22:39 / 08.08.2020
11471

Бош прокуратура Андижон ва Сариосиёда салкам 600 млн сўм миқдоридаги бюджет маблағлари талон-торож қилинганини маълум қилди

Аниқланишича Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси мансабдор шахслари томонидан 239,1 млн, Сариосиё тумани ХТБ ҳисобчиси томонидан 355,3 млн, умумий ҳисобда 594,4 млн сўмлик бюджет маблағлари талон-торож қилинган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг Kun.uz’га Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Андижон вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда 239,1 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланганини маълум қилди.

Қайд этилишича, ушбу пуллар Андижон вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси мансабдор шахслари томонидан ҳақиқатда ишламаган ходимларга ойлик маоши тўлаш ҳамда асоссиз мукофот пуллари ва қўшимча устамалар тўлаб бериш орқали ўзлаштирилган.

«Мазкур ҳолат юзасидан бошқарма мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дейилади расмий маълумотда.

Бош прокурорнинг матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддиновнинг билдиришича, Сариосиё тумани ХТБ ҳисобчиси 4 йил давомида ишламаган ўқитувчиларга иш ҳақи ёзиш орқали 355,3 млн сўмлик бюджет маблағларини ўзлаштирган.

«Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаментининг Сариосиё туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда туман ХТБ ҳисобчиси Х.К. тумандаги 27-сонли мактабда муқаддам ишлаб кетган фуқаро М.Қ., Н.Т., О.Э.лар ва ҳақиқатда ишламаган Ш.Қ.нинг номларига банк пластик картасини расмийлаштириб олиб, 2016-2020 йиллар давомида жами 355,3 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Х.К.га нисбатан Жиноят кодексининг

167-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда», дея Ҳаёт Шамсуддиновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Top