11:25 / 06.08.2020
68457

Бунақаси аввал ҳам бўлган. Тарихда энг кўп ўлимга сабаб бўлган селитра билан боғлиқ портлашлар

4 август куни Ливан пойтахти Байрутда юз берган портлашда аммиак селитраси 100дан ортиқ инсоннинг ўлимига сабаб бўлди. Қишлоқ хўжалигида ўғитлаш учун ишлатиладиган ушбу кимёвий модда жуда кучли портловчи таъсирга эга. Шунинг учун уни сақлаш ва ишлатишда жуда эҳтиёт бўлиш талаб этилади. Бензин ёки керосин билан даҳшатли портловчи моддага айланувчи аммиак селитраси авваллари ҳам улкан портлашларга сабаб бўлган.

Фото: Germania.one

Оппау шаҳри кимёвий заводидаги портлаш

1921 йил 21 сентябрда Бавариянинг Оппау шаҳри яқинидаги BASF кимёвий заводида жиддий техноген офат юз берган. Ушбу ҳодиса портловчи моддалар ва заҳарли газ фосген компонентлари ишлаб чиқарилган жой – анилин бўёқлари ва ўғитлар заводида рўй берган.

Ҳалокатдан бир неча ой олдин ҳам корхонада жиддий авария юз берганди. Ўшанда азот ва водород аралашган контейнер портлаши натижасида юз киши ҳалок бўлганди.

Фожиа аммиакли сулфат ва нитрат захираларини майдалаш учун портловчи моддалар ишлатилиши натижасида содир бўлган. Ушбу моддалар қишлоқ хўжалиги ўғитлари савдо мавсумининг авжини кутиш даврида жамғариб қўйилган бўлган. Бунга қадар узоқ вақт давомида бу мақсадлар учун портлашга олиб келмайдиган қора кукунли картон найчалар ишлатилган.

Ўшанда 12 минг тонна сулфат ва аммиакли селитранинг аралашмаси портлаган, портлаш энергияси 4-5 килолит ТНТ эквивалентига тенг деб баҳоланган. Портлаш нуқтаси яқинидаги Франкентҳал ва Эдигҳайм қишлоқлари вайрон бўлган. Шунингдек, Оппау шаҳридаги мингта бинонинг 800таси вайрон бўлган, 7 минг 500 киши бошпанасиз қолган.

Портлаш шу даражада кучли бўлганки, яқин станцияларда турган поездлар 70 км радиусда силжиб кетган. Людвигшафен ва Маннҳайм шаҳарларидаги барча биноларнинг деразалари парча-парча бўлган, портлаш овози ҳатто 300 км узоқликда жойлашган Мюнхенда ҳам садо берган.

90х125 м ўлчамдаги ва 20 м чуқурликдаги кратер қолдирган портлашдан бир неча кун ўтгач, кучли ёнғин бошланган. Жами бўлиб 561 киши офат қурбонига айланган, бир ярим мингдан ортиқ одам жароҳатланган.

Портлашнинг мисли кўрилмаган кучи ўнлаб йиллар ўтгач, «Германиянинг ёрқин ақллари» томонидан ишлаб чиқилган ядровий заряд Оппау шаҳрида портлаган, деган миш-мишларга сабаб бўлган. Оппау шаҳридаги фалокат А. Н.Толстойнинг «Муҳандис Гариннинг гиперболоиди» романида ҳам тасвирланган.

Бельгияда содир бўлган портлаш

Beeld RV

Яна бир портлаш 78 йил олдин Бельгиянинг Тессендерло шаҳрида содир бўлган. 1942 йил 29 апрелда рўй берган ушбу портлашда 189 киши ҳалок бўлган ва юзлаб одам жароҳатланган.

Кундузи соат 11:20да содир бўлган мазкур портлаш натижасида завод яқинидаги мактабларда дарсда ўтирган кўп сонли ўқувчилар вафот этган.

Гувоҳларнинг сўзларига кўра, Тессендерлода ҳар бир уйдан камида биттадан одам ҳалок бўлган. Портлаш натижасида вафот этган 189 кишининг барчаси биргаликда умумий қабрга кўмилган. Кейинчалик оилалар жасадларни оммавий қабрдан чиқариб, алоҳида мозорларга дафн қилишган.

Портлашдан кейин шаҳарчада диаметри 70 метр ва чуқурлиги 23 метр бўлган кратер пайдо бўлган, кўплаб одамлар ё қўли, ё оёғидан айрилган.

HLN газетасига интервью берган гувоҳларнинг сўзларига кўра, қўллари ва оёқлари бўлмаган деҳқонлар ўша пайтда кўча саҳнасининг доимий қисмига айланган. Шаҳарча осмонини эса юз метрлаб баландликдаги жигарранг тутун булути қоплаб олганди.

Produits Chimiques de Tessenderloo номли кимёвий фабрика ишчилари 200 тонна аммиакли селитрани динамит билан кесишга тайёргарлик кўришаётган пайтда юз берган портлашни аввалига ўша пайт давом этаётган урушда ташланган бомбалардан бири, деб ўйлашган.

Тессендерло шаҳрини бутунлай вайрон қилган бу портлаш дастлаб нацистлар билан ҳамкорлик қилганларнинг иши экани ҳақида иддаолар илгари сурилган, аммо кейинчалик у инсон хатоси туфайли юзага келгани маълум бўлди.

Ўша пайтдаги фабрика менежери Нестор Севрин бу ҳолни ҳаддан ташқари юрагига оғир олиб, хасталаниб ётиб қолган ва 1943 йилда вафот этган.

АҚШда 600 киши вафот этган

Beeld Texascity-library

Аммиакли селитранинг портлаши туфайли юзага келган энг катта йўқотиш АҚШнинг Техас штатида юз берган.

1947 йил 16-17 апрель кунларида Техас-Сити портида содир бўлган йирик ёнғин пайтида иккита кемадаги аммиакли селитранинг портлаши натижасида 600 киши ҳалок бўлган.

АҚШдаги 11 сентябрь воқеаларидан ҳеч қанча вақт ўтиб улгурмай, 2001 йил 21 сентябрь куни Франциянинг Тулуза шаҳридаги АZF кимёвий заводида содир бўлган аммиакли селитра портлаши натижасида 31 киши ҳалок бўлган.

Портлашда жами 8 минг киши яраланган, улардан 2 минг 500 нафари оғир жароҳат олган. Аввалига «террорчилик хуружи» деб тахмин қилинган ушбу воқеа 500 килограмм аммиакли селитранинг хлорланган маҳсулот билан реакцияга киришиши натижасида юз берган.

2013 йил 17 апрель куни АҚШнинг Техас штатидаги ўғит заводида содир бўлган портлаш 12 кишининг ўлимига ва камида 200 кишининг жароҳатланишига сабаб бўлган. Мутахассисларнинг фикрига кўра, ёнғиннинг аммиак селитраси билан алоқаси ушбу портлашни юзага келтирган.

2015 йилда Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида жойлашган омборда юз берган портлаш натижасида эса 173 киши вафот этган.

2003 йилда Истанбулдаги ҳужумларда ҳам аммиак селитрасидан фойдаланилган

Аммиакли селитра 2003 йил 15 ноябрда Истанбулнинг Шишли шаҳридаги Бет-Исроил ва Бейўғли шаҳридаги Неве Шалом синагоглари билан 2003 йил 20 ноябрда HSBC банки (Hong Kong and Shanghai Banking Corporation)га қилинган ҳужумларда ҳам ишлатилган. Тўрт фарқли жойда аммиакли селитралар билан тўлдирилган юк машиналарининг портлаши натижасида 59 киши вафот этган, 400 киши эса жароҳат олган.

Мавзу
Байрутдаги портлаш
4 август куни Ливан пойтахти Байрутда вайронкор портлаш рўй берди.
Барчаси
Top