16:45 / 17.08.2020
26755

Табиий газ қазиб олиш жараёнини кўрганмисиз? — Бухородаги нефть-газ конига саёҳат

Табиий газ. Кундалик ҳаётимизнинг бир бўлагига айланиб улгурган ушбу минерал ресурс қандай қазиб олиниши ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз?

Энг қизиғи, ер қаридан қазиб олинадиган ушбу неъматнинг қандай вужудга келгани тўғрисида дунё олимлари ҳалигача баҳслашади. Биоген назарияга кўра, табиий газ палеозой даврининг сўнгида нобуд бўлган ўсимлик ва ҳайвон организмларидан, бактериялар, юқори босим ва ҳарорат таъсирида ҳосил бўлган.

Ҳозирги кунда табиий газни қазиб олиш учун аввал геологик қидириш ишлари олиб борилади. Фойдали қазилмалар топилган жойга махсус мосламалар ўрнатилади ва бурғулаш ишлари бошланади.

Одатда табиий газ ер тубидан, яъни 1000 метрдан бир неча километргача бўлган чуқурликдан қазиб олинади. Аммо қазиб олинган газни истеъмолчига етказишдан аввал, уни механик аралашмалардан тозалаб, чуқур қайта ишланади. Бундан ташқари, табиий газ ҳидсиз ва рангсиз бўлгани сабабли, газ сизиб чиқиш ҳолатларини ўз вақтида пайқаш учун газ тақсимлаш станцияларида унга ўзига хос ҳид берилади.

Биз саноат миқёсида табиий газ ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш мақсадида Бухоро вилояти Қоровулбозор туманида жойлашган, Муборак нефть-газ қазиб чиқариш бошқармасига қарашли «Жанубий Кемачи» конида бўлиб қайтдик.

Чўл ҳудудида жойлашган ушбу коннинг очилишига, 1979 йилда геофизик қидирув ишлари натижасида аниқланган газ захираси сабаб бўлган. Коннинг газни комплекс тайёрлаш қурилмаси ҳамда нефть тайёрлаш қурилмаси 2004 йилда ишга туширилган.

Коннинг техник ишчи-ходимлари 15 кунлик вахта усулида иш олиб боради. Улар вахта давомида кон ҳудудида, қурилмадан 3 км масофада жойлашган ишчилар шаҳарчасида истиқомат қилиб, иш фаолиятини олиб боришади. Ҳар бир вахтада 12 соатдан 2та смена мавжуд. 15 кундан сўнг янги смена автобусларда ишга келади.

Бошқарма қазиб чиқариш конлари чўл ҳудудида ва тарқоқ жойлашгани ҳамда туман ва шаҳар марказидан узоқ масофадалиги сабабли, хизмат қилаётган ишчи-ходимларнинг иш жараёнида соғлигини назорат қилиш, биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида конларда тиббий пункт ташкил қилинган. Шифокор, фелдьшер ва тез ёрдам автомашинаси хизмат курсатмоқда.

Қурилмага киришдан аввал ишчилар тиббий назоратдан ўтказилади, тана ҳарорати ўлчанади ва қўллар дезинфекция қилинади. Ходимлар ишга киришишидан олдин хизмат раҳбарлардан йўриқнома олишади, шундан кейингина смена алмашинилади. Биз нефть ва газ қудуқ кузатувчилари ва усталарининг смена алмашишини кузатдик.

Суратдаги конструкция – фонтан арматура. Қудуқ газ қазиб олишга тайёр бўлганда, бурғулаш мосламаси олиниб, унинг ўрнига фонтан арматура ўрнатилади. Клапанлардан иборат бу конструкция орқали газ олиниб, газни комплекс тайёрлаш қурилмасига юборилади.

Битта қурилмага битта қудуқдан эмас, балки ўнлаб қудуқлардан газ келади.

Мутахассисларга кўра, баъзида қудуқлардан газ олиш унуми турли омиллар сабаб тушиб кетади, шунда махсус бригада қудуқларда капитал таъмирлаш ишларини олиб боради ва қудуқ фаолияти тикланади.

«Жанубий Кемачи» конининг газ қурилмасида 5 дона технологик тармоқ мавжуд бўлиб, газ тайёрлаш бўйича йиллик қуввати 5 млрд/м кубни ташкил этади. Қурилма қудуқлардан келадиган газни суюқ углеводород ва механик аралашмалардан тозалаб, Муборак газни қайта ишлаш заводига чуқур қайта ишлаш учун қувурлар орқали транспортировка қилади.

Муборак заводида газ чуқур қайта ишланиб, газ тақсимлаш станцияларига юборилади ва у ердан истеъмолчиларга етказилади.

Бундан ташқари, газ таркибидан ажратиб олинган суюқ углеводородлар кондаги нефть тайёрлаш қурилмасида бирламчи тозаланиб, Бухоро нефтьни қайта ишлаш заводига транспортировка қилинади. Суюқ углеводородлар тайёрлаш қурилмасининг йиллик қуввати эса 650 минг тоннани ташкил этади.

Бизга берилган маълумотларга кўра, «Углеводородлар қазиб чиқаришни кўпайтириш дастури» доирасида ва «Ўзбекнефтгаз» АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг топшириғига асосан, ҳисобот даврида 47 та янги қудуқ бурғуланиб, 294 та қудуқ мукаммал ва жорий таъмирланган, 20 та технологик объектда модернизация, реконструкция ишлари олиб борилган, табиий газ ва газ конденсати олишга эришилган.

Пандемия муносабати билан конлар ва қудуқларда ишчи-ходимларнинг вахта режимида ишлаши ташкил қилиниб, уларга қулай шароитлар яратиб берилган.

Биргина биз гувоҳи бўлган «Жанубий Кемачи» конида ҳам ишчи-ходимлар улар учун зарур шароитлар қилингани, қилаётган ишларидан мамнун, касбларидан фахрланишларини айтиб ўтишди.

Шу билан бирга, ёз жазирамасида, қишда эса қаттиқ совуқ чўлнинг ўртасида меҳнат қилишнинг тасаввур қилиб бўлмас қийинчиликлари борлигига ҳам амин бўлдик.

Биз учун кундалик ҳаётимизда одатий ресурсга айланган табиий газ ортида қанча машаққат борлиги, уни қазиб олиш ва қайта ишлаш учун соҳа ходимларининг оғир меҳнати талаб этилишининг гувоҳи бўлдик.

Жамият Бошқарув раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги «Ишчи гуруҳ» карантин даврида конлар ва қудуқлар фаолиятини ўрганиш мақсадида доимий равишда жойларда бўлиб, ишчилар билан шахсан суҳбатлашиб, уларга яратилган яшаш ва ишлаш шароитлари билан танишган.

«Яхши ишлаган, ўзини кўрсатган ходимларимиз мукофотланмоқда. Муаммо туғилса, раҳбаримиз томонидан тезкорлик билан ҳал этилмоқда. Шу сабаб аввалги йиллардагига нисбатан табиий газ ишлаб чиқариш ҳажми анча ошди», – дейди биз билан суҳбатда бўлган ишчи-ходимлар.

Расмий маълумотларга кўра, 2020 йил охиригача компания олдида катта вазифалар турибди: 34,6 млрд куб метр табиий газ, 1,6 млн тонна суюқ углеводородлар қазиб чиқариш, 20 млрд метр куб табиий газ захираларини ўстириш, 704,5 минг тонна автобензин, 790,3 минг тонна дизель ёнилғиси, 687,9 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш, 1,4 млрд доллар инвестиция ўзлаштириш белгиланган.

Биз бу машаққатли йўлда 50 мингга яқин (48 минг 518 нафар) минг кишидан иборат «Ўзбекнефтгаз» жамоасига омад тилаб қоламиз.

Нефть-газ конига саёҳатимиз давом этади. Навбатдаги лавҳамизда ишчи-ходимнинг бир кун давомида табиий газ қазиб чиқаришдаги машаққатли меҳнати ҳақида ҳикоя қиламиз.

Жамшидхон Зиёхонов.
Тасвирчи – Отахон Юсупов.

Top