20:19 / 03.08.2020
7096

COVID-19 юқтирган оналар болаларини эмизишни тўхтатиб қўймаслиги керак — ЖССТ раҳбари

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус коронавирус юқтириб олган оналарга чақалоғини эмизишда давом этишни тавсия қилди.

Фото: Globallookpress

«Сабаби – она сутининг фойдаси инфекция хавфидан кўра муҳимроқ», – дея изоҳ берди Гебрейесус 3 август кунги брифингда.

Қайд этиш жоиз, COVID-19 болаларда катталарга қараганда енгилроқ кечиши кузатилмоқда. Бунинг сабаби ҳозирча номаълум. Айрим тахминларга кўра, бу бола иммунитетининг вирусга жавоби меъёрида бўлиши билан изоҳланиши мумкин. Катталарда эса иммунитет олдин учрамаган вирусга қарши ҳаддан ортиқ кучли реакция ҳосил қилиши, бу эса бемор ҳолатининг ёмонлашишига олиб келаётгани айтилмоқда.

3 августдаги брифингда коронавирус вакцинасига кучли умид боғлаш керак эмаcлиги ҳақида ҳам сўз борди. ЖССТга кўра, вакцина вазиятни яхшилаш учун ягона ва тезкор чора эмас, нормал ҳаётга қайтиш учун эса ҳали анча вақт бор.

ЖССТ раҳбари Тедрос Аданом Гебрейесус ва ташкилотнинг фавқулодда вазиятлар дастури ижрочи директори Майк Райан барча халқлар саломатлик талабларига қатъий амал қилишлари лозимлиги, жумладан, ҳамма учун тиббий ниқобда бўлиш, ижтимоий масофа сақлаш, қўлни тез-тез ювиш ва тест топшириш қоидалари доим биринчи ўринда туриши кераклигини таъкидлади.

«Ҳукуматлар ва одамларга айтишимиз мумкин бўлган нарса: «Ҳаммасини тўлиқ бажаринг», дейишдан иборат. Тиббий ниқоб дунё давлатлари учун мажбурий бўлиб қолиши керак», – деди Гебрейесус брифингда.

Унинг таъкидлашича, ҳозир бир пайтнинг ўзида қатор вакциналар 3-босқичда клиник синовлардан ўтказилмоқда. Улар орасидан самарали вакциналар чиқишига умид қилинмоқда. Бироқ ҳозирча вакцина ҳам, вазиятни яхшилайдиган чора ҳам йўқ.

Майк Райаннинг сўзларига кўра, вирус тарқалиши хавфи юқори бўлиб турган Бразилия ва Ҳиндистон каби давлатлар кучли тарзда курашга тайёр бўлиши керак.

«Барчаси тугашига ҳали анча бор, бунинг учун қатъият талаб этилади», – деди Райан.

Мавзу
COVID-19: Фойдали маълумотлар
COVID-19 профилактикаси, симптомлари, даво чоралари ва мутахассислар тавсиялари
Барчаси
Top