14:19 / 02.09.2020
52487

Манзура Юнусова Андижон вилояти ҳокими ўринбосари лавозимини тарк этди

Манзурахон Юнусова узоқ йиллар давомида Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган.

Фото: Андижон вилояти ҳокимлиги

Андижон вилояти ҳокимининг ўринбосари Манзурахон Юнусова ўз аризасига биноан вазифасидан озод этилган. Бу ҳақда Андижон вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати маълум қилди.

«Давлатимиз томонидан таълим йўналишига берилаётган эътиборни инобатга олиб сиёсий фанлар номзоди М.П.Юнусова кейинги фаолиятини таълим тизимида олиб боради», дейилади вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Манзурахон Юнусова 2012 йилдан буён вилоят ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлаб келган бўлиб, шу йилнинг февраль ойида вилоят ҳокимининг ўринбосари, маҳалла ва оила масалалари бошқармаси бошлиғи вазифасига тайинланган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон Kun.uz телеграм-каналида “Андижон вилоят ҳокимининг ўринбосари Манзурахон Юнусова ишдан кетдими?” сарлавҳаси остида хабар берилганди.

Top