20:36 / 07.08.2020
8674

«Танқидлар бўлмаса, яхши ишламаган бўлардик» – Сенат раиси журналистларга миннатдорчилик билдирди

Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева оммавий ахборот воситалари ходимларига миннатдорлик билдирди.

«Оммавий ахборот воситаларига яна бир марта миннатдорлик билдирмоқчиман. Чунки бор оғриқли нуқталаримизни улар кўрсатишяпти.

Бугун ҳам Яккабоғ ва Ангренда ички ишлар ходимлари одамларга яхши муносабатда бўлмагани ҳақида ижтимоий тармоқларда маълумот чиқиб, реакция билдирилди.

Оммавий ахборот воситалари ва блогерлар кундалик маълумотни етказиб турибди. Шу танқидлар бўлмаса, биз яхши ишламаган бўлардик. Мана шу танқидлар бор экан, ишимизда сал-пал силжиш бўляпти. Улардан хафа бўлмасдан, танқидларини тўғри қабул қилиб, улар билан ҳамкорлик қилишни, тизимли ишлашни депутатлар ва сенаторлардан илтимос қиламан», деди Танзила Норбоева.

Парламент юқори палатаси томонидан олтинчи ялпи мажлисда кўрилган барча масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.

Ялпи мажлисда 16та масала, шу жумладан, 8та қонун кўриб чиқилди. Муҳокама қилинган қонунларнинг биттасини рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.

Шу билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг олтинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

Top