11:24 / 08.08.2020
9537

Андижонда вояга етмаган шахс Spark’ни олиб қочиб, юк машинасига бориб урилди

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Фото: Тергов департаменти

2020 йилнинг 3 август кунига ўтар кечаси соат 03:30ларда, вояга етмаган 17 ёшли И.Ў. Андижон шаҳри, Фурқат кўчасида жойлашган автомашиналарни ювиш шохобчасида оғзаки келишув асосида ёлланма ишчи сифатида ишлаб келгани ҳолда, мазкур шохобча раҳбари бўлган фуқаро С.Б.га тегишли оқ рангли Spark русумли автомашинани қулфланмаган ва калитини ўт олдиргичда қолдирганлигидан фойдаланиб, мазкур автомашинани олиб қочган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти  хабарига кўра, И.Ў. шу куни соат 13:30ларда, Андижон тумани, Келажак авлод кўчасида бошқариб кетаётиб, юк машинасининг орқасига бориб урилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан вояга етмаган 17 ёшли И.Ў.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 267-моддаси 1-қисми (транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов жараёнида вояга етмаган И.Ў. процессуал тартибда ушланган ва гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган.

Top