08:36 / 14.08.2020
6045

ЖССТда коронавирусга қарши дори ва вакциналар учун камида 100 миллиард доллар кераклиги айтилди 

Коронавирусга қарши воситалар, асосан вакцина ишлаб чиқилишига камида 100 млрд доллар инвестиция талаб этилади. Бу ҳақда ЖССТ раҳбари Тедрос Адханом Гебрейесус брифингда айтиб ўтди. Унинг таъкидлашича, пандемияга қарши курашда муваффақиятга эришиш имкониятларини ошириш учун кўп миқдорда турли вакциналар керак бўлади.

“Вакциналар ишлаб чиқилиши узоқ давом этадиган, мураккаб, хатарли ва қиммат жараёндир. Айни вақтда аксарият вакциналар ишлаб чиқилишининг эрта босқичида ҳисобланади. Дунё ечимга эришишда максимал имкониятга эга бўлиш учун турли турдаги кўплаб номзод вакциналарга муҳтож”, деб айтган ЖССТ раҳбари.  

Гебрейесуснинг таъкидлашича, бу вакциналар яратилганда, унга талаб таклифдан кўпроқни ташкил қилиши муқаррар. Вакцина етказишдаги ким ўзарлик эса ўз ортидан нархларнинг кучли ошишига олиб келиши билан хавф солади. Шу сабабли ЖССТ раҳбари дунё ҳамжамиятини сайёрамиз аҳолисини вакциналар билан таъминлашда бирдамликка чақирди. 

Гебрейесуснинг таъкидлашича, Халқаро валюта жамғармасининг баҳолашича, пандемия глобал иқтисодиётга ҳар ой 375 млрд долларга тушмоқда, икки йил давомида глобал иқтисодиётнинг умумий йўқотишлари эса 12 трлн доллардан ошади. Унинг айтишича, “Катта йигирматалик” давлатлари пандемия оқибатларини енгиб ўтиш учун “10 трлн доллар сафарбар қилган”. Шу тариқа, дунё пандемиянинг қисқа муддатли оқибатларига қарши курашга триллионлаб доллар сарфлаб бўлди. Гебрейесуснинг таъкидлашича, бу глобал молиявий инқирозни енгиб ўтиш учун талаб қилинган харажатлардан 3,5 мартадан кўпроқни ташкил қилади. 

“Коронавируснинг кейинги тўлқини оқибатларига яна 10 трлн доллар сарфлашдан олдин дунё янги воситалар, айниқса янги вакциналарга 100 млрд доллар сарфлаши зарур”, деб таъкидлаб ўтган ЖССТ раҳбари. 

ЖССТ бош директорининг катта маслаҳатчиси Брюс Эйлворд брифингда ташкилотда Россияда коронавирусга қарши ишлаб чиқилган вакцинани катта кўламда қўллашга тавсия қилиш учун у ҳақида етарлича маълумот йўқлигини айтган. “Биз бу маҳсулотнинг мақомини аниқлаш ва у ўтган клиник синовлар ҳақида қўшимча маълумот олиш учун Россия билан муҳокамалар ўтказмоқдамиз”, деб маълум қилган Эйлворд.

Мавзу
Коронавирус
2019 йилнинг декабрь ойи охирида Хитойнинг Ухань шаҳрида номаълум вирус тарқала бошлади. Бу вирус ҳаво орқали одамдан одамга юқади ва ўлимга олиб келади.
Барчаси
Top