16:20 / 21.08.2020
26746

Афғонистонда темирйўлчиларга ҳужум оқибатида бир ўзбекистонлик жароҳатлангани маълум бўлди

20 август куни Мозори-Шариф шаҳри яқинидаги темир йўл қўриқчиларига ҳужум уюштирилиши оқибатида Ўзбекистоннинг бир фуқароси жароҳатланган.

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ матбуот хизмати Афғонистоннинг Балх вилоятида «Сўғдиёна транс» корхонаси вакилларига уюштирилган қуролли ҳужум бўйича қўшимча тафсилотларни маълум қилди. Қайд этилишича, ушбу ҳодиса оқибатида Ўзбекистон фуқаролари ҳалок бўлмаган.

«Корхона ишчи-ходимларини иш жойига олиб кетиш учун келган корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари, ҳайдовчи ва Афғонистон Ички ишлар вазирлигининг темир йўлни қўриқлаш батальони аскари Ҳайратон ишчилар яшаш базасидан чиқишган.

Шундан сўнг темир йўлнинг тахминан 43-километри яқинида уларга номаълум шахслар томонидан қуролли ҳужум уюштирилган.

Ҳужум натижасида корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари жароҳат олган, икки нафар Афғонистон фуқароси (Ички ишлар вазирлигининг темир йўлни қўриқлаш батальони аскари ва бир нафар ҳужум қилган номаълум шахс) ҳалок бўлган», дейилади хабарда.

Ҳужум вақтида жароҳат олган корхона координация бўлими бошлиғи ўринбосари корхонага тегишли автомашинада Термиз шаҳридаги касалхонага етказилган.

21 август соат 7:00дан Ҳайратон станцияси ўз ишини давом эттириш учун очилди. Мозори-Шариф ва Наибобод станцияларида очилиши бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Бундан аввалроқ Ўзбекистон ТИВ раҳбари Абдулазиз Комилов Афғонистон ТИВ раҳбари Ҳаниф Атмар билан телефон орқали мулоқоти вақтида ушбу ҳодисани муҳокама қилгани, Ўзбекистон томони Афғонистонда фаолият юритаётган Ўзбекистон компаниялари ва корхоналари ходимлари учун хавфсизлик чоралари кучайтирилишини сўрагани хабар қилинганди.

Top