мамлакатда камида икки марта чемпионат ўтказилиши керак. Биз бир марта 2019 йили ўтказган бўлсак, навбатдагиси арафасида карантин бўлиб қолди. Ҳозир Россияда шуғулланаётган ўйинчиларимиз ҳам бор. Мамлакат чемпиони лигада ўйнаши мумкин. КҲЛда асосан Европа ва Осиё мамлакатлари жамоалари ўйнашади.

- Сизнингча, миллий жамоамиз жаҳон чемпионатида иштирок этиши учун қанча вақт талаб этилади?

- 6-7 йил ичида шу даражага етишимиз мумкин. Чунки ўзимизнинг тузилма ва структурамизга эгамиз. Бунинг учун кўпроқ ёшларни жалб қилиниши керак. Мен ўйнаган пайтларда вилоятлардан иқтидорли йигитлар келишарди. Аммо шароит тўғри келмагани ёки Тошкентда яшай олмагани учун аксарияти қайтиб кетишган.

- Ҳоккей спорт тури бизда ривожланиб кетишига қанчалик ишонасиз?

- Вилоят ва шаҳарларда муз саройлари қуришни режалаштирганмиз. Бу эса эътибор ва қизиқишни янада оширади, деб ўйлайман. “Ҳумо Арена” муз саройини бошқа ареналар билан таққослайдиган бўлсак, Европада 3-ўринда бўларди, Марказий Осиёда эса 1-ўриндаги муз саройи саналади. Ҳоккейчиларимиз кураш, югуриш, тош кўтариш, ҳаттоки бокс билан ҳам шуғулланишади. Ҳоккейдаги спортчилар миллий ўйинимиз кўпкари – улоққа чопадиган йигитларга ўхшайди.

- Энди “Ҳумо” клуби ҳақида гаплашсак. Бу жамоа ҳоккей мухлисларини яна аренага қайтара олганди...

- Тўғриси, бу натижани ўзимиз ҳам кутмаган эдик. Ҳаттоки шундай мухлислар бўлди-ки, рақиб жамоа бизнинг дарвозага гол урса ҳам олқишлашди. Менимча, бу ўйиннинг чиройли ва шиддатли эканлигидан эди. 80 ёшли онахонлар невараларини етаклаб келиб, хурсанд бўлиб чиқиб кетишди.

- Яхши натижаларга эришишга қарамай, Олий Лигада қатнаша олмайдиган бўлдик. Бу нима билан боғлиқ?

- Жаҳонда кечаётган пандемия сабабли спортчилар ва томошабинларнинг соғлиғини ўйлаган ҳолда бир йилга қатнашмайдиган бўлдик.

- Кўпчилик ушбу спорт турини қиммат деб ҳисоблайди, яъни бу спорт турига хайрихоҳ эмас. Сиз спортчи ва эгаллаб турган лавозимингиздан келиб чиқиб нима деган бўлардингиз?

- Фақат биз эмас, Осиёнинг бошқа давлатлари, хусусан араб мамлакатлари ҳам иссиқ ўлкалар ҳисобланади. Лекин уларда ҳам бу спорт турига катта эътибор берилмоқда. Ҳаммаси маҳаллий кадрлар билан иш юритишади. Шароит ва муҳит яхши бўлса, бизнинг спортчилар ҳам юқори натижаларга эриша олишади.

- Умуман Ўзбекистонда ушбу спорт тури ривожланган, зал томошабинлар билан тўлган тақдирда бу харажатларнинг неча фоизини қоплай олади?

- Томошабинлар билан тўла ўтган ўйинлар ўзини қоплай олади. Бу ҳам катта натижа. Бошқа спорт турлари каби бизнинг ҳам ниятимиз ёшларни жалб қилиш ва эртанги келажаги учун курашишни ўргатиш.

Жамолиддин Бобожонов суҳбатлашди.

Top