20:47 / 25.08.2020
4556

2017-2019 йилларда кино соҳасида 17 миллиард сўмлик маблағлар нотўғри сарфланган

“Ўзбеккино” бу йил киносаноатга умумий ҳисобда 6 млн АҚШ доллари ва 100 млрд сўм атрофида молиявий маблағ жалб қилишни режалаштирган.

Молия вазирлиги ҳузуридаги Назорат тафтиш бош бошқармаси текширувига кўра кино соҳасида 17 миллиард сўмлик бюджет маблағлари нотўғри сарфланган. Ҳозирда ишни Бош прокуратура ўрганмоқда. Бу ҳақда “Ўзбеккино” МА баёнотида айтилмоқда.

“Ўзбеккино” МА ажратилаётган маблағларнинг юқори бюджетли мураккаб кинофильмларни яратиш учун бир доирадаги компаниялар ва режиссёрлар ўртасида тақсимланиши каби узоқ йиллар давом этган зарарли амалиётга қарши. Бундай ёндашув киноижодкорлар ўртасидаги соғлом рақобатга ҳалокатли таъсир кўрсатди. Шу муносабат билан эндиликда аксарият кинолойиҳаларнинг сценарий буюртмалари ижодий рақобат асосида танлаб олинади", - дейилади агентлик баёнотида.

Шунингдек, баёнотда сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда тарқалган мунозарали мавзуларга муносабат билдирилган. Хусусан ижодкорлар ўртасидаги айрим норозилик ва келишмовчиликлар "Янгича ва эскича ёндашувлар ўртасидаги кураш" дея аталган.

Қайд этилишича, “Ўзбеккино” МА бу йил киносаноатга умумий ҳисобда 6 млн АҚШ доллари ва 100 млрд сўм атрофида молиявий маблағ жалб қилишни режалаштирган.

Top