08:43 / 11.08.2020
2813

Ўзбекистон МДҲ Тармоқ университетининг таъсис этилиши ва фаолияти тўғрисидаги битимни тасдиқлайди

Ўзбекистон яна бир халқаро шартномани тасдиқлаши кутиляпти.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Халқаро шартномани тасдиқлаш тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

2020 йил 29 май куни Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Ҳукумат раҳбарлари кенгаши йиғилишида имзоланган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Тармоқ университетининг таъсис этилиши ва фаолияти тўғрисидаги битим тасдиқланади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги юқорида кўрсатилган халқаро шартномани амалга ошириш юзасидан масъул ваколатли орган этиб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги юқорида кўрсатилган халқаро шартнома кучга кириши учун Ўзбекистон Республикаси томонидан зарур бўлган давлат ички тартиб-таомиллари бажарилганлиги ҳамда уни амалга ошириш учун масъул бўлган ваколатли орган ҳақидаги тегишли билдиришномани депозитарийга юборади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда тегишли вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ушбу  халқаро шартнома кучга кирганидан кейин унинг қоидалари бажарилиши устидан ўрнатилган тартибда назоратни таъминлайди.

Top