08:29 / 08.08.2020
37768

Дунёнинг фармацевтик гигант компаниялари еттилиги

Пандемия даврида «кетмони учган» соҳа вакиллари – шубҳасиз, дори-дармон, санитария буюмлари ва тиббий ускуналар ишлаб чиқарувчилар бўлди. Аммо зўрларнинг ҳам зўрлари бўлади. Эътиборингизга жаҳоннинг энг улкан фармацевтик компаниялар еттилигини ҳавола қиламиз*.

Фото: РИА Новости

7. Sanofi, Франция

Штаб квартираси Париж шаҳрида жойлашган бу компания жаҳон гигантларидан бири ҳисобланади. Ранг-баранг дори воситалари билан дунёнинг барча давлатларига, жумладан Ўзбекистонга ҳам кириб борган.

Шу кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирусга қарши курашда тавсия этилаётган «Плаквенил» препарати ҳам шу компания маҳсулоти.

6. GlaxoSmithKline, Буюк Британия

1715 йилда Лондонда битта дорихона очилиши кейинчалик гигант компания яралишига тамал тоши бўлиб хизмат қилган. 2000 йилда эса Glaxo Wellcome ва SmithKline Beecham компаниялари қўшилувидан бутун дунёга машҳур GlaxoSmithKline фармацевтик компанияси пайдо бўлди.

Тиббий дорилардан ташқари микробиология бўйича тадқиқотлар, тана парвариши воситалари ишлаб чиқариш билан ҳам шуғулланади. Онкологик касалликларга қарши препаратлар бўйича етакчилардан бири.

5. Bayer, Германия

1863 йилда ташкил этилган бу компания бир вақтлар, ҳали тақиқ ўрнатилмаган даврда героин моддасини дори сифатида ишлаб чиқариб сотгани билан тарихда қолган. Бундан ташқари, компания аспирин ишлаб чиқаргани билан ҳам машҳур бўлган.

Штаб квартираси Германиянинг Леверкузен шаҳрида жойлашган бу компания ҳам дунёнинг деярли барча давлатларида фаолият олиб боради.

4. Novartis, Швейцария

Номланиши лотинчасига Novae Artis — «янги ютуқлар» сўзларидан келиб чиққан бу транснационал фармацевтик корпорациянинг бозордаги савдо ҳажми жуда улкан. Компания дунёнинг 150га яқин давлатида бевосита ваколатхоналарга эга, штаб-квартираси эса Швейцариянинг Базель шаҳрида жойлашган.

Даромадининг катта қисмини тадқиқотларга сарфлаши билан ном қозонган.

3. Pfizer, АҚШ

Бу компания янада кўҳнароқ – унга 1849 йилда асос солинган. Кўпчилик номини яхши биладиган ва дуч келган «Дифлюкан», «Зитромакс», «Виагра», «Лирика», «Целебрекс», «Сермион» каби дорилар айнан шу компанияга тегишли.

Қондаги холестерин миқдорини камайтирувчи биргина препаратини 15 йил (1997-2012) давомида 125 млрд долларга сота олгани билан ҳам машҳур бўлган. Штаб квартираси Нью-Йоркда, асосий тадқиқот маркази Коннектикут штатида жойлашган.

2. Roche, Швейцария

Hoffmann-La-Roche гуруҳига мансуб бу ҳолдингга Швейцарияда асос солинган. Аммо бу тузилмага АҚШ, Япония ва Европанинг қатор давлатлари компаниялари ҳам киради.

Roche нафақат дори воситалари, балки тиббий диагностика соҳасида ҳам етакчилардан бири ҳисобланади. Бу компания маҳсулотлари кириб бормаган ва бозорда мустаҳкам ўрин тутмаган бирор давлат йўқ.

1890 йилда асос солинган бу компания дунёнинг 150дан ортиқ давлатида 90 мингдан ортиқ ходимга эга.

1. Johnson & Johnson, АҚШ

Кўҳна тарихга эга бу компания 1887 йилда АҚШда ака-ука Жонсонлар томонидан ташкил этилган. Дунё бўйлаб 250дан ортиқ шўъба корхоналарига эга бу ҳолдинг дори воситалари, санитар-гигиеник маҳсулотлар ва тиббий ускуналар ишлаб чиқаради.

Акциялар савдосига кўра Dow Jones Global Titans 50 рўйхатига киритилган. Тадқиқотларга ўнлаб миллиард доллар сарфлайди.

Маълумотларга кўра, 2020 йилнинг илк чорагидаёқ фармацевтик гигантлар савдо ҳажми 25-30 фоиз атрофида ошган.

* Бу рўйхат фақатгина компаниялар акцияларига кўра бозор қийматига қараб эмас, уларнинг сўнгги йиллардаги савдо ҳажми, даромад, тиббиётга таъсири, тадқиқотлари каби қатор кўрсаткичларга кўра тузилган. Мақолани тайёрлашда бир неча манбалардан фойдаланилган.

Top